Абдуллатиф Оқсаройда дафн этилганми?
Самарқанд шаҳридаги Амир Темур мақбараси яқинида XV асрга тегишли Оқсарой ёдгорлиги бор. Археологик қазишмалар чоғида тадқиқотчилар томонидан бу ердаги қабрларнинг биридан бошсиз жасад топилган ва мақбарада Мирзо Улуғбекнинг ўғли Абдуллатиф дафн этилган деган тахминга келинган.
Маълумотларга кўра, мажмуа темурийларнинг сўнгги даҳмаси бўлиб, қўшимча даҳма сифатида темурийлар сулоласидан бўлган Абу Саид (1449-1469) ва Султон Аҳмад Мирзо (1469-1494) ҳукмронлиги даврида қурилган. Мақбара пишиқ ғиштдан ганч қоришмасида терилган. Оқсарой чортоқ тарҳли катта хона ва қарама-қарши жойлаштирилган хоналардан иборат, бош тарзи жанубга қараган. Ўртадаги миёнсарой тагида эса сардоба жойлашган.
Ёдгорлик қурилишида ўша давр меъморлигига хос мураккаб усуллар қўлланилган. Яъни катта хона гумбази тўрт катта равоқ ва ўзаро кесишган равоқчалар ҳамда тоқилар ёрдамида ёпилган. Бу қурилмалар шарафа ва ганч безаклари билан пардозланган. Нақш шакллари такрорланмаган, бир равоқдаги нақшда бир-бирига ўхшамайдиган 67 хил безакгул бўлган. Бинонинг ташқи меъморлиги ниҳоясига етказилмаган. Катта хона ташқи гумбази, саккиз қиррали пойгумбази ҳам тугалланмаган.
- Оқсарой мақбарасининг аниқ қурилган санаси ва мақсади ҳақида тарихий манбалар йўқ, - дейди «Самарқанд» давлат музей-қўриқхонаси тарих бўлими мудири Тўлқин Бўриев. - Совет археологи ва шарқшунос тарихчиси М.Массон ушбу мақбаранинг қурилиши Мовароуннаҳр ҳукмдори Абдулатифнинг ўлдирилиши билан боғлиқ бўлиб, отаси Мирзо Улуғбек қабри Амир Темур мақбарасида бўлгани учун Абдулатифнинг у ерга дафн этилиши мумкин бўлмаган деб тахмин қилади. Мақбаранинг меъморий хусусиятлари ва ички безаклари «Ашратхона» ҳозирги Султон Ҳованд Бека мақбарасига ўхшаб кетади. Бу эса мақбаранинг XV аср 70-йилларида қурилган деб нисбат бериш имконини беради.
Мақбара Султон Абу Саид оиласининг эркак авлодлари учун оилавий қабр вазифасини ўтаган бўлиши ҳам мумкин. Чунки мақбарада олиб борилган тадқиқотлар давомида бир нечта қабрлар аниқланган. XX асрга келиб ёдгорлик жиддий шикастланган. 1924-1925-йилларда иншоотда реконструкция ишлари олиб борилган ва бу мақбарани бузилиб кетишидан сақлаб қолган. XXI аср бошларига қадар у вайрона ҳолатда бўлган. 2007-йилга келиб эса Оқсарой мақбараси қайта тикланган.
Мақбара бир гумбазли, тўртбурчак шаклдаги бино бўлиб, асосий зал ва учта кириш хонасини ўз ичига олади. Асосий залнинг юқори қисми цилиндрсимон барабан устидаги гумбаз билан қопланган бўлиб, унинг асосини кесишувчи равоқлар ва қалқонсимон елканлар ташкил қилади. Тор зинопояга ўхшаш йўл мармар билан қопланган саккизбурчак хилхонага олиб боради.
Бинода ташқи безак йўқ, ички қисмда, деворларнинг тагида мозаикали панель мавжуд. Деворлар заргарлик буюмларидан кўп фойдаланилган ҳолда ишланган безакли расмлар билан қопланган.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.