Бульдозер ортидаги матонат

Яқинда Президентимиз фармонига кўра, «Ўзбек геология қидирув» АЖ Самарқанд марказий геология-қидирув экспедицияси бульдозер-машинисти Ҳамза Сайитов «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда геология соҳасида ўз касбига фидойи инсонлар меҳнат қилмоқда. Уларнинг аксарияти оиласидан йироқда, баланд тоғлар ва жазирама чўлларда ҳафталаб фаолият юритиб, ер ости қазилма бойликларини ўрганиш ва қидирув ишларини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

- Геология соҳасини ривожлантириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва янги конларни аниқлаш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган инсонлар алоҳида эътибор ва эътирофга муносиб, - дейди «Ўзбек геология қидирув» АЖ Самарқанд марказий геология-қидирув экспедицияси бошлиғи Собир Неъматуллаев. - Ҳамза Сайитов ана шундай ўз касбига садоқатли, тажрибали мутахассисларимиздан бири ҳисобланади. У техникаларни самарали бошқаради, уларни доимо соз ҳолатда сақлайди ва иш жараёнида хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этади. Авария ҳолатларининг олдини олиш ва уларни бартараф этишдаги масъулиятли ёндашуви унинг юксак касбий маҳоратидан далолат беради.

Қарийб чорак асрлик меҳнат стажига эга бўлган Ҳамза Сайитов 2007 йилдан буён мазкур корхонада самарали фаолият юритиб келмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда Самарқанд марказий геология-қидирув экспедицияси томонидан амалга оширилган 30 дан ортиқ лойиҳанинг белгиланган режадан ортиқ бажарилишида унинг ҳиссаси салмоқли.

Кейинги уч йилда Қўшработ туманидаги қатор истиқболли геология участкаларида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жумладан, у бошқарувидаги “Chetra T-11.02 YaBR-1” русумли бульдозер ёрдамида "Зармитан" дала экспедицияси ҳудудида бир йил давомида қатор участкаларда катта ҳажмда ер ишлари бажарилди. Хусусан, “Ғужумсой” участкасида 225 м³, “Зармитан” участкасида 400 м³, “Ўрталиқ” участкасида 670 м³, “Юқорисарой” участкасида 200 м³, “Қўрғон” участкасида 135 м³ ҳамда “Байрам маъдан намоёни” участкасида бурғулаш майдонларини тайёрлаш ишлари амалга оширилди. Бу ишлар олтин маъданли конлар ва истиқболли майдонларни ўзлаштиришда муҳим аҳамият касб этди.

Ҳамза Сайитов нафақат моҳир мутахассис, балки ҳақиқий устоз сифатида ҳам жамоада алоҳида ўрин тутади. У кўп йиллик бой тажрибасини ёшларга ўргатиб, шу кунга қадар ўн нафардан ортиқ шогирд тайёрлаб, уларни мустақил меҳнат йўлига йўналтиргани билан ҳам эътиборга лойиқ.

- Президентимиз томонидан берилган давлат мукофоти нафақат менинг, балки бутун жамоамизнинг меҳнатига берилган юксак баҳодир, — дейди “Шуҳрат” медали соҳиби Ҳамза Сайитов. — Агар жамоамизнинг қўллаб-қувватлаши бўлмаганида, бундай натижага эриша олмасдим. Бу мукофотни барча геологларимизнинг машаққатли меҳнати ва фидойилигининг эътирофи, деб биламан.

Бугун ер остида яширинган қимматбаҳо маъданларни аниқлаб, мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтиришдек масъулиятли вазифани ўз олдига мақсад қилиб қўйган Ҳамза Сайитовнинг фидойилиги, касбига садоқати ва юксак инсоний фазилатлари барча учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилмоқда.

Дилмурод Тўхтаев.