Самарқанд тиббиётида ўтган йилнинг муҳим воқеалари
* Олдинлари Тошкентдаги тиббиёт марказларида амалга оширилган 320 турдаги юқори технологик операциялар ўтган йил вилоятдаги 3 400 нафар беморда амалга оширилиб, натижада пойтахтда даволанувчилар сони икки баробарга камайди.
* Самарқанд шаҳрида илк бор 2-Евроосиё тиббиёт конгресси ва 1-Евроосиё ҳамширалар конгресси бўлиб ўтди. Унда илк бор мураккаб робот хирургияси операциялари ўтказилди.
* БАА фонди кўмагида юқори технологик операциялар ўтказилди. Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалида Бирлашган Араб Амирликларининг “NOOR-DUBAI” фонди молиявий кўмагида тиббий кўрик ташкил этилиб, мураккаб жарроҳлик амалиётлари бажарилди.
* Республика ихтисослашган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалига Туркиядан келган жаҳон даражасидаги мутахассис, профессор Озгур Кличекмез бир қатор беморларда қалқонсимон безда микротўлқинли абляция амалиёти бўйича операция ўтказди ва бу борада филиал жарроҳларига маҳорат дарси ўтди.
Мазкур операция айни пайтда дунёдаги етакчи клиникаларда қўлланилаётган янги, самарали ва хавфсиз амалиёт бўлиб, чоксиз, наркозсиз амалга оширилади ва бемор тез тикланади.
* Мамлакатимиз раҳбари тиббиёт ходимлари билан ўтган учрашувда Иштихондаги поликлиника мисолида тиббиётдаги бирламчи бўғиннинг заиф "нуқта"сини танқид қилди. Мазкур йиғилишда бирламчи тиббиёт тизимида катта ўзгаришлар бўлиши ҳақда аниқ вазифалар белгиланди. Президент айтилган янги тизимни жорий йилда Иштихон билан бирга Самарқанд шаҳри, Булунғур тумани ва қолган вилоятларнинг биттадан туманида, кейинги йилдан тўлиқ Самарқанд вилоятида, 2027 йилдан эса босқичма-босқич барча ҳудудларда жорий қилишга топшириқ берилди.
* Вилоятдаги барча тиббиёт муассасалари рақамлаштиришга ўтказилди, D-MED тизими бўйича тиббиёт ходимлари ўқитилиши ташкил этилди.
* Вилоят ҳокими Адиз Бобоев германиялик тиббиёт вакиллари билан учрашуви давомида Самарқандда Германия Федератив Республикаси билан ҳамкорликда тиббиёт йўналишида мутахассислар тайёрланиши белгиланди.
* Поликлиникаларда аҳолига дори-дармон берилиши реимбурсaция дастури бўйича амалга ошириладиган бўлди. Энг кўп учрайдиган, яъни юрак-қон томир, эндокрин, нафас йўллари хасталиклари, ошқозон-ичак тизими хасталиклари учун 29 турдаги дори-дармонлар бепул ажратилди. Бу дастурга кўра, ҳар бир беморга поликлиникада электрон рецепт асосида код берилади. Бемор ушбу код билан исталган поликлиникада ўша дориларни бепул олиши мумкин бўлди.
* Инсультни даволашнинг янгича ёндашувлари жорий қилинди. Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Самарқанд филиали шифокорлари томонидан республикамиз тиббиёт тизимида биринчилардан бўлиб, инсультни даволаш юзасидан янгича ёндашувлар асосида юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилди.
* Нурободда янги реабилитация маркази фаолият бошлади.
* Илк бор Евроосиё болалар хирурглари конфедерациясининг конгресси ўтказилди.
*4-8 ноябрь кунлари Сингапурда бўлиб ўтган 21-Бутунжаҳон эндоскопик жарроҳлик конгресси (WCEС-2025)да ўзбекистонлик тиббиёт ходимлари, хусусан, самарқандлик шифокорларнинг маҳорати ҳам эътироф этилди.
* Самарқандда илк бор кенг кўламдаги, бир ой давом этган Саломатлик марафони ўтказилди.
* Самарқанд шаҳрида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиалининг янги биноси фойдаланишга топширилди.