Самарқандда Германия капитали иштирокида 9 та корхона фаолият юритмоқда
Германия Федератив Республикаси дунёнинг йирик иқтисодиёти давлатларидан бири ҳисобланади. Мамлакатда таълим, тиббиёт, машинасозлик, оғир саноат, технологик ускуналар ишлаб чиқариш ривожланланган. Ўтган асрнинг иккинчи ярмидан Олмон ўлкаси саноат ишлаб чиқаришининг янги циклига ўтди. Ҳозир дунёда Германия технологияси ва стандартларини жорий этган давлатлар талайгина. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам ушбу давлат билан иқтисодий ҳамкорлик алоқалари йил сайин ўсиб бормоқда. Хусусан, вилоятимизда Германия компаниялари капитали иштирокида жами 9 та қўшма корхона фаолият юритмоқда.
Оқдарё туманида масъулияти чекланган жамият шаклида фаолият юритаётган “САМ ТЕХНО КОМПОНЕНТ” қўшма корхонаси Самарқанд автобил заводида ишлаб чиқарилаётган автобусларга бутловчи қисмлар ишлаб чиқараётган бўлса, тумандаги “ЗАРАФШОН ЛОҲМАНН ПАРРАНДА” корхонаси паррандачиликни ривожлантириш йўналишида иш олиб бормоқда. Шунингдек, Пайариқ туманидаги “ЎЗБЕГИМ АГРО" Ўзбекистон-Германия қўшма корхонасида сутни қайта ишлаш, Паст Дарғом туманидаги “АГРО КОНТИНЕНТ ГАРДЕН” корхонасида боғдорчилик йўлга қўйилган.
- 2018 йилда германиялик ишбилармонлар билан интернет тармоғи орқали танишиб, учрашдик ва ҳамкорлик қилишга келишдик, - дейди Оқдарё туманидаги “САМ ТЕХНО КОМПОНЕНТ” ижрочи директори Шаҳбоз Раҳматов. – Шундан сўнг улар таъсисчилигида керакли ускуналар келтирилди. Ҳозирда олти нафар ишчи билан автобусларнинг ойна тозалагич, иситкич ва магнитофон каби ўнга яқин қисмларини ишлаб чиқаряпмиз. Корхонамизда маҳаллийлаштириш даражаси 30 фоизга етиб қолди. Ҳозирда универсал ҳалокат туйнукларини синовдан ўтказяпмиз. Яна бир нечта янги қисмларни ишлаб чиқармоқчимиз.
Вилоят инвестиция, саноат ва ташқи савдо бошқармаси маълумотларига кўра, 2023 йилда вилоятда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари доирасида Германиядан жами 29,3 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилган.
Шунингдек, ўтган йил вилоятимизнинг Германия билан товар айланмаси
55,9 миллион долларни ташкил этди. Ушбу давлатга асосан қуритилган мева-сабзавот, майиз, қалампир ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинди.
Жорий йилнинг ўтган даврида эса Германия билан товар айланмаси 35,6 миллион долларни ташкил этиб, 32,9 миллион долларлик импорт ҳамда 2,7 миллион долларлик экспорт амалга оширилди.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.