Зиёли масъулияти: ўқитувчи замон билан ҳамнафасми?

Миллатнинг икки қўли… Бу ибора чуқур маънони ўзида мужассам этган. Савол туғилади: бу икки қўл - муаллим ва муҳаррир - бугун бир мушт бўлиб, бир мақсад сари ҳаракат қиляптими ёки бири Шарқ, бири Ғарб томонга қараб, ҳар ким ўз йўли билан кетаётган эмасми? Аслида, ҳар иккисининг ҳам вазифаси алоҳида, аммо уларни бирлаштирадиган муштарак мақсад бор: жамиятни маърифатли қилиш, фикрлайдиган авлодни тарбиялаш.

Ана шу долзарб мавзуда вилоят педагогика маҳорат маркази ходимлари, малака ошириш учун келган ўқитувчилар ҳамда вилоятнинг “Зарафшон” газетаси ижодий жамоаси иштирокида “Газета - фикр қаймоғи, сайт - тезкор хабарлар минбари, жамоат фикри ойнаси” мавзусида ижодий учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида муаллим ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорлик, бугунги ўқитувчи олдида турган масъулият ва замон талаблари ҳақида очиқ мулоҳазалар билдирилди.

- Жадид бобомиз Саидризо Ализода “Муаллим ила муҳаррир миллатнинг икки қўлидир”, дея бежиз айтмаган, - дейди вилоят “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири Фармон Тошев. - Муаллим ҳар бир ҳудудда маърифат шамчироғи бўлиши керак. Унинг гап-сўзи, дунёқараши, жамиятда кечаётган жараёнларга муносабати атрофдагилар учун мезон вазифасини ўтайди. Агар ўқитувчи газетани ўқимаса, янгиликлар билан қизиқмаса, жамиятдаги ислоҳотларни таҳлил қилмаса, унинг зиёлилик мақоми шубҳа остида қолади.

Дарҳақиқат, кейинги пайтларда айрим ўқитувчилар аттестация жараёнида ижтимоий-иқтисодий ҳаётга оид саволлар берилаётганидан норозилик билдирмоқда. Аммо ўйлаб қарасак, ўқитувчи жамиятда нималар бўлаётганини билмаса, ислоҳотларнинг моҳиятини англамаса, бу фақат ўзига эмас, балки ўқувчисига ҳам нисбатан бефарқлик эмасми? Масалан, иқтисодий саводхонлик, ахборот маданияти ёки фуқаролик фаоллиги ҳақида гап кетганда, ўқувчи биринчи навбатда айнан муаллимдан жавоб кутмайдими?

- Бугунги кун ўқитувчисига фаолият олиб бориш ҳар қачонгидан кўра мураккаб, - дейди вилоят педагогика маҳорат маркази директори, филология фанлари номзоди, доцент Анвар Собиров. - Илгари ўқувчи билимни асосан мактабдаги ўқитувчидан оларди. Ҳозир эса интернет, онлайн курслар, хусусий репетиторлар, турли платформалар асосий ахборот манбаига айланиб улгурди. Бола “Google”дан, “YouTube”дан жавоб топа олади. Шу шароитда ўқитувчи фақат маълумот берувчи эмас, балки йўл кўрсатувчи, таҳлил қилишга ўргатувчи, танқидий фикрни шакллантирувчи шахс бўлиши керак.

Ҳақиқатан ҳам, бугун ўқитувчи дарсликдаги маълумотни такрорлаб бериш билан чекланиб қола олмайди. Масалан, адабиёт дарсида асар мазмунини айтиб беришнинг ўзи етарли эмас - уни ҳаёт билан боғлаш, қаҳрамон тақдири орқали инсон танлови, маънавий масъулият ҳақида мулоҳаза юритиш талаб этилади. Ёки тарих фанини олайлик: сана ва воқеаларни ёдлатишдан кўра, уларнинг сабаб-оқибатларини таҳлил қилишга ўргатиш муҳим.

Шу маънода, замон талабини англаб, ўз устида ишлаётган, замонавий усуллардан фойдаланаётган ўқитувчилар сони ортиб бораётгани қувонарли. Улар дарсда медиа материаллардан, жонли мунозаралардан, ижодий топшириқлардан фойдаланиб, ўқувчини фаол фикрлашга ундаяпти.

Учрашув қизғин мулоҳазалар билан давом этиб, таҳририятнинг ижтимоий тармоқлардаги фаолияти, хусусан, Zarnews.uz сайти ва янги лойиҳалар тақдимоти билан якунланди.

Сайт муҳаррири Акрам Ҳайдаров 2026 йилга мўлжалланган янги видеолойиҳалар ҳақида сўз юритиб, “Китоб ва қаҳва”, “Зиёлилар минбари” каби кўрсатувлар айнан ўқитувчи-мураббийлар учун очиқ минбар бўлишини таъкидлади. Бу лойиҳалар орқали муаллимлар ўз фикрини жамоатчиликка етказиши, тажрибаси билан ўртоқлашиши мумкин.

Шунингдек, тадбирда таҳририят ходимларининг янги нашр этилган китоблари тақдимоти ҳам ташкил этилди. Фармон Тошевнинг “Савр баёзи”, “Саратон баёзи” шеърий тўпламлари, Акрам Ҳайдаровнинг “Тарбия тақани тўғрилайди”, Ғолиб Ҳасановнинг “Янгича яшаш нима?”, “Онамга қасида”, Гулруҳ Мўминованинг “Нафосатнинг қудрати”, “Минбардан тушган истилоҳлар” каби публицистик асарлари маънавий тарбия, ҳаёт фалсафаси ва замон муаммоларини ёритиши билан аҳамиятли экани таъкидланди.

Хулоса қилиб айтганда, бугун муаллим ва муҳаррир ҳақиқатан ҳам миллатнинг икки қўли сифатида бир-бирини тўлдириб ишласа, жамият маънавий жиҳатдан ютади. Зеро, фикр тарбияси ва билим тарбияси бир-биридан узилган ҳолда самара бермайди.