Картошка чипслари: мазали эрмакми ёки зарар?
Бугунги кунда картошка чипслари дунёнинг энг оммабоп маҳсулотларидан бирига айланган. Уларни болалар ҳам, катталар ҳам севиб истеъмол қилади.
Мазали таъми ва қулайлиги билан чипслар кўпчиликнинг диққатини тортади. Бироқ, бу маҳсулотнинг саломатликка таъсири ҳақида ҳеч ким ўйлаб кўрмайди. 40 ёшдан ошган аёллар учун ушбу эрмакнинг саломатликка таъсири алоҳида муҳим. Чунки организмдаги гормонал ўзгаришлар, суяк зичлигининг пасайиши, юрак-қон томир тизимининг ҳимоя функциясининг сусайиши чипслар таркибидаги зарарли моддаларга нисбатан ҳам сезгирликни оширади. Аммо бу чиройли ва зарарли бўлаклар бизнинг организмимизга қандай таъсир қилишини ҳеч ўйлаб кўрганмиз? Келинг, бугун шу мавзуга тўхталамиз.
Картошка чипслари қандай тайёрланади?
Ҳар қандай картошка чипс тайёрлаш учун ярамайди. Бунда махсус «чипсли» навлар ишлатилади. Улар юмалоқ шаклга эга, қаттиқ ва таркибида кам миқдорда шакар бўлиши керак. Ушбу картошкалардан тайёрланган пластинкалар ўсимлик ёғи (кўпинча кунгабоқар ёғи) солинган катта қозонларга (фритюр) юборилади. Ёғнинг ҳарорати 150°C дан 190°C гача бўлиши керак. Чипслар бу ерда атиги 3 дақиқа давомида қовурилади. Жараён давомида пластинка ичидаги сув буғга айланиб, унинг ўрнини ёғ эгаллайди ва шу сабабли чипс зарарли ва қарс-қурс бўлиб қолади. Қовурилган чипслардан ортиқча ёғ оқизиб олинади. Сўнгра махсус тайёрланган таъм қўшгичлар (туз, зираворлар, қурутилган сабзавотлар, хушбўй ҳидлар, глутамат натрий каби таъм кучгайтиргичлар) картошка чипсларига пуркалади ёки сепилади.
Картошка чипслари нима учун зарарли?
• 100 г чипсда (ўртача бир пакетда) тахминан 500-550 ккал бор - бу ўрта ёшдаги аёл учун кунлик меъёрнинг деярли учдан бир қисмидир. Шу билан бирга, чипсларда оқсил, тола, витамин ёки минераллар деярли йўқ. Бу «тез» углеводлар + ёғлар бўлиб, улар тезда ёғ тўқимасига ўтади ва ортиқча вазн ҳамда семиришга сабаб бўлади.
• Чипслар фритюрда қовурилади ва 30-40 фоизгача ёғни шимиб олади. Таркибида тўйинган ёғ кислоталари ва трансёғлар мавжуд. Трансёғларнинг организмга қуйидаги ножўя таъсирлари бор: «ёмон» холестеринни оширади, «яхши» холестеринни камайтиради, атеросклероз, инфаркт ва инсульт хавфини оширади.
• 40 ёшдан ошган аёлларда, организмда эстрогенларнинг ҳимоя таъсири пасайганлиги сабабли, трансёғларнинг юрак-қон томир касалликлари хавфи кескин ортади.
• Бир қисм чипсда (30-50 г) кунлик туз меъёрининг 30-40 фоизигача бўлади. Натрийнинг ҳаддан ташқари кўплиги: сувни ушлаб қолади, натижада қон босими кўтарилади, буйракларга ортиқча зўриқиш тушади, суяклардан кальцийни ювиб чиқаради, бу перименопауза ва менопауза давридаги аёллар учун жуда муҳим (остеопороз келиб чиқиш хавфи ошади).
• Крахмалли маҳсулотларни (картошка) 120°C дан юқори ҳароратда қовуришда акриламид ҳосил бўлади - бу модда Халқаро Саратон Тадқиқотлари Агентлиги томонидан «инсон учун канцероген восита» деб тан олинган. Акриламид хужайралардаги ДНКни шикастлайди, саратон хавфини оширади (айниқса суяк, бачадон шиллиқ қавати ва тухумдонлар саратони - бу аёллар учун муҳим). Чипслар қанчалик ранги тўқ ва карсиллаган бўлса, акриламид шунчалик кўп бўлади.
• Кўпгина чипслар таркибида лаззат қўшимчалари ва таъм кучайтиргичлар (натрий глутамат) бўлади. Натрий глутамат бу бош оғриғи, одатланиб қолиш ҳисси ва таъм сезишнинг бузилишига олиб келиши мумкин. Сунъий хушбўйлантиргичлар ва бўёқлар жигар ва иммун тизимига қўшимча юк беради.
• Ёғ ва тузнинг кўплиги ошқозон шиллиқ қаватини безовта қилади, гастрит ва кўнгил айнишига сабаб бўлиши мумкин. Тола бўлмагани учун ичак ҳаракати секинлашади, қабзиятга олиб келади.
Картошка чипсларининг организмга фойдаси борми?!
Чипсда ҳеч қандай фойдали модда йўқ. Ҳатто хом картошкада мавжуд бўлган С витамини ҳам қовурилгандан кейин қолмайди. Сиз оладиган ягона нарса – карсиллаган ва шўр таъмдан завқланишдир.
Картошка чипслари зарарли маҳсулот бўлиб, уларни мунтазам истеъмол қилиш юрак-қон томир тизими, суяклар ва ҳатто онкология учун хавфни сезиларли оширади. Агар соғлиғингизни қадрласангиз (айниқса 40 ёшдан кейин бу жуда муҳим), уларни кундалик рационингиздан чиқариб ташланг. Агар жуда ҳам истасангиз - оз миқдорда ва камдан-кам ҳолларда истисно сифатида рухсат беринг, лекин одатга айлантирманг.
Гулафзал Амонова,
Самарқанд давлат тиббиёт университети патологик анатомия кафедраси доценти (PhD).