“Юракка кўмилар асл шоирлар...”

Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 72 йиллиги муносабати билан адабий-бадиий кеча ўтказилди.

“Юракка кўмилар асл шоирлар” деб номланган тадбирга ёзувчилар, шоирлар, олимлар, ҳарбий хизматчилар, бир қатор олий ўқув юртларининг талабалари, ўқитувчилар, зиёлилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилди.

– Бугунги тадбир ноанъанавий тарзда тайёрлангани билан олдингилардан фарқ қилади, - деди вилоят “Келажак овози” маркази раҳбари Зебинисо Шодиева. – Ундаги саҳна кўриниши ҳам, шоиримизнинг хотиралари ҳам сизларни бефарқ қолдирмайди.

Дарҳақиқат, кеча одатдагидек маърузабозлик, шоир шеърларини пала-партиш ўқиш билан эмас, балки ажойиб бир саҳна кўриниши билан бошланди.

Гап шундаки, Самарқанд туманидаги 45-умумтаълим мактаби маслаҳатчиси Ўткирбек Мустафоқуловнинг Муҳаммад Юсуф шеърлари асосида тайёрлаган адабий композицияси йиғилганларнинг олқишига сазовор бўлди. Унда Ўткирбек шоир сиймосини гавдалантирибгина қолмай, унинг машҳур шеърларини профессионал актёрларга хос катта маҳорат билан ижро этди.

Шундан сўнг, шоир Ёр Муҳаммад яқинда чоп этилган “Муҳаммад Юсуф замондошлари хотирасида” китоби ҳақида сўз юритди.

– Бу китобга менинг “Халқ шоирининг жомбойлик дўсти” номли мақолам киритилган, - деди Ёр Муҳаммад. – Ҳа, адашмадингиз. Муҳаммад Юсуфнинг Жомбойда болаликдан қадрдон Бўрибой Норқулов исмли дўсти бўлган. У киши узоқ йиллар фотожурналист бўлиб фаолият кўрсатган. Мазкур мақола бу икки дўстнинг болалик даври, орадан 32 йил ўтиб уларнинг қайта учрашуви ҳақидаги ҳаяжонли лаҳзалар тўғрисида ҳикоя қилади. Муҳаммад Юсуф шеърларидан бирида “Ҳақиқий шоирнинг қабри бўлмайди, юракка кўмилар асл шоирлар” деган эди. Яқинда шоирнинг ота юрти Андижон вилояти, Марҳамат тумани, Қовунчи қишлоғида бўлганимда унинг қабри томон бораётган одамлар оқими, қўйилаётган гулдасталарни кўриб бу ҳақиқатга яна бир бор иймон келтирдим. Ҳа, Муҳаммад Юсуф одамлар юраги, мухлислар қалбига кўмилган шоирдир.

Адабий кечада Марказий ҳарбий округ маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестри хонандаси Нодирбек Азизов томонидан шоир шеърлари билан айтиладиган қўшиқларнинг янграши йиғилганларнинг кайфиятини янада кўтарди.

Маҳбуба Кулова,
вилоят ахборот-кутубхона маркази бўлим бошлиғи.
Зафар Нуриддинов олган суратлар.