Самолётлар учмайди, интернет ўчади, телефонлар фош этади: Жанубий Кореяда ғайриоддий кун
Эртага Жанубий Кореяда самолётлар парвози тўхтатилади, Wi-Fi ўчирилади, бутун мамлакат бўйлаб телефонларга махсус огоҳлантиришлар юборилади...
Аммо бу рақамли қиёмат эмас, балки мактаб битирувчилари учун имтиҳон.
Миллионлаб мактаб ўқувчилари Сунун (수능) — университетга кириш тақдирини ҳал қиладиган муҳим имтиҳонни топширади. Ҳеч ким кўчирмаслиги ва қоидабузарликка йўл қўймаслиги учун Жанубий Корея ҳукумати бутун мамлакат бўйлаб мисли кўрилмаган чекловлар жорий қилди:
- Бутун мамлакат бўйлаб смартфонларга махсус огоҳлантириш хабарлари юборилади. Улар телефон овозсиз режимда бўлса ҳам жаранглайди. Бу орқали имтиҳон топшираётган ўқувчиларда яширин телефон бор-йўқлиги аниқланади.
- Имтиҳон вақтида, 35 дақиқа давомида самолётларнинг учиши ва қўниши тақиқланади.
- Сунъий интеллект компанияларига ўқувчилар имтиҳон саволларини суратга олиб, чат-ботларга юклаган ҳолатлар ҳақида тегишли идораларга хабар бериш мажбурияти юклатилган.
- Ўқувчиларнинг кўзойнаклари текширилади, кийимларининг тугмаларига эса яширин камералардан фойдаланишнинг олдини олиш учун махсус белгилар ёпиштирилади.
- Ўзингиз билан ўчирғич, корректор, механик қалам ва маркер олиб кириш мумкин эмас. Барча зарур анжомлар имтиҳон ташкилотчилари томонидан берилади.
- Жамоат тартибини назорат қилиш учун қўшимча 8400 нафар ходим жалб қилинади.
- Автомобилларни имтиҳон марказларига 200 метрдан яқинлаштиришмайди.
Жамоат транспорти мактаблар яқинида тезлигини пасайтиради. Қурилиш ишлари шовқинни камайтиришга мажбур бўлади. 100 метр радиусдаги оммавий Wi-Fi тармоқлари ҳам ўчирилади.
Электрон қурилмалар ёрдамида кўчирганлик учун 5 йилгача қамоқ жазоси белгиланган. Қоидабузарлар ҳақида хабар берганларга эса 100 миллион вонгача (тахминан 900 минг сўм) мукофот ваъда қилинмоқда.
Тайёргарлик жараёнига ҳатто Жанубий Корея президентининг ўзи ҳам аралашиб, хавфсизлик чораларини кучайтириш бўйича топшириқ берган.
Хуллас, Жанубий Кореяда университетга кириш имтиҳони шунчалик жиддий масалаки, бир кунга бутун мамлакат ҳаёти имтиҳонга мослаштирилади.