Манфаат тарозиси

Ёхуд олийгоҳдаги икки ҳолат хусусида
 
Жамиятнинг эртасини тарбияловчи даргоҳ - олий ўқув юртларида баъзан адолат мезони билим билан эмас, балки шахсларнинг кимлиги ва нимага қодирлиги билан ўлчаниши ачинарли. Салим Баҳодирович раҳбарлик қилаётган муассасада ҳам бу ёзилмаган қоида амалда. Афсуски, бунга одамлар кўникиб ҳам қолган.

Ретор Салим Баҳодирович кенг ва ёруғ хонасида, юмшоқ ўриндиқда ястаниб ўтирар экан, хаёлини эшикнинг тақиллаши бузди.
- Киринг! - деди домла салобат ва хотиржамликни йўқотмай.
Остонада сўнгги урфдаги либосда, ўзига оро берган, кўринишидан эҳтиёж нималигини билмай ўсган Сурайё пайдо бўлди.
- Aссалому алайкум устоз, рухсатми? - қизнинг овозида заррача хавотир йўқ.
- Марҳамат, ўтиринг, - раҳбарнинг «сиёсат»и ўзгариб, юзига мулойим табассум югурди.
- Устоз, охирги пайтларда оилавий тадбирлар, баъзи юмушлар билан бўлиб дарсларга қатнаша олмадим. Энди оралиқ назоратларим...

Қиз гапини тугатишга улгурмасиданоқ ректор унинг сўзини бўлди:
- Хавотирга ўрин йўқ, ҳаммаси жойида. Фақат буёғига дарсларда кўриниб туринг, шунинг ўзи кифоя. Ўқитувчиларингизга ўзим тайинлаб қўяман.
- Хўп бўлади, устоз, - қиз мамнун жилмайди. - Aйтганча, келинойимнинг яқинда ўтган йиғинлари кўнгилдагидек ўтдими?
- Эҳ-ҳе, жудаям! - ректорнинг кўзлари чақнаб кетди. - Aёлим роса мақтади, дугоналари билан бир яйрашибди. Дадангизга миннатдорчилигимни етказиб қўйинг, барака топинглар!
- Aлбатта, етказаман, - дея эшик сари йўналди Сурайё. - Дадам ҳам сизга алоҳида салом айтдилар, "Яна қандай хизматлар бўлса, бажонидил, ресторанларимизнинг эшиги домла учун ҳамиша очиқ", дедилар.

Соғ бўлсинлар, сиз ҳам саломимни етказиб қўйинг...
Орадан кўп ўтмай, эшик яна тақиллади. Бу галги садо олдингисига мутлақо ўхшамас, қандайдир ҳадик оҳанги бор эди. Ичкарига учинчи босқич талабаси Қодирали кириб келди. Унинг юз-кўзларидан чарчоқ, тушкунлик ва уйқусизлик асоратлари сезилиб турарди.
Ректорнинг бояги хушчақчақлигидан асар ҳам қолмади. Қошлари чимирилиб, талабани ҳатто ўтиришга таклиф қилмади. Кўзойнаги ортидан совуқ тикилганча, "Тезроқ муддаога ўт", дегандек жим тураверди.
- Aссалому алайкум, домла... - Қодирали ютиниб қўйди. - Онамнинг тоблари қочиб қолгани сабабли касалхонада қараб ўтиришга мажбур бўлдим. Шунинг орқасидан дарсларга бир ой келолмадим. Илтимос, менга биргина имкон беринг! Барча қолдирилган мавзуларни ўзлаштириб, синовларимни вақтида ёпаман.
Домланинг ғазаби қайнади:
- Бир ой-а?! Бир ой сенга ҳазилакам вақтми? Таълим муассасаси сенга хоҳлаганда келиб, хоҳламаганда кетадиган жойми? Имкони йўқ, талабалар сафидан четлатиласан!
Талабанинг кўзларига ёш қалқди, овози титради:
- Домла, ёлвораман, тушунинг... Aхир онам оғир ётиб қолдилар. Жон домла, илтимос...

Салим Баҳодировичнинг юзидаги совуққонлик заррача ўзгармаган бўлса-да, гўёки "мурувват" кўрсатаётгандек тўнғиллади:
- Фақат битта йўли бор. Бир йилга академик таътил оласан. Ҳужжатларингни тўғрила-да, келаси йили учинчи курсни қайтадан ўқийсан. Сенга бера оладиган имкониятим шу!
Бу сўзлардан кейин Қодиралининг гўё елкасидан тоғ ағдарилгандай бўлди. Ўқишдан мутлақо ҳайдалишдан кўра, академик таътил олиш унинг учун нажот эди. У ректорга миннатдорчилик билдира-билдира хонадан чиқди.

Эшик ёпилди. Хонага яна сукунат чўкди. Ректор ўзининг юмшоқ курсисига суяниб, стол устидаги қоғозларга кўз югуртиришда давом этди. Салим Баҳодировичда заррача виждон азоби, адолатсизликдан қийналиш сезилмади. Ўша куни икки нафар талабанинг тақдири ҳал бўлди - бири ресторан эгасининг қизи бўлгани учун ойлаб дарс қолдиргани биргина зиёфат эвазига кечирилди, иккинчиси хаста онасининг ёнида бўлгани учун яна бир йиллик умри билан товон тўлади.
Таълим даргоҳларида мезонлар илм билан эмас, манфаатлар тарозиси билан ўлчанар экан, жамиятнинг асл қиёфаси шундай кўринмас адолатсизликлар ичида занглайверади.

Фотима ЭРГАШЕВА,
Нарпай тумани.