Амир Темурнинг ҳарбий юришлари ва саркардалик маҳорати: Соҳибқирон қандай йўл билан рақибларини енгган?

Буюк саркарда Амир Темурнинг ҳарбий юришлари орасида Қундузча жанги алоҳида ажралиб туради. Бу жанг Амир Темур қўшини билан Олтин Ўрда хони Тўхтамишхон ўртасида 1391 йил 18 июнда ҳозирги Самара билан Чистополь шаҳарлари оралиғида, Волга дарёсининг шарқий соҳилида жойлашган Қундузча мавзеида содир бўлган.

У ўрта асрлардаги энг йирик жанглардан ҳисобланади. Шарафиддин Али Яздийнинг ёзишича, Тўхтамишхон қўшини Амир Темурникидан анча кўп бўлган. Амир Темур қўшинида 200 минг аскар бор эди. Қундузча жангида ҳар икки томондан 500 мингга яқин жангчи иштирок этган. Амир Темур қўшинларини анъанавий тартиб – марказ, сўл ва ўнг қанот ҳолидан ўзгача тартибда тузишга аҳд қилади ва жанговар тартибнинг янги усулини қўллайди, қўшин 7 қўлга тақсим этилади. Марказдаги қўлга амалда амир Сулаймоншоҳ қўмондон бўлган. Унинг ортидан Муҳаммад Султон бош бўлган қўл жойлашган, бу қўл кетидан Соҳибқирон қўл остида бўлган 20 қўшин (бўлук) захирадаги қисм сифатида борган. Баронғарга Мироншоҳ Мирзо, қунбул (қанот)га амир Хожи Сайфиддин барлос, жувонғарга Умаршайх Мирзо, унга қунбул сифатида амир Бердибек, Сарибуғо қўллари жойлашган. Ўғруқ ва захира қисмларига қўмондонликни Амир Темур ўз зиммасига олган. Унинг қўшини марказ ортида бўлиб, ким ёрдамга муҳтож бўлса ўшанга кўмак юборишга тайёр турган. Кейинчалик маълум бўлишича, жанг тақдирини ушбу ҳарбий қисм ҳал этган. Тўхтамишхон қўшинни 5 қўлга тақсимлаб, уларга Жўжи хонадонига мансуб шаҳзодалар ҳамда энг олий даражадаги амирларни қўмондон қилиб тайинлайди.

Жанг куни эрта тонгда (18 июнь) Амир Темур қўшини кўз ўнгида отдан тушиб Аллоҳдан мадад тилаб икки ракаат намоз ўқиган. Байроқ ва туғларни кўтарган қўшин ноғора чалиб, сурон айтиб, улкан жанг карнайлари садолари остида жангни бошлайдилар. Умаршайх қўмондонлиги остидаги сўл қанот Тўхтамишхон томонидан берилган зарба натижасида мушкул аҳволга қолади, рақиб қўшини сўл қанотни ёриб ўтиб орқа томондан ҳужум уюштиришга эришади. Амир Темур бу пайтда қипчоқларнинг асосий қисмини таъқиб этмоқда эди, лекин у захирадаги қисм билан ўзининг сўл қанотига ёрдамга келади ва душман улоқтириб ташланади. Шундан сўнг Тўхтамишхон асосий зарбани Шайх Темур Сулдуз раҳбарлигидаги қисмларга қаратади ва унинг фавжини яксон этиб ўртани ёриб чиқади, лекин қаршисидан Умаршайх Мирзо қўшини чиқиб муҳорабага киришади. Шу тариқа Ҳожи Сайфиддин барлос бошчилигидаги қанот қўшинлари ғанимнинг жуванғарига ҳужум қилиши бошланади, бу ҳужум душман жуванғари қаршилигини синдиради. Тўхтамишхон Ҳожи Сайфиддинга қарши куч ташлайди, бироқ уларга қарши амир Жаҳоншоҳ қисми ташланади. Шайх Темур Сулдуз қаторларининг ёриб ўтиши ҳам тўхтатилган.

Араб тарихчиси Ибн Арабшоҳнинг ёзишича, Тўхтамишхон қўшинининг бир қисми икки лашкарбоши ўртасида чиққан низо туфайли жанг майдонидан қочган. Қундузча жанги Соҳибқирон фойдасига ҳал бўлган. Тўхтамишхон қочган, унинг кетидан амирлар, сардорлар ва қолган-қутган қўшини ҳам эргашган. Амир Темур ниҳоят отдан тушиб Аллоҳга ҳамду сано айтган. Амир Темур ҳар ўн отлиқдан еттитасини душманни таъқиб этишга жўнатган. Волга дарёсигача таъқиб этилган Олтин Ўрда жангчилари ўлдирилган ёхуд асир олинган. Жангдан кейин бир ойга яқин дам олган Амир Темур катта ўлжа билан Мовароуннаҳрга қайтган.

Мазкур биргина жанг мисолида буюк Амир Темурнинг саркардалик маҳорати ва ҳарбий санъатини билиб олиш мумкин. Бу жанг жаҳон ҳарбий санъати ривожига катта ҳисса қўшган Амир Темур ва темурийларнинг ҳарбий санъати нақадар мукаммал бўлганлигидан далолат беради. Бу ҳолат мутахассислар ва кейинги давр саркардалари томонидан ҳақли равишда эътироф этилган.

Буюк лашкарбоши ва новатор ҳарбий ташкилотчи ҳисобланмиш Амир Темур интизомли армия тузишга, жанг пайтида қўшин қисмларини одилона бошқаришга, жанг тақдирини ҳал қиладиган жойларга ҳарбий кучларни тезкорлик билан йўллашга, мавжуд тўсиқ ва ғовларни тадбиркорлик билан бартараф этишга, қўшиндаги жанговар руҳни юксак даражада ушлаб туришга эришган. Амир Темур ва темурийлар армияси чорвадорлар қатори ҳунармандчилик ва деҳқончилик билан машғул ўтроқ аҳолидан ҳам аскар тўплаган. Қўшинда ҳарбий кучларнинг асосини ташкил қилган отлиқ аскарлар билан бир қаторда пиёдалар ҳам хизмат қилган. Соҳибқирон Шарқда биринчилардан бўлиб армияга ўт сочар қурол – тўп (раъд)ни олиб кирган. Темурийлар даврида бу қуролнинг бошқа турлари (зарбзан, фаранги, қозон ва х.к) кенг ёйилди. Тоғли ҳудудларда жанг ҳаракатлари олиб борувчи махсус ҳарбий қисм ва бўлинмалар ташкил қилинган. Амир Темур жаҳон ҳарбий иш тарихида биринчи бўлиб қўшинни жанг майдонида анъанавий 5 бўлакдан фарқли равишда 7 қўлга бўлиб жойлаштириш тартибини жорий этган. Бу янгилик кейинчалик Тўхтамишхон, Шайбонийхон сингари туркий саркардалар томонидан ўзлаштирилган ва ривожлантирилган. Ибн Арабшоҳнинг гувоҳлик беришича, Соҳибқирон қўшинида аёллардан иборат махсус бўлинмалар бўлиб, улар эркаклар билан бир сафда турган, жангларда қаҳрамонлик ва матонат намуналарини кўрсатган.

Темурийлар армияси сон жиҳатдан аниқ ташкил этилган, унинг жанговар тартиби такомиллашиб борган, ўз вақтининг илғор қурол ва техникаси билан таъминланган, қисмлар бир–биридан кийим-бош, байроқ ва туғлари билан фарқланган. Бундай фарқланиш жангда қўшинни бошқаришда қўл келган. Душман муҳофазасини турли усуллар билан барбод этиш, рақибнинг йирик шаҳарларига қўққисдан зарба бериш, қалъа, қўрғон ва ҳисорларнинг узоқ муддат муҳосара қилиш, ёв кучларини иложи борича кенг кўламда қуршаб олиб қишлоқ, шаҳар, туман ва вилоятларни бирин–кетин забт этиб, душманни батамом яксон этгунгача таъқиб қилиш, таслим бўлган мамлакатларни бошқаришга ишончли кишиларни тайинлаш сингари амалиётлар Амир Темур ва унинг ворисларига кўплаб зафарлар олиб келган. Тактика жиҳатидан Амир Темур армияси ўзига хос хусусиятларга эга бўлган. Разведка аъло даражада йўлга қўйилган, қисмларнинг жанггоҳда ёки жанговар сафда талаб даражасида ҳаракат қилиши учун зарур чора ва тадбирлар ишлаб чиқилган, уларни жанг пайтида тезкорлик билан бошқаришга алоҳида диққат қаратилган. Ўнлик, юзлик, минглик ва туман қўмондонларини танлаш масаласига олий бош қўмондон масъул ҳисобланган.

Соҳибқироннинг ҳарбий санъат ривожига қўшган улкан хизматларидан яна бири - жанг пайтида қўшин қанотларини душман ҳужумидан муҳофаза қилиш ва ўз навбатида, ғаним кучларини ён томондан айланиб ўтиб, унга ортдан зарба бериш мақсадида тузилган отлиқ қисм – қунбулнинг жорий этилиши бўлган. Бундай янги ҳарбий қисм Александр Македонский, Ганнибал, Чингизхон, Людовик XIV, Буюк Фридрих каби атоқли саркардалар қўшинида бўлмаган. Шайбонийхон армиясида бундай қисм мавжуд эди ва у тўлғама атамаси билан номланган.

Тарихий манбаларда қайд этилишича, Амир Темурнинг 12 минг кишилик қўшини жангда қуйидагича тартибда кирган: душман билан дастлабки тўқнашувни айғоқчилик билан машғул бўлган қоровул бошлаб борган. Шундан сўнг ўнг ва чап қанот илғор қисмлари – баранғор ҳиравули ва жуванғор ҳиравули мададида асосий илғор қисм – манглай жангга кирган. Манглай ортидан баранғир  ҳамда жуванғарнинг қолган икки бўлаги – чапавул ва шағавул кетма-кет ҳаракатга келган. Ушбу кучлар душманни мағлуб этишга кифоя қилмаса, бош қўмондон (амир ул-умаро) бошчилигидаги марказ (қўл) (ғўл) ҳал қилувчи ҳужумга ташланган.

Соҳибқирон армияси қатнашган улкан жангларнинг тактик бориш манзараси қуйидагича бўлган: қўшин маркази 40 бўлук - полкка тақсимланган ва олий бош қўмондонга итоат қилган. Ушбу бўлукларнинг сара жангчилардан ташкил топган 12 бўлуки сафнинг биринчи қаторида, қолган 28 бўлуки иккинчи ва учинчи қаторларда жойлашган. Қирқ бўлукнинг ўнг тарафи олдида амирзодалар қисмлари, сўл тарафи олдида қариндошлар ва иттифоқчилар қисмлари саф тортган. Иккинчи қаторнинг баранғарида 6 бўлук ўз илғори – ҳировул билан ўрин эгаллаган. Айни шу миқдордаги бўлук ва ҳировулга жуванғар ҳам эга бўлган.

Иккинчи қатор баранғари ва жуванғари олдида юқоридаги тартибда биринчи қатор қисмлари жойлашган. Унинг олдида бош илғор – манғлай (ёки ҳировули бузург) ҳаракатда бўлган. Енгил суворийлардан иборат икки бўлук армияни қўққисдан бўладиган ҳамладан муҳофаза қилиш, душман кучлари ҳаракатини кузатиш билан банд бўлган.

Темурийларга кўплаб зафарлар келтирган бу ҳарбий тартиб кейинги даврларда минтақани бошқарган шайбонийлар, аштархонийлар, манғитлар, қўнғиротлар ва минглар сулолалари даврида анча ўзгаришларга дуч келган.

Қаҳрамон Ражабов,

тарих фанлари доктори, профессор.

(Давоми бор)