“ЙПХ ходими аёл кишини “дубинка”да уриб ўлдириб қўйди» хабарига расмий муносабат (видео)

Ижтимоий тармоқларда «ЙПХ ходими аёл кишини дубинкада уриб ўлдириб қўйди» сарлавҳали хабар тарқатилган эди. Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси томонидан маълум қилинишича, ушбу хабар Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди.

Маълум бўлишича, Самарқанд вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси инспектори шу йил 12 сентябрь куни тахминан соат 18:30 лар атрофида Ургут тумани 4-Р-47, «Булунғур-Ургут-М-39» автомобиль йўлларида хизмат олиб бораётганида, 2000 йилда туғилган, Тойлоқ туманида яшовчи Ж.С. фуқаро Э.Н.га тегишли бўлган «Дамас» русумли, «30 Х 568 МA» давлат рақамли автомашинани “Навоий – Ургут” йўналиши бўйлаб бошқариб келаётганида ЙҲХБ инспектори томонидан тўхтатилиб, ҳужжатлари текширилган. Текширув давомида автомашинанинг суғурта полиси муддати ўтганлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан ЙҲХБ инспектори ҳайдовчи Ж.С.га нисбатан маъмурий баённома расмийлаштираётган вақтда ушбу автомашинада йўловчи сифатида келаётган, 1965 йилда туғилган Қ.Р. ва унинг ўғиллари — 1988 йилда туғилган Қ.Б. ҳамда 1993 йилда туғилган Қ.С.лар ЙҲХБ инспектори фаолиятига тўсқинлик қилган. Шу вақтда тасдиқланган дислокация бўйича бирга хизмат олиб бораётган Ургут туман ИИБнинг икки профилактика инспекторлари томонидан ЙҲХБ инспектори фаолиятига тўсқинлик қилмасликлари борасида тушунтириш берилган.

Тушунтириш давомида фуқаролар ходимларнинг қонуний ҳаракатларига фаол қаршилик кўрсатган ҳолда уят сўзлар билан ҳақорат қилиб, уларни уриб тан жароҳати етказиши оқибатида зиддият келиб чиққан. Фуқаро Қ.Р. профилактика инспектори хизмат кийимининг ўнг елка погонини, ўғилларидан бири иккинчи профилактика инспектори хизмат кийимининг чап елка погонини юлиб олган.

Ушбу зиддиятнинг гувоҳи бўлган Қ.Б.нинг онаси — 1965 йилда туғилган У.Р. автомашинадан тушиб, уларни ажратиш мақсадида бораётганида тўсатдан қон босими кўтарилиб, ўзини ёмон ҳис қилган ва ерга йиқилган, лекин ҳушида бўлган. Фурсатдан фойдаланиб, «Дамас» русумли автомашина ҳайдовчиси Ж.С. ЙҲХБ инспекторининг қўлидан ўзига тегишли бўлган ҳужжатлар ва маъмурий баённомани тортиб олмоқчи бўлиб, фаол қаршилик кўрсатган ҳамда ЙҲХБ инспекторининг кўкрак нишонини юлиб олиб, номаълум томонга қочиб кетган.

Олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида 2019 йил 12 сентябрь куни соат тахминан 22:30 ларда Ургут тумани бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан ҳайдовчи С.Ж. танишлари орқали ички ишлар бўлимига чақиртирилиб, воқеани расмийлаштириш жараёнида, ундан кўкрак нишони ҳужжатлаштириб олинган.

Фуқаро У.Р.нинг соғлиғи ёмонлашгани сабабли профилактика инспектори томонидан тиббий ёрдам кўрсатилиши учун йўлдаги автомашинага ўтказиб, ушбу ҳудудда жойлашган Ургут тумани Сариқтепа маҳалласидаги қишлоқ врачлик пунктига олиб борилган. Аммо қишлоқ врачлик пунктида ҳеч ким бўлмагани сабабли шу яқинда истиқомат қилувчи, ушбу врачлик пункти шифокорининг яшаш уйига олиб борилган.

Шифокор томонидан фуқаро У.Р.га тиббий ёрдам кўрсатилиб, ҳеч қандай тан жароҳати йўқлиги ҳамда қон босими пасайиб, аҳволи яхшилангани сабабли уйига жавоб берилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ургут тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.