Юрак стенти инфарктдан қутқарадими?

Юрак – бу ҳаёт. Унинг тинмай уриши инсон яшаётганлигининг асосий белгисидир. Аммо замонавий турмуш тарзи, нотўғри овқатланиш, стресс ва кам ҳаракат юрак томирларининг ишдан чиқишига олиб келади.

Атеросклероз туфайли қон томирлар торайганда, юрак ҳужайралари озуқа ва кислород етишмаслигидан азият чекади. Ана шу оғир лаҳзада тиббиётнинг энг самарали ва жонкуяр усулларидан бири – юракни стентлаш ёрдам беради. Бу кичик, тўрсимон металл найча қандай қилиб инсон ҳаётини янги нафас билан тўлдириши, кўкрак оғриқларини йўқотиб, фаол ҳаётга қайтариши мумкин?
Юрак-қон томир тизими касалликлари, хусусан, ишемик юрак касаллиги ва миокард инфаркти бутун дунёда ўлим ва ногиронликнинг асосий сабабларидан бири бўлиб қолмоқда. Тож (коронар) артерияларнинг атеросклеротик шикастланиши натижасида келиб чиққан томир торaйиши муаммосини ҳал этишда сўнгги йилликларда эндоваскуляр жарроҳлик усуллари етакчилик қилмоқда. Юракка стент қўйиш (коронар стентлаш) – бу юракнинг қон билан таъминловчи тож (коронар) артерияларини кенгайтириш ва улардаги қон оқимини тиклаш учун бажариладиган замонавий, паст травматик усулдир. Бу усул, айниқса, юрак ишемик касаллиги ва ўткир миокард инфаркти (юрак хуружи)ни даволашда “олтин стандарт” ҳисобланади. Юрак қон томирларини стентлашда стент торайган томирни кенгайтириб, юрак мушакларига етиб бормай қолган қон ва кислородни тиклашга ёрдам беради. Бу усул кўплаб кишиларга инфарктдан сўнг тезда оёққа туриш, ишга ва севимли машғулотларига қайтиш имконини берди.

Юрак стенти нима?
Стент – бу кичик, тўрсимон, металл найча бўлиб, у торaйгaн ёки ёпилган артерия ичига ўрнатилиб, уни очиқ ҳолда ушлаб туради. Замонавий стентлар кўпинча дори воситаси билан қопланган бўлиб, бу артериянинг қайта торaйишининг олдини олишга ёрдам беради.

Қандай ҳолларда стент қўйиш тавсия этилади?
Ушбу муолажа, асосан, атеросклероз (артерия деворларида ёғ ва холестерин пилакчалари тўпланиши) туфайли юрак томирлари торaйганда ёки ёпилганда қўлланилади. Шифокорлар стентлашни қуйидаги ҳолларда тавсия қилишади:
·  дори-дармон ёки турмуш тарзини ўзгартириш натижа бермаса;
·  кўкрак оғриғи (стенокардия) кучайиб борса;
·  юрак хуружи (инфаркт) вақтида қон оқимини зудлик билан тиклаш зарурияти келиб чиқса.

Муолажа қандай ўтказилади?
Бу жарроҳлик амалиёти эндоваскуляр (томир ичида бажариладиган) бўлиб, умумий наркоз ва катта кесишларни талаб этмайди:
1.   Операциядан олдин ЭКГ, ўпка рентгенографияси ва қон таҳлиллари ўтказилади.
2.   Шифокор сон ёки билак артериясига кичик тешик орқали катетер киритади.
3.   Катетернинг учидаги баллонча томирнинг торайган жойигача олиб борилади ва қисқа вақтга артерияни кенгайтиради.
4.   Кенгайган жойга стент жойлаштирилади. Баллонча сўндирилиб, катетер билан бирга олиб чиқилади, стент эса артерия ичида қолади ва уни очик ушлаб туради.
Бутун муолажа жараёни одaтда 30 дақиқадан бир соатгача давом этади.

Юракка стент қўйиш асоратлари
Барча тиббий муолажалар сингари, стентлаш ҳам маълум хавфларга эга. Бироқ, замонавий усуллар ва дорилар туфайли бу хавф доимий равишда камайиб бормоқда. Юракни стентлашдан сўнг келиб чиқиши мумкин бўлган асоратлар:
·    стент ичида қон тромби пайдо бўлиши (тромбоз);
·    артериянинг қайта торaйиши;
·    жароҳат жойидан қон кетиши;
·    Жароҳат жойига инфекция тушиши;
·    юрак хуружи, инсульт, артерия шикастланиши ёки буйрак фаолиятининг бузилиши.

Юракка стент қўйилгандан кейин нималар тавсия қилинади?
Шифокор томонидан белгиланган қон суюлтирувчи препаратларни мунтазам қабул қилиш лозим. Бу стент ичида тромб пайдо бўлишининг олдини олишда муҳим рол ўйнайди.
Соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик, чекиш ва спиртли ичимликларни ташлаш каби омиллар касалликнинг олдини олишда катта роль ўйнайди.
Мунтазам равишда кардиолог шифокори кўригидан ўтиб туриш зарур.

Гулноза Одилова,
Самарқанд давлат тиббиёт университети микробиология, вирусология ва иммунология кафедраси ассистенти.