Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Нурбулоқда янги сиҳатгоҳ фойдаланишга топширилди

Гап Нуробод тумани Нурбулоқ шаҳарчасида жойлашган ноёб родонли шифобахш сувига эга "Абу Али Ибн Сино" санаторийси ҳақида бормоқда. Сиҳатгоҳ 1991 йилда фаолиятини бошлаган бўлиб, бугун бу ерда нафақат мамлакатимиз аҳолиси, балки МДҲ давлатларидан ҳам одамлар келиб даволанмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон касаба уюшмаси федерацияси тизимидаги мазкур санаторийнинг 150 ўринга мўлжалланган, беш қаватдан иборат янги биноси фойдаланишга топширилмоқда. Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ҳамда сенаторлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳисобидан 50 миллиард сўм маблағ эвазига бунёд этилган сиҳатгоҳнинг ушбу биноси мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллигига муносиб туҳфа бўлди.

Ушбу саломатлик марказига хориж мамлакатларида ишлаб чиқарилган замонавий тиббий асбоб ускуналар келтирилиб ўрнатилди. Бундан ташқари, даволанувчилар учун барча қулайликларга эга бўлган шинам ётоқхоналар, ошхона, маданий тадбирларни ўтказиш учун маскан, болалар спорт майдончалари, кутубхона мавжуд.

Санаторий учун касаба томонидан автобус ва "Дамас" автомобили топширилди.

Дарвоқе, бу ерда касаба уюшмаси томонидан републикамизнинг турли вилоятларидан келган 100 нафарга яқин отахон ва онахонлар дастлабки дам олувчилар сифатида бепул қабул қилинди. Улар 10 кун давомида саломатликларини тиклашади, бу ернинг сўлим табиатидан баҳра олади.

Ҳусан Элтоев.