Ҳалол меҳнатнинг уяти борми?

Ҳовлидаги йўлакни бетонлаш учун ишчи керак бўлиб, мардикор бозорига бордим. У ерда устачилик қилиб юрадиган таниш икки кишига кўзим тушди. Олдига бориб, саломлашдим ва иш таклиф қилдим.

Улардан бири розидек бўлди. Аммо ёнидаги шериги унга қандайдир имо-ишора қиларди. Аввалига нарх маъқул келмаган бўлса керак, деб ўйладим ва:
– Майли, сиз айтган ҳаққа ҳам розиман, – дедим.
– Кетдик, – деди шериги.
Лекин у паст овозда:
– Танишларникида ишлашга уяламан, – деди.
– Нега уяласиз, ака? Тўрт мучаси соғ бўла туриб тиланчилик қилаётганлар уялсин. Ҳалол меҳнат қилиб, пешона тери билан ризқ топишнинг нимаси уят? – дедим.
У эса жимгина тескари ўгирилди...

Нега баъзи инсонлар учун бундай ҳолат айбдек қабул қилинади? Ўйлашимча, бу жамиятимизнинг айрим қарашларини кўрсатадиган оғриқли масала. Бу ерда гап бир кишининг танловида эмас, балки онгимизда йиллар давомида шаклланган қарашларда.
Бизда «одамлар нима дейди?» деган савол кўпинча «мен учун тўғриси нима?» деган саволдан устун келади. Натижада айримлар ҳалол меҳнат билан топиладиган ризқдан эмас, бошқаларнинг нигоҳидан чўчийди. Гўё белкурак ушлаш обрўни туширади, оғир меҳнат эса инсоннинг қадрини камайтиради.
Болаликдан «яхши ўқи, бўлмаса мардикор бўласан», деган гапни эшитиб катта бўлган авлод учун устачилик касб эмас. Тўғри, иши оғир, лекин ҳар қандай бинога пойдевор қўяётган ҳам, йўл қураётган ҳам, уй барпо этаётган ҳам шулар-ку.

Яна бир жиҳат бор. Одамлар аксарият ҳолларда инсоннинг меҳнатига эмас, ташқи кўринишига кўпроқ баҳо беришга ўрганиб қолган. Қимматбаҳо кийимда юрган одамни муваффақиятли деб қабул қиламиз, аммо чангга беланиб меҳнат қилаётган инсоннинг қандай машаққат, қандай масъулият билан яшаётганини кўпинча ўйламаймиз. Ҳолбуки, кийим инсоннинг эмас, меҳнат унинг ҳақиқий қиёфасини намоён қилади.

Энг ачинарлиси, бу қараш ёшларга ҳам ўтаётганидир. Айрим ёшлар ойлаб иш қидиришга тайёр, аммо вақтинча бўлса ҳам жисмоний меҳнат қилишни ёки кичикроқ ишни ўзига муносиб кўрмайди. Бу меҳнат бозорида эмас, тарбия ва қадриятлардаги бўшлиқни кўрсатади. Ривожланган мамлакатларда вазият бошқача. У ерда сантехник, қурувчи, электрчи ёки боғбон ўз касбидан уялмайди. Чунки жамият уларни бажараётган ишига қараб қадрлайди.
Меҳнатнинг «катта-кичиги» эмас, унинг ҳалоллиги муҳим. Шундай экан, ўзгариши керак бўлган жиҳат “мардикор” эмас, унга бўлган муносабатдир. Агар биз ҳалол меҳнатни ҳақорат эмас, қадрият сифатида қабул қилмас эканмиз, эртанги авлод ҳам худди шу стереотиплар қуршовида яшайди. Инсоннинг қадри унинг қайси ишни қилаётганида эмас, уни қандай виждон билан бажараётганида намоён бўлади.

Фазлиддин Рўзибоев.