ЮНEСКОнинг янги Бош директори Самарқанддаги маданий мерос объектларида бўлди

ЮНEСКОнинг янги сайланган Бош директори Холид Аҳмад ал-Ананий вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев ҳамроҳлигида Самарқанддаги бир қатор маданий мерос объектлари, муқаддас қадамжоларда бўлди.

Жумладан, Регистон мажмуаси, Шоҳи Зинда ёдгорлиги, Амир Темур мақбараси ҳамда Амир Темур масжиди билан танишув чоғида ушбу маданий мерос объектларини асраш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Самарқанднинг бой меросини асраб-авайлаш, тарихий обидаларни реставрация қилиш ва уларни келажак авлодга етказиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Аҳмад ал-Ананий Имом Бухорий мажмуасини ҳам зиёрат қилди. Бу ерда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари, мажмуанинг замонавий меъморий услубда, улуғ муҳаддис олимнинг мақомига муносиб тарзда қайта барпо қилингани эътироф этилди.

Меҳмонлар мажмуада ташкил этилган инновацион музейни ҳам кўздан кечирдилар. Музейдан Қуръони каримда исмлари тилга олинган 25 нафар пайғамбар тарихи, Муҳаммад алайҳиссаломнинг шажараси, ҳаёти ва ҳадис илмининг ривожланиш босқичлари ҳақида маълумотлар жой олган.

Самарқанд обидалари билан танишув чоғида Адиз Бобоев ЮНEСКО билан ҳамкорлик Самарқанднинг жаҳон маданий майдонидаги нуфузини янада оширишга хизмат қилишини таъкидлади.

Томонлар келгусида амалга оширилиши режалаштирилган қўшма лойиҳалар ва ташаббуслар юзасидан келишиб олдилар.