Контент, кейс ва тажриба: Самарқандда журналист ва блогерлар учун “Медиа ҳафталик” ўтказилмоқда
Хабар берганимиздек, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетида “Медиа ҳафталик” тадбирлари бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази, вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ўтказилаётган медиа ҳафталик машғулотлари очилишига бағишланган тадбирда ташкилотчилар масъуллари иштирок этиб, медиа ишига омад тилади.
Машғулотларда таниқли медиа экспертлар, контент маркази ходимлари ва журналистлар томонидан Ўзбекистон босма медиасидаги контент: амалиёт, муаммо ва ечим, Президент фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритишнинг асосий йўналишлари, маҳаллий ва халқаро оммавий ахборот воситаларининг ижтимоий тармоқлардаги амалиётидан кейслар таҳлили каби мавзулар бўйича фикр алмашилди.

– Медиа ҳафталик шунчаки ўқув семинар эмас, оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар, контент тайёрлаш билан шуғулланувчилар учун ўзаро тажриба, фикр алмашиш майдони вазифасини ўтамоқда – дейди медиа эксперт Элдор Асанов. – Бу майдонда кўпроқ амалий машғулотлар ва кейсларга алоҳида эътибор қаратяпмиз, бир-биримиздан ўрганяпмиз, тажрибаларимизни бўлишяпмиз. Бугунги кунда оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда хабарлар, маълумотлар ва таҳлилий материалларни эълон қилишнинг ҳуқуқий, ахлоқий масалалари юзасидан ҳамкасбларимизга тушунча беришга ҳаракат қиляпмиз.
Машғулотларда вилоятда фаолият юритаётган журналист ва блогерлар, босма ва интернет журналистикаси, телевидение ва радио вакиллари, ахборот хизматлари ходимлари иштирок этмоқда.