Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Нега Шаҳрисабз «Қуббат ул-илм вал-адаб» деб аталган?

ХIV-ХV асрлар, хусусан, Темурийлар даврида Кеш шаҳри ижтимоий, иқтисодий, маданий ва илмий марказ сифатида ривожланди. Шаҳар қадимдан савдо-сотиқ, ҳунармандчилик, илм-фан билан машҳур бўлиб, Мовароуннаҳрнинг муҳим шаҳарларидан бири эди.

Бу даврда Кеш “Шаҳрисабз” номи билан машҳур бўлиб, давлатнинг маъмурий маркази ва илмий маданият марказига айлантирилган. Шаҳрисабзда илм-фан, савдо-сотиқ, элчилик алоқалари ва меъморчилик кенг ривожланган, уламолар ва олимлар фаолияти учун қулай шароит яратилган.

Милоддан аввалги асрлардан то ХV асргача Кеш «Каш» деб аталиб, Амир Темур даврида “Шаҳрисабз” номи билан машҳур бўлган. Бунда шаҳарни идора қилган Қорачар Нўён ободончилик ишларига аҳамият берганлиги, боғ-роғларни кўпайтирганлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Теварак атроф тоғлик ва дарахтзорлар, узумзорлар билан қопланган, баҳорда ям-яшил тусга кирадиган Кешнинг “сабза - яшил шаҳар” деб аталишида ижод аҳлининг ҳам ҳиссаси катта.

Поён Равшанов Темурнинг Шаҳрисабз бошқарувини қўлга киритиши ҳақида сўз юритар экан, шундай дейди: «Туғлуқ Темур Мовароунннаҳр томонига янги юриш бошлади ва бундан ваҳимага тушган Амир Ҳожи Барлос Кешни ташлаб Хуросонга қочиб кетади. Амир Темур керайит қабиласидан бўлган Амир Ҳамид билан Туғлуқ Темур ҳузурига боради. Бунга Амир Ҳамидни Туғлуқ Темур билан биродарлиги қўл келиб, Темурга Кешни бошқариш ҳуқуқи берилади».

«Кўплаб илм аҳли буюк муҳаддислардан сабоқ олиш ва уларнинг фазилат нурларидан баҳраманд бўлиш учун шу муборак шаҳарга ташриф буюриб туришган. Улардан бири Абул Ҳусайн Муслим ибн Хажжож ал-Кушарий ан-Нишопурий замонасининг йирик билимдон олими Абдаа ибн Ҳамид ал-Кешийдан сабоқ олган. Уларнинг шарофати билан улуғвор Кеш «Қубат ул илм вал-адаб», яъни «Илму адаб Қуббаси» деган шарафли номга сазовор бўлган эди. Муҳаммад Тарарайнинг хонадони ана шу улуғ шаҳарнинг энг нуфузли оилаларидан бири ҳисобланарди».

Амир Темур ҳокимиятга келиши билан Шаҳрисабзни давлатининг пойтахтига айлантириш ниятида бу заминда катта ободончилик ишларини бошлаб юборади. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг шаҳодатича, «Амир Темур туғилган жойи Кешни шаҳар ва пойтахт қилмоқ истагида саъй-ҳаракат қилди, олий иморатлар Кешда бино бўлди. Ўзига девон ўлтурур учун бир улуғ пештоқ ва яна ўнг ёнида ва сўл ёнида тавочи беклари билан девон беклари ўлтуриб девон сурар учун, икки кичикроқ пештоқ қилибтур. Яна саврун эди ултурур учун бу девонхонанинг залида кичик-кичик токчалар қилибтур. Мунча олий тоқ оламда кам нишон берурлар. Дерларким, Кисро тоғидан бу буюкроқдир».

Бу сўзлардан Амир Темур Шаҳрисабзда давлатнинг маъмурий маркази биносини ҳозирлагани маълум бўлади. Бу Оқсарой эди.

Амир Темур ҳар қандай жойда тўхтаганида у қўнган жойлар албатта ободонлаштирилган, бу унинг ўсиб улғайган Шаҳрисабздаги урф-одатлар, кўп асрлик маданият унга таъсир этганини билиш қийин эмас.

Клавихо Шаҳрисабзда бўлган пайти эсдаликларини шундай қайд этади: “Бу жой ҳамма нарсага фаровон - ғалла бўлсин, шароб-у гўшт, мева-ю қушлар, қўйлари жуда ҳам йирик ва думбали, ҳатто баъзиларининг қуйруғи вазни йигирма фунт, яъни бир одам зўрға кўтара оладиган даражада оғир келади. Бундай қўйлар одатда кўп ва жуда арзон, ярим реалга бир ярим ботмон ғалла берар эди. Нон жуда арзон, гуруч ақлга сиғмас даражада мўл» деб такидлайди. Элчилар 1404 йил 28 августда пайшанба куни пешинда атрофлари каналлар ва ирмоқлар билан ўралган текисликда жойлашган Кеш деган катта шаҳарга етиб келдилар. Шаҳарни боғ-роғлар, қишлоқлар ўраб турар, атроф кенг адирликдан иборат, кўп аҳолили қишлоқлар, серсув каналлар, катта ариқлар кўриниб турардики, бу жойлар ёзда жуда чиройли. Темурбек асли шу Кеш шаҳрилик бўлиб, унинг отаси шу ерда туғилган. Бу ерда катта иморат ва масжидлар жуда кўпки, булардан биттаси, Буюк Темур фармони билан қурилиши бошланган, лекин ниҳоясига етмаган иморат, иморат ичида мақбара, мақбарага отасининг қабри қўйилган. Иккинчи мақбарани Темурбек ўзи учун қурдираётган эди (Темур сағанаси)».

Бироқ унинг қурилиши ниҳоясига етмаган. Айтишларича, бир ой олдин Темурбек бу ерда бўлганида мақбарадан кўнгли тўлмаган. Чунки мақбаранинг кириш қисми паст. Уни бошқатдан қуришга буйруқ берган ва шу вақтларда усталар бу ерда ишлаётган экан. Бундан ташқари, мақбарада Темурбекнинг тўнғич ўғли Жаҳонгирнинг қабри мавжуд. Масжид ва мақбара жуда кўркам, олтин, дуру гавҳарлар билан ишлов берилган. Самарқанд ва Шаҳрисабз ўртасидаги Тахта-қарча боғ қасри ҳам ана шу даврда барпо этилган. Манбаларда ёзилишича, бу боғ шу қадар улкан эканки, унинг узунлиги бир неча ўн километрларга чўзилган.

Айнан Темурнинг ўзга юртларни забт этганлиги туфайли Мовароунннаҳрга янги турдаги дарахт ва ўсимлик турлари тарқалади. Хусусан, Шаҳрисабзда илк бор зиғир экиш удумга айланади.

Темур даврида элчилик муносабатлари ривожланиб, асли кешлик бўлган Муҳаммад ал-Кеший Кастилия қироли Генрих III ҳузурига боради. Абдулла Кеший эса Мисрга Фараж ҳузурига жўнатилади. Амир Темур Шарқнинг турли мамлакатларидан забардаст олимларни, ҳадисшунос ва муаррихларни ўз юртига таклиф қилар, уларга катта имконият ва моддий шароит ҳозирлатган.

Х.Вамбери таъкидлаганидек, Кеш мадрасаларида мударрисларнинг маоши анча оширилган. Шарафуддин Али Яздийнинг таъкидича, “Илм ва одоб Қуббаси” сифатида шуҳрат тутган Шаҳрисабзга бошқа юртлардан толиби-илмларнинг келиши Амир Темур салтанати йилларида воқе бўлган». Амир Темур даврида унга яқин бўлган уламолар Хожа Афзалиддин Кеший, Хожа Жалолиддин Кеший, Абдул Ҳамид Кеший ва Абдураҳмон Кешийлар яшаб ижод қилган. Шаҳрисабзда Абдаа ибн Наср ал-Кешийнинг қабри устига қурилган иккита мақбара, бир неча ҳужра ва хонақоҳ барпо этилган. Унинг ичида Соҳибқирон ўзи учун ҳам бир дахма қурдирган. Лекин унга 1376 йили тўсатдан вафот этган тўнғич ўғли Жаҳонгир Мирзо дафн этилди.

Шаҳрисабзда Амир Темур қурдирган (1380-1404 йиллар) энг катта ва машҳур бино бу Оқсаройдир. Клавихо ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг гувоҳлик беришича, Оқсарой нафақат олий ҳукмдор ва унинг оиласи истиқомат қиладиган, балки давлат муассасалари ҳам фаолият кўрсатадиган жой бўлган.

Амир Темур ҳокимият тепасига келганининг дастлабки йилларидаёқ шаҳарнинг бузилиб ётган девори ва мудофаа иншоотларини қайта тиклатди. Булардан бири Дор ут-Тиловат деб аталади. Дастлаб 1370 йил бу ерга Темур отасининг пири Шамсуддин Кулолни дафн этдирганди. Амир Темур 1374 йил қабр устига гумбазли мақбара қурдирди ва унга отасининг ҳокини ҳам олиб келиб қўйдирди. Дор ут-тиловат Мирзо Улуғбек замонида (1437-1438 йил) яна таъмирланди. Шундай бинолардан бири Дор ус-Сиодат (Саййидлар уйи)дир. Мазкур мақбара 865 йили вафот этган муҳаддис Абу Муҳаммад шарафига қурилган.

Мирзо Улуғбек даврида Шаҳрисабзда Амир Темур вафотидан кейин юз берган низолар оқибатида издан чиққан ҳаёт қайта жонланди. Улуғбек ўзининг ички сиёсатида Темур даврида мавжуд бўлган тартиботларга риоя қилди. Қишлоқ хўжалигидан олинадиган асосий солиқ – хирожнинг миқдори камайтирилди. Кўкгумбаз масжиди қурилди, Шамсиддин Кулол мақбараси таъмирланиб, гумбаз тикланди.

Дарғом канали орқали Зарафшон дарёси сувининг бир қисми Қашқадарёга ташланиб, унинг адоғида жойлашган деҳқончилик ерлари сув билан таъминланди. Меъморчилик ва ҳунармандчиликда сополларга ишлов бериш, умумий эстетик қоидалар сақланиб, бадиий услуб бирмунча эркинлашди. Жумладан, сополни безатишда янги анъаналарнинг технологик асослари - "Темурийлар услуби" пайдо бўлди. Бу услуб ХVI-ХVII асрларга келиб бир оз ўзгарган тарзда давом этди.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Темур ва Темурийлар даврида шаҳар ўзининг стратегик жойлашуви, ривожланган савдо-сотиқ тармоқлари, суғориладиган деҳқончилик ерлари ва боғ-роғлари билан ажралиб турган. Бу шаҳар “яшил шаҳар” сифатида ном қозониши нафақат табиий шароит, балки даврнинг машҳур адабиёт ва ижод масканлари билан боғлиқ бўлган.

Буюк олимлар, шоирлар, ҳадисшунослар ва тарихчилар шаҳарда яшаб ижод қилган, дарс берган ва ўз изларини қолдирган. “Қуббат ул илм вал-адаб” номи билан машҳур бўлган шаҳар ўша даврда илмий ва адабий меросни ривожлантиришда етакчи рол ўйнаган. Бу жиҳат шаҳарни нафақат маҳаллий, балки минтақавий миқёсда нуфузли илмий марказга айлантирган. Шаҳар меъморчилиги, ҳунармандчилик ва маданий ҳаёт ривожланиб, Оқсарой, Дор-ут-тиловат, мақбаралар ва бошқа давлат иншоотлари шаҳарни нафақат сиёсий марказ, балки маданий мерос маркази сифатида намоён қилган.

Жавоҳир БЕКНАЗАРОВ,
Самарқанд давлат тиббиёт университети ўқитувчиси.