Самарқанд Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига тайёр
Шу йилнинг 10-30 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида III Пара шахмат, 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадалари ва Халқаро шахмат федерацияси (FIDE)нинг 97-конгресси ўтказилади.
Ушбу тадбирларда 200 дан ортиқ мамлакатдан 4 мингдан зиёд меҳмон, халқаро ташкилотлар вакиллари, жаҳон шахмати юлдузлари иштирок этиши кутилмоқда.
Айни пайтда Самарқандда меҳмонларни кутиб олиш, мусобақаларни юқори савияда ташкил этиш бўйича тайёргарлик ишларининг сўнгги босқичи давом этмоқда.
Самарқанд халқаро туризм марказида Бутунжаҳон шахмат олимпиадаларига тайёргарлик ишлари доирасида махсус штаб фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, бу ерда мусобақага ташриф буюрадиган иштирокчилар, хорижий делегациялар ҳамда меҳмонларни кутиб олиш, аккредитациядан ўтказиш, уларга қулай ва хавфсиз шароит яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
– Самарқанднинг тарихий аҳамияти ва «Silk Road» мажмуасининг замонавий халқаро стандартларга тўлиқ жавоб бериши Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) томонидан юқори баҳоланган, – дейди вилоят шахмат федерацияси ижрочи директори Илҳом Эргашев. – Шунингдек, ушбу нуфузли олимпиадаларнинг Самарқандда ўтказилиши бизнинг ютуғимиз. Бундан олдин ҳам Самарқандда шахматнинг блиц ва рапид йўналишлари бўйича VI жаҳон чемпионати, жаҳон шахмат тожи учун номзодлар ўртасида “Grand Swiss 2025” турнири ва яна бир қатор халқаро турнирлар юқорида савияда ўтказилган. 10 сентябрь куни старт оладиган III Пара-шахмат олимпиадасига тайёргарлик жараёнлари ҳам ФИДЕ масъуллари ва мутахассислари томонидан эътироф этилди. Ушбу мусобақада 41 мамлакат шахматчилари беллашади. Ўзбекистон мезбон давлат сифатида учта терма жамоа билан иштирок этади.
Олимпиада ФИДЕ қоидаларига кўра, алоҳида регламент асосида ташкил этилади. Ҳар бир жамоа 4 нафар асосий ва 1 нафар захира ўйинчисидан иборат бўлади. Жамоа таркибида камида 1 нафар аёл спортчи бўлиши шарт. Ҳар бир турда камида 1 нафар аёл ўйинчи ўйнаши талаб этилади. Жамоалар эшитишда нуқсони бор, жисмоний имконияти чекланган ва кўришда нуқсони бор шахслардан иборат бўлиши мумкин.
Жамоалар имкон қадар камида 2 нафар рейтингга эга бўлган ўйинчидан иборат бўлиши тавсия этилади. Пара-шахмат олимпиадасида классик шахмат вақт назорати қўлланилади. Дастлабки 40 та юриш учун 90 дақиқа. Ўйиннинг қолган қисми учун 30 дақиқа. Биринчи юришдан бошлаб, ҳар бир юриш учун 30 сония қўшиб борилади. Мусобақа швейцария тизимида (одатда 7 та тур) ўтказилади ва ўйинлар ФИДЕ томонидан тасдиқланган электрон соатлар, шахмат тахталарида ўтказилади.
Самарқандда ўтказиладиган III Бутунжаҳон пара-шахмат олимпиадасига юқори савияда ҳозирлик кўрилган, - дейди олимпиада бош ҳаками, сербиялик Небойша Баралич. - Меҳмонхона ва ўйин зали жуда профессионал даражада тайёрланган. Иштирокчилар бу ерда ўзларини яхши ҳис қиладилар, деб ўйлайман. Айни пайтда мусобақага тайёргарликнинг якуний босқичи кетмоқда. Ишонаманки, олимпиада аввалги турнирлар сингари юқори савияда ўтади. Ўзбекистонлик шахматчилар ҳам мусобақада муносиб иштирок этиб, ўзларининг яхши натижаларини кўрсатадилар, деган умиддаман.
III Бутунжаҳон пара-шахмат олимпиадаси 18 сентябргача давом этади. 15–29 сентябрь кунлари эса 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси, 26–27 сентябрь кунлари ФИДЕ Бош Ассамблеяси йиғилиши (конгресс) ҳамда ФИДЕ президентлиги ва бошқа раҳбар лавозимларга сайловлар ўтказилади.
Фазлиддин Рўзибоев.