Бугун Муҳаммад Юсуф таваллуд топган кун: Шоирнинг жомбойлик дўсти

Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф 1954 йил 26 апрелда Андижон вилояти Марҳамат туманининг Қовунчи қишлоғида туғилган.

Дастлаб республика "Китобсеварлар жамияти"да, кейинчалик “Тошкент оқшоми” газетасида, 1986-1992 йилларда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида, “Ўзбекистон овози” газетасида ишлаган. Умрининг сўнгги йилларида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг котиби вазифасини бажарган.

Муҳаммад Юсуфнинг “Таниш тераклар”, “Булбулга бир гапим бор”, “Илтижо” , “Уйқудаги қиз”, “Ҳалима энам аллалари”, “Ишқ кемаси”, “Кўнглимда бир ёр”, “Бевафо кўп экан”, “Эрка кийик”, “Ёлғончи ёр” каби шеърий тўпламлари, сайланмалари нашр этилган.

2001 йилда 47 ёшида оламдан ўтган.

Қуйида Муҳаммад Юсуф билан боғлиқ хотирани ўқийсиз.

***

Бундан 20-25 йил аввал Жомбой тумани Наймантепа маҳалласидаги Туркман қишлоғида Бўрибой Норқулов деган фотомухбир бўларди. Уйланиб, бола-чақали бўлгач, тақдир тақозоси билан Жиззах вилоятининг Дўстлик туманига кўчиб кетган, республиканинг қатор етакчи газеталарида фотомухбир сифатида фаолият олиб борган эди. Ака-ука, ёр-у дўстларини кўргани ҳар гал қишлоққа келганида у билан ижод ҳақида, адабиёт ҳақида суҳбатлашардик. 2008 йилда Бўрибой Норқулов юрак хуружидан вафот этди.  

Бўрибой ака чўрткесар, дангал йигит эди. У кишининг қайниси Бурҳон Ўринов ҳозирда Жомбой тумани марказий шифохонасида бўлим бошлиғи бўлиб ишлайди. 

Яқинда шу шифохонада бир муддат даволанишимга тўғри келди. Бурҳон поччаси ҳақида гапира туриб, унинг Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг яқин дўсти бўлганлигини айтиб қолди. Дастлаб бу гапга ишонмадим. Аммо, дўхтир Бўрибой Норқуловнинг таниқли шоир билан ёшликда, Қора денгиз бўйидаги «Артек» болалар оромгоҳида бирга тушган суратларини, «Ишонч» газетасининг 2006 йил 11 февраль сонида эълон қилинган «Армон» мақоласини кўрсатганидан сўнг бу дўстликка ҳавасим келди.

Муҳаммад Юсуф - юқори қатор, чапдан иккинчи. Пастки қаторда ўтирган бола (чапдан биринчи) Бўрибой ака.

«Артек»да бошланган дўстлик

Ҳа, Муҳаммад Юсуф ва Бўрибой Норқуловнинг дўстлиги бундан роппа-роса ярим аср муқаддам, яъни 1968 йилда, собиқ иттифоқнинг энг нуфузли болалар оромгоҳи «Артек»да бошланган экан. Ўшанда уларнинг иккови ҳам 14 ёшли ўспирин эдилар. 

…Нима бўлади-ю, ўша кунлари оромгоҳда ёш шоирларнинг кўрик-танлови ўтказилади ва унда Бўрибой Норқулов пахта ҳақидаги шеъри билан иштирок этиб биринчи ўринни эгаллайди. Андижонлик ўқувчи Муҳаммад Юсупов эса рағбатлантирувчи мукофотга сазовор бўлади. Шу кундан бошлаб шеър, ижод иштиёқи уларни бир-бири билан мустаҳкам боғлайди. 

Ҳордиқ кунларининг ҳар дақиқаси мушоира, мулоқот билан ўтади. Таътил охирида икки дўст бир-бирига ҳаётда ҳаммавақт елкадош бўлишга ваъдалашиб хайрлашадилар. Ўрта мактабни битиргунга қадар улар хат ёзиб туришади. Аммо кейин ҳаёт ташвишлари билан бўлиб, бу алоқа узилиб қолади. 

…Орадан йиллар ўтиб, андижонлик ўша ўспирин Муҳаммад Юсуф номи билан машҳур шоир бўлиб етишади. Унинг ижоди юксак эътироф этилиб, 44 ёшида “Ўзбекистон халқ шоири” унвонини олади. 

«Даракчи» газетасининг 2000 йил 4 май сонида шу газета мухбирининг Халқ шоири билан суҳбати эълон қилинади. Унда Муҳаммад Юсуф ёшлик йилларини эслар экан, бир пайтлар самарқандлик Бўрибой исмли дўсти бўлганини, уни 32 йилдан бери излаб тополмаётганини айтади. Мана ўша суҳбатдан парча. 

"Савол: - Раҳматли дадангизнинг айтишича, сиз жуда ёшликдан шеър ёза бошлаган экансиз.

Жавоб: - Тўғри, мен мактабда ўқиб юрган чоғларимдаёқ шеър ёзардим. Мени «Артек»ка юборишди. У ерда танлов бўлганди, булунғурлик Бўрибой деган дўстим ўз шеъри билан қатнашиб биринчи ўринни олганди. Мен ўрин ололмадим. Шундан кейин анча йиллар шеър ёзмай кетдим. Ўша дўстимнинг кейинги тақдири менга ҳозиргача номаълум. Уни ҳамон излаб тополмайман..."

Шу ўринда бир кичик изоҳ. Шоир болаликдаги дўстини анча вақт тополмаслигига асосий сабаб - Бўрибой Норқулов туғилиб камолга етган Туркман қишлоғи 1968 йилда Булунғур туманига қарашли эди. Кейинроқ эса Жомбой тумани ташкил этилиб, бу қишлоқ Жомбой тумани ҳудудига киради. Ўша йиллари Бўрибой аканинг отаси Норқул бобо қишлоқда от араваси билан керосин, солярка сотарди. У киши дўсти Муҳаммаджонга «менинг отамни Норқул заправкачи дейишади» деб айтганди. Бундан ташқари, Бўрибой ўқиган қишлоқ мактаби ҳам у вақтда 119-чи рақам билан юритилган, Жомбой тумани ташкил этилганидан сўнг эса 6-мактабга айланган эди. Шунинг учун Муҳаммад Юсуф ҳар гал Самарқандга келганида Булунғур туманидаги 119-мактабни, заправкачи Норқул бобони суриштираверган. Аммо янги туман ташкил этилиб, номлар ўзгариб кетганини унга ҳеч ким тушунтирмаган.    

«Гўшакни Бўрибойга бер!»

…”Даракчи” газетасини ўқиган Бўрибой аканинг қайнонаси бу хабарни унинг қишлоққа келин бўлиб тушган қизларига етказади. Ўша йилларда «Ишонч» газетасининг Жиззах вилоятидаги мухбири бўлиб ишлаётган Бўрибой Норқулов «Армон» мақоласида бу ҳақда шундай хотирлайди:

«…Газетадаги суҳбат, мақолани ўқиб дастлаб, рости ишонмадим. Мақолани қайта-қайта ўқийман, ҳаяжон босади, хаёлларим олис ёшлик йиллари сари етаклайди. Ёшликдаги дўстларим манзилгоҳлари ёзилган ён дафтарчамни варақлайман. Унда битилган “Андижон вилояти, Марҳамат тумани, Қовунчи қишлоғи, Юсупов Муҳаммаджон”, деган ёзувни кўриб ўз-ўзимдан уялиб кетдим…»

Шундан сўнг Бўрибой ака дўстини йўқлаб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига боради ва у ердан Муҳаммад Юсуфнинг манзили, уй телефони рақамини олади. Қувонч, ҳаяжонини яшира олмай, ҳамкасби, «Мулкдор» газетасининг ўша вақтдаги бош муҳаррири Миродил Абдураҳмоновнинг олдига бориб, шоир билан ёшликда тушган суратларини кўрсатади. У киши дарҳол Муҳаммад Юсуфнинг уйига қўнғироқ қилади ва унга 32 йилдан буён излаётган дўстининг топилганини айтади. Хушхабарни эшитган шоир муҳаррирнинг гапини бўлиб «Гўшакни Бўрибойга бер», - дейди. 

«…Кўп гаплашмадик. Дўстим уйига тез етиб боришимни сўради. Машинада кетяпман, юрагим алланечук бўлиб боряпти. Қанийди тезроқ бориб, дўстимни бағримга боссам дейман. Мана, ва ниҳоят, унинг уйидаман…

…Шу куни алламаҳалгача дийдорлашиб чиқдик. Бир-биримизнинг суҳбатимизга тўймаймиз. Дам ёшлик йилларимизни эслаймиз, дам кейинги ҳаётимиз билан қизиқамиз, оиламиз, ишларимиз ҳақида гаплашамиз. Шу учрашувимиздан сўнг бирмунча муддат борди-келди қилдик. У ёш ижодкорларнинг меҳрибон устози эди. Зомин анжумани усиз ўтмасди. Ҳар гал Жиззахга келганида албатта мени йўқларди. Гурунгимиз фақат ижод ҳақида бўларди. Кўпинча менинг қистовим билан шеър ўқиб, мендан ҳам шеър ўқишимни сўрарди. Шоирликка даъво қилмайман, десам, кулиб, “Сиз ўз шеърингиз билан ёшликда бутунжаҳон болаларини лол қолдиргансиз” деб қўярди, - дея хотирлайди Бўрибой ака.

Шундай қилиб, узоқ айрилиқдан сўнг болаликдаги дўстлар яна топишадилар.

Ҳазрати Хизрнинг дуоси

Бўрибой аканинг хотирлашича, қайта учрашганларидан сўнг у шоир дўстининг Марҳаматдаги уйида кўп бор меҳмон бўлган, Энахон аянинг қўлидан чой ичиб, у кишининг суҳбатларини олган. Аянинг айтишича,  бир куни ёшлигида Муҳаммаджон тушида Ҳазрати Хизрни кўрган экан. У ариқ бўйида ўтирган бўлажак шоирнинг олдига келиб, қўлларини дуога очади-да, «Ёз ўғлим, албатта ниятингга етасан», - деб унга оқ фотиҳа беради. 

Шундан сўнг шоир ажойиб шеърлар ёза бошлайди. Китоблари бирин-кетин чоп этилиб, ижоди оммалашади.

…2001 йил июль ойининг сўнгги куни. Болаликдаги қадрдон дўсти, Халқ шоирининг бевақт вафоти ҳақидаги қайғули хабар унинг минглаб мухлислари қатори Бўрибой Норқуловни ҳам ларзага солди. Ўша кунлари шифохонада даволанаётган Бўрибой ака дўстининг дафн маросимига афсуски, боролмади.

Кейинчалик эса у кишининг бевосита саъй-ҳаракатлари билан Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги 19-умумтаълим мактаби ҳовлисига Муҳаммад Юсуфнинг мармар бюсти ўрнатилиб, унинг атрофида кўркам боғ ташкил қилинди.

Шоир жуда камтар, хокисор инсон эди. Бу камтарлик ва хокисорлик унинг дўсти Бўрибой акага ҳам юққан бўлса ажаб эмас. Негаки, қишлоққа келганида у киши билан кўп мулоқотда бўлганман, аммо бирон марта ҳам машҳур халқ шоири унинг яқин дўсти эканини менга айтмаган. 

Ҳа, инсон табиати ғалати. Унинг ёнида гоҳо улкан қалб соҳиби яшаётганини сезмайди. Ўша бетакрор қалб эгаси дунёдан ўтганидан сўнггина, унинг қандай гўзал хислатларга бой бўлганини англай бошлайди. Эҳтимол шундай инсонларнинг борлиги боис дунёда Меҳр, Муҳаббат, Эзгуликнинг умри боқийдир…  

Ушбу битиклар якунида икки дўстнинг руҳи шод бўлишини Яратгандан сўраб, Муҳаммад Юсуфнинг қуйидаги сатрларини келтирмоқчиман:

Ўтар қанча йиллар тўзони,

Юлдузлар – кўз ёши самонинг,

Ўтар инсон яхши-ёмони,

Меҳр қолур, муҳаббат қолур!..

Ёр Муҳаммад.