Бир орзу, катта меҳнат ва Германиядаги олтин медаль

Самарқандлик Маржона Ибадуллаева ҳали 9-синфда ўқийди. У ҳали ёш, аммо мақсадлари катта. Маржона хорижий тилларни ўрганишга қизиқиши, изланиши ва ўз устида мунтазам ишлаши орқали бугун тенгдошларига ўрнак бўла оладиган натижаларни қўлга киритмоқда.

Маржона Самарқанд шаҳар 51-мактабининг ўқувчиси. Унинг немис тилига бўлган қизиқиши йилдан-йилга кучайиб, бу фанни чуқур ўрганишга ундади. Устозлари кўмагида янги сўзларни ёдлаш, матнлар устида ишлаш, тўғри талаффузни ўрганиш ва тилда эркин мулоқот қилиш — унинг кундалик машғулотларининг бир қисмига айланди.

Тиришқоқлик ва изланишлар самараси эса узоқ куттирмади. Маржона Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Халқаро немис тили олимпиадаси — IDO 2026 да иштирок этиб, А2 даражаси бўйича беллашувларда фахрли биринчи ўринни эгаллади ва олтин медалга сазовор бўлди. Германияда 13–22 июль кунлари ўтказилган мазкур нуфузли мусобақада дунёнинг 60 га яқин давлатидан иқтидорли ёшлар қатнашгани эътиборга молик.

Бироқ Маржона учун бу медаль шунчаки бир мусобақадаги ғалаба эмас. Унинг ортида мунтазам меҳнат, ўз устида ишлаш ва тил ўрганишга бўлган самимий қизиқиш мужассам.
Ёш ўқувчининг бу ютуғи мактабдаги таълим жараёнида олинган билимларни халқаро майдонда синаб кўриш имконини берди. Айни пайтда Маржона олдига янги мақсадларни қўйиб, немис тили билан бир қаторда бошқа хорижий тилларни ҳам ўрганишга қизиқмоқда.

Маржонанинг Германияда қўлга киритган олтин медали эса унинг ана шу саъй-ҳаракатлари муносиб самара берганининг ёрқин тасдиғидир.

Заҳро Иброҳимова