Вилоятда тиббиёт аҳолига яқинлашдими, хизмат сифати ошдими?

2025 йил 1 июлдан юртимиздаги 15 туман ва шаҳарда, жорий йилдан эса вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида тажриба-синов тариқасида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели жорий қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 19 майда қабул қилинган “Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва “Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни амалга оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида йўлга қўйилаётган янги тизимнинг туб моҳияти тиббиёт соҳасини энг илғор хорижий тажриба асосида ислоҳ қилиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг замонавий тизимини шакллантириш ва соҳага янги бошқарув тамойилларини жорий қилишдан иборат.

Лекин бу мақсадларга эришиш учун яна бир қатор чора-тадбирлар, вазифаларни амалга ошириш зарурки, улар юқорида қайд этилган ҳужжатларда аниқ белгилаб қўйилган. Гап уларни ўз вақтида, сифатли бажаришда қолмоқда.

Хўш, янги тизим қандай йўлга қўйилди, тиббиёт чиндан ҳам аҳолига яқинлашдими, хизмат сифати ошдими?

– Янги тизимдан кўзланган асосий мақсад, аввало, бирламчи тизимни аҳолига яқинлаштириш, иккинчидан, халқаро тажрибага асосланган ҳолда янги модел яратиш ва бирламчи тизимга аҳоли қамровини 70 фоизга етказиш, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Жамшид Жиянов. – Учинчидан, тиббиётда турли хил қоғозбозликларни камайтириш ва соҳани рақамлаштириш. Тўртинчидан, тиббиёт ходимлари юкламасини 30 фоизга камайтириш ҳамда аҳолининг бирламчи тизимдан розилигини 85 фоизга етказиш кўзда тутилган. Ўтган йилнинг иккинчи ярмида республикамизнинг 15 ҳудудида, жумладан, вилоятимизнинг Самарқанд шаҳри, Иштихон ва Булунғур туманларида тажриба-синов тарзида янги тизим йўлга қўйилгани бизга жуда қулай бўлди. Ушбу ҳудудларда амалга оширилган ишлар, бу жараёнда дуч келинган айрим муаммолардан хулоса чиқариб ва эришилган натижаларни таҳлил қилиб, йил бошидан 13 туман ва шаҳарда ҳам янги тизимни йўлга қўйдик.

Шу пайтгача бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимида аҳолига оилавий поликлиника, қишлоқ оилавий поликлиникаси ёки қишлоқ шифокорлик пункти, маҳалла тиббиёт пункти (контейнерлар) орқали хизмат кўрсатиларди. Вилоятда 71 та оилавий поликлиника ва унинг 81 та филиали, 170 та оилавий шифокорлик пунти ва 44 та филиали, 230 та маҳалла тиббиёт пункти, 191 та контейнер бор эди. Бу муассасалар аҳоли сонидан келиб чиқиб, юридик мақомга эга оилавий поликлиникаларга ҳамда уларнинг филиалларига айлантирилди. Масалан, аҳолиси сони 12 минг нафаргача бўлган ҳудудларда иккинчи тип оилавий поликлиника, 12 минг нафардан ортиқ бўлса, биринчи тип оилавий поликлиника, 3000 нафаргача аҳоли яшайдиган ҳудудларда эса иккинчи типдаги оилавий поликлиника филиали ташкил этилди. Айни пайтда вилоятимизнинг  4 миллион 294 минг аҳолисига 239 та биринчи типдаги, 160 та иккинчи типдаги оилавий поликлиника ва унинг 19 та филиали орқали бирламчи тиббий-санитария хизмати кўрсатилмоқда.

Оилавий поликлиникаларда аҳолига тиббий ёрдам кўрсатувчи оилавий шифокор, педиатр, акушер-гинеколог ва ташхислаш хизматларини кўрсатувчи мутахассислар, шунингдек, аутсорсинг асосида стоматология хизмати йўлга қўйилди. Шунингдек, бу муассасаларда УТТ ва рентген текширувларини амалга ошириш имконияти яратилди.

Аҳолига оилавий шифокорни эркин танлаш ҳуқуқи берилади. Тиббиёт бригадаси ҳамда унга бириктирилган аҳоли ўртасида томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи битим тузилади. Бу битим бажарилиши учун тиббий бригада ва улар хизмат кўрсатадиган аҳоли ҳам масъул ҳисобланади. Аввалги тизимда 2000 аҳолига бир нафар врач, икки нафар ва бир нафар амалиётчи ҳамиширадан иборат тиббий бригада хизмат кўрсатган бўлса, эндиликда битта бригада 3000 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Бригадада патронаж ҳамширалар сони 3 нафарга кўпайди. Олис ҳудудларда яшайдиган аҳоли учун тор доирасидаги мутахассислар кўриги йўлга қўйилди.