Француз маршали Луи Ланглес талқинидаги Амир Темур
Амир Темур ҳақидаги Европа адабиётида муҳим ўрин тутган асарлардан бири француз шарқшуноси Луи Матё Ланглес номи билан боғлиқ.
Қатар Миллий кутубхонаси рақамли фондида сақланаётган 1787 йилги француз нашри тавсифида асар асли турк тилидаги матндан Абутолиб ал-Ҳусайний томонидан форсчага ўгирилгани, ана шу нусхадан фойдаланган Луи Ланглес француз тилида ўз асарини нашр этгани кўрсатилади.
Европага етиб борган матн Амир Темур ҳақидаги бевосита французча асар эмас, балки аввал турк тилида ёзилган, кейин Абутолиб ал-Ҳусайний томонидан форсчага ўгирилган нусха орқали кириб борган матндир. Луи Матё Ланглес асарни 1787 йилда Парижда “Темурнинг сиёсий ва ҳарбий тузуклари, аслида Темур деб аталади. Тузукат” мазмунидаги узун сарлавҳа билан нашр эттирган. Қатар Миллий кутубхонаси тавсифида бу китобнинг айнан Луи Ланглес томонидан тайёрлангани, “Темур ҳаёти” қисми эса Абутолиб ал-Ҳусайний матни асосида берилгани алоҳида кўрсатилган.
Луи Ланглес Амир Темур шахсини бир ёқлама улуғлаш ёки бир ёқлама қоралашдан кўра, уни тарихий зиддиятлар ичида кўрсатишга уринади. Асарда Амир Темур бир пайтнинг ўзида тартиб ўрнатувчи давлат арбоби, фавқулодда иродали саркарда, диний шиорлардан фойдаланган сиёсатчи ва истилочи жаҳонгир сифатида тасвирланади. Шу жиҳатдан асар ХIV–ХV аср бошларидаги Мовароуннаҳр, Эрон, Олтин Ўрда, Ҳиндистон, Кавказ, Сурия ва Кичик Осиёнинг нотинч тарихи ҳақида ҳам муҳим тасаввурларни беради. Луи Ланглес Амир Темурнинг туғилишидан бошлаб ёзади. Унинг қайд этишича, Амир Темур Кешда туғилган, отаси Амир Тарағай Чиғатой улусидаги йирик амирлардан бири бўлган. Болалигидан подшоҳлик ва фатҳ ҳақида гапирган, тенгдошларини ўзига эргаштирган, ҳатто бувиси унинг буюк жаҳонгир бўлишини башорат қилган. Муаллифнинг бу маълумотлари бир қарашда тарихий ҳужжатдан кўра афсона яратишга яқинроқдек кўринади, аммо улар Амир Темур образининг Шарқда қандай шаклланганини тушунишда жуда муҳимдир.

Муаллиф Амир Темурнинг тарих саҳнасига чиқишини Мовароуннаҳрдаги таназзул билан боғлайди. Чиғатой ҳукмдори Қозонхон ўлдирилади, ундан кейинги ҳукмдорлар ҳам бирин-кетин ҳалок бўлади, Чиғатой улусининг ғарбий қисми майда бекликларга бўлиниб кетади. Шундай пайтда Мўғулистон хони Туғлуқ Темур Мовароуннаҳрга юриш қилади. Л.Ланглес шу ерда Амир Темурнинг илк сиёсий маҳоратини алоҳида кўрсатади. Амир Темур Туғлуқ Темурнинг ишончини қозонади, кейин унинг ҳузурига бориб, марҳаматига сазовор бўлади ва ҳатто Мовароуннаҳр бошқаруви ҳамда 10 минглик қўшин қўмондонлигини олади. Бу ерда муаллиф Амир Темурни вазиятни тўғри баҳолай олган сиёсатчи сифатида тасвирлайди.
Асардаги кейинги то Амир Темур ҳукмдор этиб эълон қилингунга қадар бўлган воқеалар бошқа тарихий манбалардаги маълумотлардан фарқ қилмайди. Амир Темурнинг аввал Туғлуқ Темур хизматига кириши, кейин эса унинг ўғли Илёсхўжа билан муносабатларнинг бузилиши, Амир Ҳусайн билан тузилган иттифоқ ҳақида батафсил тўхталиб ўтган. Асарда бу ўринда Амир Темурнинг икки сифати тавсифланади. У содиқликни ҳам, манфаатни ҳам бирдай ишлата олган. Айнан шу фазилати уни оддий амирдан ҳукмдор даражасига олиб чиқади.
Амир Темурнинг Амир Ҳусайн билан иттифоқи узоқ давом этмайди. Ланглес Амир Ҳусайнни ҳасадгўй, ҳар нарсадан шубҳаланувчи ва ношукр шахс сифатида тасвирлайди. Амир Темур эса кўп жангларда ботирлик кўрсатади, қўшин муҳаббатини қозонади. Охир-оқибат Амир Ҳусайн енгилади. Муаллиф бу воқеани Амир Темур учун ҳокимият сари йўл очган бурилиш нуқтаси деб кўрсатади. 1370 йилга келиб Амир Темур Чиғатой улусининг амалдаги ягона ҳукмдорига айланади. Тахтга ўтиради, бироқ “хон”ликни чингизий шаҳзодага қолдиради. Бу ерда муаллиф Амир Темурнинг ҳушёрлигини юқори баҳолайди. У амалда ҳокимиятни эгаллайди, аммо сиёсий легитимликни бузмайди. Ўша давр анъанасига мувофиқ тахтга фақат чингизийлар ҳақли эди. Тахтга чиққач, Амир Темур аввал ички тартибни тиклашга киришади. Самарқандда умумий кенгаш чақиради, рақибларни синайди, итоатсизларни жазолайди. Асарнинг бу қисми Амир Темурнинг Мовароуннаҳр учун айнан нимани англатганини тушунишда ёрдам беради. Шу вақтгача халқнинг тинкасини қуритган бошбошдоқлик ўрнига марказлашув юз беради. Муаллифнинг ўзи ҳам буни ижобий баҳолайди.

Амир Темур ҳукмронлигининг илк йиллари Жете улуси ва Хоразмга қарши юришлар билан ўтади. Хоразм ҳукмдори билан қариндошлик алоқаси ўрнатилиб, тинчликка эришилади. Аммо зафарлар орасида темурийлар оиласида фожиа юз беради. Соҳибқироннинг катта ўғли Жаҳонгир Мирзо вафот этади. Л.Ланглес бу воқеани таъсирли қилиб тасвирлайди. Самарқанд амирлари, халқ, ҳатто қўшин қора либос кияди. Бу жойда муаллиф Амир Темурни фарзанд дардини кўтарган ота сифатида ҳам кўрсатади. Асардаги кейинги воқеаларда Тўхтамишхон ҳақида сўз юритилади. Чингиз авлодидан бўлган бу шаҳзода Олтин Ўрда тахтига эга чиқиш учун Амир Темур ҳузурига ёрдам сўраб келади. Темур унга кўмак беради, аммо бу қарор кейинчалик Темурнинг энг оғир ташқи муаммоларидан бирига айланади. Амир Темур ўзи тахтга чиқарган ҳукмдор кейинроқ унинг энг хавфли душманига айланади.
Асардаги кейинги воқеалар Хуросон ва Форс ерларига юришлар билан боғлиқ. Луи Ланглес Амир Темурнинг Эрон ичкарисига кириб боришини, бу ерни бўйсундиришда рақиб сулолалар ўртасидаги низолардан фойдаланганини таъкидлайди. 1381 йилда Хуросон бўйсундирилади. Орадан кўп ўтмай Амир Темур қизи, синглиси ва хотинларидан бирини йўқотади. Муаллиф бу йўқотишлар унинг ҳарбий юришларини вақтинча сусайтирганини ёзади. Аммо уламолар ва амалдорлар уни яна шон-шуҳрат сари қайтаради. Л.Ланглес шу ерда Амир Темур юришларини сарой ва диний доиралар томонидан ҳам рағбатлантирилган сиёсий муҳит билан изоҳлайди. 1384-1386 йилларда Амир Темур яна Эрон, Озарбайжон ва Грузия томон юради. Грузия босиб олинади, қирол Баграт асирга тушади ва муаллифнинг Шарафиддин Али Яздийга таянган ҳолда айтишича исломни қабул қилади. Бу воқеалардан кейин муаллиф ов ва тантаналарни тасвирлайди.
Сўнгра Музаффарийларга қарши юриш бошланади. Исфахон таслим бўлади, аммо шаҳарда қўзғолон кўтарилиб, бир темирчи бошчилигида Амир Темур жагчилари ўлдирилади. Қўзғолончилар аёвсиз жазоланади. Бу ерда муаллиф Амир Темур юришларидаги асосий мантиқни кўрсатади. Яъни, итоат бўлса марҳамат, қаршилик бўлса жазо муқаррар. 1388 йилда Амир Темур Самарқандга қайтади.
Кейин асар марказига яна Тўхтамишхон чиқади. У Амир Темурнинг ҳомийлигини унутиб, унга қарши юради. Амир Темур ҳам юришга тайёрланади. Ланглес 1389–1391 йиллар оралиғидаги бу юришни ғоят машаққатли, деярли афсонавий ҳарбий синов сифатида тасвирлайди. Қўшинлар беш қанотга бўлинади, кенг саҳро кесиб ўтилади. 1391 йилги Тўхтамиш мағлубияти билан тугаган катта жанг асарда кенг тасвирланади. Амир Темур юришдан Самарқандга қайтгач, Форс ва Мозандарондаги янги можаролар уни яна сафарга отлантиради. 1392 йилда у 80 минг кишилик қўшин билан беш йилга мўлжалланган янги юришга чиқади. Ана шу юришларда Шоҳ Мансурга қарши жангда 17 ёшли Мирзо Шоҳрух Мансурнинг бошини кесиб, отаси оёғи остига ташлагани қайд этилади. Муаллиф бу воқеани тасвирлар экан темурийлар шаҳзодаларнинг қаттиқ ҳарбий муҳитда улғайганини кўрсатади. 1396 йилда Амир Темур Кешга бориб, отаси ва ўғли Жаҳонгир қабрларини зиёрат қилади, эҳсонлар тарқатади, сўнг Самарқандга тантанали кириб келади. Шоҳрухни Хуросон, Сейистон ва Мозандарон ҳукмдори деб эълон қилади. Йил сўнгида тўйлар, набиралар никоҳи, ҳатто Амир Темурнинг ўзи ҳам никоҳ қуриши эсланади.
Асарнинг кейинги қисмида Ҳиндистон юриши ҳақида сўз боради. Муаллиф бу юришни диний шиорлар билан безатилган, аммо аслида шон-шуҳрат ва ўлжа билан боғлиқ юриш сифатида кўрсатади. Амир Темур ўз лашкарбошиларига “бутпарастлар юрти”ни забт этиш ҳақидаги нутқни сўзлайди. Ланглес айнан шу ерда ўз муносабатини яширмайди. У Амир Темурнинг диний шиорлардан моҳирлик билан фойдаланганини очиқ ёзади. 1398 йил сентябрида Амир Темур Ҳинд дарёсидан ўтади. Деҳли жангида филлар Амир Темур қўшинини саросимага солади. Шу ўринда муаллиф Клавихо берган маълумотларга мурожаат қилади. У Темур биринчи қийинчиликдан сўнг филларга қарши қуруқ сомон ортилган туяларни ёқиб юбориш ҳийласини қўллаганини келтиради. Клавихо бевосита жангда қатнашмаган бўлса-да, Темур саройида бу воқеалар қандай айтилганини эшитган бўлиши керак.

1399 йил сентябрида янги етти йиллик юриш бошланади. Бағдод, Грузия ва Кавказ эгалланади. Кейин навбат Усмонли султони Боязид Йилдиримга келади. Муаллиф Византия императори Амир Темурдан усмонли туркларга қараши ёрдам сўрагани ҳақидаги хабарларни ҳам тилга олади. Луи Ланглеснинг келтиришича, Амир Темур Султон Боязид билан келишишга уринган, дипломатия самара бермагач, 1402 йилда 800 минг аскар билан Анадолига юради. Сивасни олгандан сўнг қўшинининг орқа қисмини хавфсиз бўлиши учун Сурияга юради. Дамашқ ва Ҳалаб эгалланиб, Боғдод иккинчи марта фатҳ этилади. Муаллиф Боязид билан тўқнашувни кенг тасвирлайди. Амир Темур қўшинларини қанот ва марказга бўлади, ўзи 40 та танланган полкдан иборат захирани бошқаради. Филлар ҳам жангга жалб этилади. Анқара жанги эрталаб бошланади. Боязид қанотлари чекинади, ўзи эса кечгача шердай жанг қилади, охирида асир олинади. Муаллиф Амир Темур Султон Боязидни кўриб йиғлаганини, кишанларини ечдирганини, ёнига ўтқазганини ёзади.
Асарнинг энг қизиқ жойларидан бири шуки, Луи Ланглес Боязиднинг темир қафасга солингани ҳақидаги машҳур ривоятни рад этади. У бу афсонани Арабшоҳ ва кейинги юнон-турк муаллифлари бўрттирганини айтади, Вольтер фикрига таянган ҳолда буни шубҳа остига олади ва бу борада Шарафиддин Али Яздийга суянади. Ланглес Боязид воқеасида Амир Темурнинг душманга муносабати ҳақидаги тўқиб чиқилган афсоналарни рад этади. Муаллифнинг келтиришича, Амир Темур Боязидга тасалли беради, ҳатто айрим ерларини қайтариш ҳақида гапирилади, аммо орадан кўп ўтмай Боязид вафот этади. Амир Темур унинг болаларини қўллаб-қувватлайди. Бу орада валиаҳд набираси Муҳаммад Султон вафот этади. Асарда Амир Темурнинг бу фожиадан жуда қаттиқ изтироб чеккани ёзилади.
Асарнинг кейинги қисмларида Амир Темур яна Грузия, Ироқ, Қора Юсуф Туркман, Бағдод ва Қорабоққа юриш қилганлиги келтирилади. Айниқса, муаллифнинг Қорабоғдаги қишки қароргоҳ ҳақидаги маълумотлари қизиқ. Ўтовлар, ҳукмдорнинг ҳашаматли ўтови, давлат ишлари муҳокамаси, Рамазон ойи билан боғлиқ маросимлар майда деталларигача тасвирланади. Бу маълумотлар Амир Темур қўшини қурган лагернинг ўзи ҳам кўчма пойтахтга айланганини кўрсатади. 1404 йилда Амир Темур ниҳоят етти йил деганда Самарқандга қайтади. Чинор боғида яшайди, жамоат қабулларини ўтказади, одамлар шикоятини тинглайди, баъзи ҳаддидан ошган амалдорларни намуна учун жазолайди. Испания қироли юборган элчилар совғалар билан келади. Асарда Самарқанд учун Дамашқдан келтирилган усталар сарой қураётгани айтилади. Бу жойда Клавихо қайдларига қарасак, у ҳам Самарқанддаги қурилиш, усталар ва сарой ҳашаматини жуда батафсил ёзган эди. Л.Ланглес тасвирлаган бу ҳолат Клавихо кузатувлари билан мос тушади.
Асар Амир Темурнинг Хитой юриши билан тугайди. Муаллиф 1404 йил 28 декабрда Амир Темур Самарқанддан сўнгги бор йўлга чиққан, деб ҳисоблайди. Қўшин Сирдарёни муз устидан кесиб ўтиб, Ўтрорга келади. Бу шаҳарда Амир Темур касалланиб қолади. Касал ҳолида Пир Муҳаммад Жаҳонгирни меросхўр деб эълон қилади, фарзандларига адолат, заифларни ҳимоя қилиш, ҳасад ва мансабпарастликни жиловлаш ҳақида насиҳат қилади. Асарда Амир Темур ўзи қурган тузумнинг энг катта душмани ташқи душман эмас, ички низо эканини англаган ҳукмдор сифатида кўрсатилади. Амир Темур Қуръон оятлари тиловат қилинаётган пайтда вафот этади. Ланглес турли ҳисобларни келтириб, уни тахминан 1405 йил март ойида, 69-71 ёш оралиғида ҳаётдан кўз юмган, деб ҳисоблайди. Жасад мўмиёланиб, Самарқандга олиб келиниб дафн этилади.
Асарнинг якуний бўлимларида Амир Темур характерига баҳо берилади. Арабшоҳдан олинган қарама-қарши, аммо қимматли тавсиф ҳам келтирилади. Темур баланд бўйли, кучли, очиқ пешонали, катта бошли, йўғон елкали, кучли мушакли, узун соқолли, ўнг қўл ва оёғи шикастланган, лекин серғайрат, ёлғоннинг душмани, қаттиққўл, аммо ростгўйликни қадрловчи сифатида тасвирланади. У тарихчилар, файласуфлар, олимлар билан суҳбат қуришни ёқтирган, шахмат ва овни севган, халқ аҳволидан хабардор бўлишга уринган. Ланглес бу фазилатларни тан олади. Аммо муаллифнинг якуний хулосаси икки томонламадир. Амир Темур буюк давлат арбоби бўлган, бироқ унинг дунёни бўйсундириш орзуси қирғинбарот истилоларга йўл очган.
Шу тариқа Ланглес асаридаги Амир Темур - фақат қаҳрамон эмас, фақат золим ҳам эмас. У вайроналар ичидан давлат қурган, адолат ҳақида васият қилган, олимларни қадрлаган. Шу билан бирга, сон-саноқсиз истилоларни ҳам амалга оширган. Муаллифнинг энг муҳим хулосаси ҳам шунда. У Амир Темур шахсини тушуниш учун унинг буюклигини ҳам, фожиасини ҳам бирга кўриш керак, деб ҳисоблаган.
Кўриб чиқилган асар битта нарсани жуда аниқ кўрсатиб беради. Амир Темур тарих саҳнасида тасодифан эмас, парчаланиб кетган Осиёнинг эҳтиёжидан туғилган. Амир Темур тартиб ўрнатаркан, ўша тартибни қатъият билан амалга оширган. Шунинг учун ҳам Амир Темур ҳақида ёзилган ҳар бир асар, хоҳ Шарқ манбаси бўлсин, хоҳ Ғарб талқини, унинг шахсини бир вақтнинг ўзида ҳам ҳайрат, ҳам савол, ҳам баҳс манбаи қилиб кўрсатади.
Маҳмудхон Юнусов,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, музейшунос.