“Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” Республика танловида вилоятимиз ёшлари энг кўп медални қўлга киритди

Юртимизда илк бор “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касбий маҳорат миллий танлови бўлиб ўтди.

Танлов давомида 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган техникум ўқувчилари, олийгоҳ талабалари ҳамда маҳалла ёшлари ўз маҳоратларини синовдан ўтказди.
Номзодлар дастлаб “маҳалла еттилиги” томонидан саралашдан ўтказилди. Танловнинг туман ва шаҳар босқичида 124 мингдан зиёд ёшлар иштирок этди.
Баҳолаш натижаларига кўра, энг юқори кўрсаткичга эга бўлган 610 нафар иқтидорли ёш танловнинг республика босқичида қатнашиш имконини қўлга киритди.
«Янги Ўзбекистон бунёдкорлари» танловида 10 та йўналиш бўйича 120 нафар ғолиб ва совриндор аниқланди. Уларнинг ичида вилоятимиздан 25 нафар ёшлар медаль билан тақдирланди.  
- Ушбу танлов республикамизда илк бор ўтказилди, - дейди Самарқанд шаҳар Касбий кўникмалар маркази ишлаб чиқариш таълим устаси Дилдор Сафарова. - Танловда ўқувчимиз Шаҳноза Қиличбоева мода технологиялари йўналишида иштирок этиб, олтин медални қўлга киритди.
Олтин медаль олган ғолиблар Шанхайда бўлиб ўтадиган “WorldSkills International” халқаро касбий маҳорат мусобақасида иштирок этади.
Танлов 10 та касб йўналиши бўйича ўтказилди ва тақдирлаш маросимида ҳар бир касбдан 12 нафардан жами 120 нафар ғолиб ҳамда уларнинг устозлари медаль ва пул мукофотлари билан тақдирланди.