Ёшларга эътибор китобдан бошланади: сенатор ўқувчиларга китоб совға қилди
Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шавкат Шарипов Самарқанд шаҳридаги 5-умумтаълим мактабида бўлиб, таълим муассасасида ўқувчилар учун яратилган шароитлар билан танишди.
Дастлаб мактаб раҳбарияти ҳамда 9-Обод сайлов округи таркибидаги Боғи Феруза маҳалласи еттилиги билан мулоқот ўтказилди. Унда ҳудудда амалга оширилаётган ишлар, таълим муассасасидаги мавжуд масалалар ва уларни ҳал этиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, айни пайтда мактабда 88 та синфда 3 минг нафардан зиёд ўқувчи таҳсил олмоқда. Ўқувчилар сонининг юқорилиги инобатга олиниб, таълим муассасаси ҳудудидаги бўш майдондан самарали фойдаланган ҳолда янги бино ва қўшимча синфхоналар барпо этиш таклифи билдирилди. Сенатор мазкур масалани ўз ваколати доирасида ўрганиб, уни ҳал этиш юзасидан тегишли чоралар кўрилишига кўмаклашишини маълум қилди.
Шавкат Шарипов ўқитувчи ва ўқувчилар билан ҳам самимий мулоқот ўтказиб, мактаб кутубхонаси ҳамда ўқувчиларга китоблар совға қилди. Мулоқотда китоб мутолаасининг ёшларнинг билим ва тафаккурини юксалтиришдаги аҳамияти алоҳида таъкидланди. Бугунги кунда ҳар томонлама билимли, кенг дунёқарашга эга, мустақил фикрлайдиган авлодни тарбиялаш таълим соҳасининг муҳим вазифаларидан бири экани қайд этилди.

Сенатор ёшларга мурожаатида келажакда мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган етук кадрлар бўлиб камол топиш учун, аввало, пухта билим олиш ва замонавий касб-ҳунарларни эгаллаш муҳимлигини таъкидлади. Ўқувчиларни ўз олдига юксак мақсадлар қўйиб, изланиш ва интилишдан тўхтамасликка, Ватанга фидойи, халққа хизмат қиладиган муносиб инсонлар бўлиб етишишга чақирди.