Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳаво сифати ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси: Самарқанд мисолида

Ҳаво сифати билан боғлиқ хавотирлар фақат Тошкентга хос эмас. Самарқандда ҳам бу масала жиддий кун тартибига чиқиши керак.

Нега, дейсизми? ZAMIN (Horiba) мониторинг станцияси маълумотларига кўра, ўтган 85 кун мобайнида ҳаводаги майда заррачалар (PM) белгиланган миллий меъёрдан юқори бўлган. Бу - йилнинг қарийб уч ойида ҳаводаги майда заррачалар концентрацияси меъёрдан ошганини англатади.

Бу ҳолат ҳаво ифлосланиши мавсумий ёки тасодифий эмас, балки тизимли эътибор ва аниқ ечимларни талаб қиладиган муаммо эканини кўрсатмайдими?

Қандай ҳуқуқимиз бор?

Юқорида қайд қилинган ҳолатга нафақат экологик, балки конституциявий-ҳуқуқий масала сифатида ҳам қаралиши лозим. Чунки ҳавонинг ифлосланиши фақат атроф-муҳитга таъсир қилмайди. У инсон саломатлиги, ҳаёт сифати ва хавфсиз яшаш муҳитига бўлган ҳуқуқлари билан бевосита боғлиқ.

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Конституциясида бир қатор муҳим нормалар белгиланган. Хусусан, Конституциянинг 49-моддасига мувофиқ «Ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга».

Демак, тоза ва қулай атроф-муҳитда яшаш ҳуқуқимиз бор. Иккинчидан, ҳавонинг ифлосланиш даражаси, унинг сабаблари ва аҳоли саломатлигига эҳтимолий таъсири ҳақида ишончли маълумот олиш ҳуқуқига эгамиз.

Кўринадики, ҳаво сифати бўйича мониторинг натижаларининг мунтазам эълон қилиниши ҳам конституциявий ҳуқуқларни таъминлашнинг муҳим қисми.

Умуман, ўтган йили Самарқандда ҳаводаги майда заррачалар миқдорининг бир йил давомида 85 кун миллий меъёрдан юқори бўлгани ҳақидаги маълумот жиддий эътибор ва қўшимча ўрганишни талаб қилади. Бу рақамларни шунчаки статистик кўрсаткич сифатида қабул қилиш тўғри эмас.

Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг белгиланган ҳуқуқ ва кафолатлар қоғоздаги нормалар бўлиб қолмаслиги, балки ҳар бир ҳудудда, жумладан, Самарқанд шаҳрида ҳам амалий ифодасини топиши лозим.

Тоза ҳаво — шунчаки экологик неъмат эмас, балки инсоннинг муносиб ҳаёт кечириши ва қулай атроф-муҳитда яшаш ҳуқуқининг муҳим шартларидан биридир.