Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Дарслар инглиз тилида ўтиладиган халқаро университетда она тилимизга эътибор қай даражада?

Бугун “Ипак йўли” туризм халқаро университетида шу номда тадбир ташкил этилди. Тадбирда университетнинг интернационализация ва стратегик ривожланиш ишлари бўйича биринчи проректори, профессор Жўлибой Элтазаров сўзга чиқиб, ўзбек тилининг бугунги кундаги ўрни, мавқеи ҳамда шу пайтгача она тилимиз тараққиётида эришилган ютуқлар ҳақида тўхталди.

Айниқса, ўзбек тили ва адабиёти ҳамда ижтимоий фанлар кафедраси ташаббуси билан университет жамоаси томонидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Зикрилла Неъматнинг “Азиз она тилимсан” қасидаси асосида тайёрланган видеоролик томошабинларда катта таассурот қодирди.

Талабалар томонидан мавзуга доир шеърлар ўқилди. Улар ўртасида она тилимизни қай даражада билишини синаб кўриш мақсадида айрим ўзлашма сўзларнинг соф ўзбекча шаклини топишга қаратилган интерфаол ўйин ташкил этилди.

- Университетимизда туризм йўналишида таълим бериш билан бир қаторда, чет тиллар ҳам ўргатилади, - дейди жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Наргиза Абдувоҳидова. – Муассасамизда дарслар фақат инглиз тилида ўтилса-да, она тилимизга бўлган эътибор кучли. Буни бугунги ўтказилган тадбир мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Бу каби тилимизни улуғловчи тадбирлар, турли танловлар нафақат байрам арафасида, балки йил давомида ўтказиб келинади. 

Шунингдек, тадбирда университетнинг ўзбек тили ва адабиёти ҳамда ижтимоий фанлар кафедраси томонидан 21 октябрь - Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан университет талабалари орасида 2020 йил 22 сентябрдан то 2020 йил 19 октябргача давом этган “Ўзбек тилим, ҳамиша эҳтиром ва садоқатга муносибсан!” номли видеочелленж танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди. 

Ҳакамлар ҳайъатининг қарорига кўра, 219-гуруҳ талабаси Моҳидил Солиева Зулфия Мўминованинг “БМТда янграр Навоий тили” шеърига тайёрлаган видеоролиги учун биринчи ўринни эгаллади. 218-гуруҳ талабаси Абдулла Саидов иккинчи ва 119-гуруҳ талабаси Гулноза Жиянова учинчи ўринга муносиб деб топилди. Ғолиблар сертификат ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).