Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бугун туғилган кун

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Азим Суюн 1948 йил 22 февралда Пайариқ тумани Накурт қишлоғида дунёга келган.

Ўрта мактабда таҳсил олгач, Тошкент давлат университетининг журналистика факультетида ўқиган. Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бошқарувида масъул котиб, «Халқ сўзи» газетасида бўлим муҳаррири, «Ўзбекистон овози» ва «Голос Ўзбекистона» газеталари бош муҳаррири бўлиб ишлаган.

Унинг ижоди ўтган асрнинг 60-йиллари охири ва 70-йиллар бошида бошланган. «Менинг осмоним» (1978) номли биринчи шеърлар тўплами билан китобхонларга танилган.
Шундан кейин шоирнинг ўнга яқин шеърий тўпламлари ва бир қатор достонлари чоп этилган. Жумладан, «Зарб», «Замин тақдири», «Хаёлот», «Зиё кўли», «Жавзо», «Олис тонглар», «Куйганим-суйганим», “Эй дўст” каби шеърий тўпламлари ўқувчиларнинг севимли китобларига айланган.

Айниқса, унинг «Сарбадорлар» фожиаси, «Ўзбекистон», «Бир томчи сув денгизга айланган кеча ёки Иморат» каби достонлари машҳур.

Шоир «Ўзбекистон» достони ва бир туркум шеърлари учун Абдулҳамид Чўлпон номидаги биринчи халқаро мукофотга (1991) сазовор бўлган,.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоир 2020 йил 9 март куни оламдан ўтди.

***
Анғиз ўсган ерларда
Анғиз ўсган ерларда отлар бевақт ўлмагай,
Яхши бўлса аёллар эрлар юзи сўлмагай.

Қайси юртда чинакам ботир бўлса йигитлар,
Ўшал юртнинг эллари ёвларга қул бўлмагай.

От минмаган от минса, чопа-чопа ўлдирар,
Боғ кўрмаган боғ кўрса, пайҳон қилар, сўлдирар.

Ҳушёр бўлгил, жон элим, элдай сақла элингни,
Ёвларингга йўл берсанг, поймонангни тўлдирар.

Бош кесилса, ёронлар, сочга мотам тутилмас,
Қон қусилса, ёронлар, ичга сувдек ютилмас.

Қай бир миллат тупроғин топтар экан маккор ёв,
Ўзлигин билганларнинг бахти асло бутунмас!

Арғумоқларга мининг, ғолиб қилич ёр бўлсин!
Бу дунёда ҳар кимнинг ўз Ватани бор бўлсин!

1978