Инфографика: Дунёдаги энг баланд бинолар

Биноларнинг кўп қаватлилиги шаҳарларнинг умумий кўринишига таъсир қилмасдан қолмайди. Ушбу инфографикада дунё мамлакатлари шаҳарларида жойлашган энг баланд бинолардаги қаватлар сони турли рангларда ажратилган.

Осмонўпар бинолар кўплаб мамлакатларда қурилмоқда, аммо бутун дунё бўйлаб 100 қаватдан баланд бўлган бинолар сони унчалик кўп эмас. Энг баланд осмонўпар бино Дубайдаги Бурж Халифа (БАА) ҳисобланади. Техник қаватларни ҳисобга олмаганда, бу бино 162 қаватдан (баъзи манбаларга кўра 163) иборат.

Хитойнинг 128 қаватли Шанхай минораси иккинчи ўринни эгаллади. Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида жойлашган 123 қаватдан иборат “Lotte World Tower” биноси дунёдаги учинчи энг баланд иншоот ҳисобланади.

Ғарбий ярим шардаги энг баланд бино АҚШнинг Чикаго шаҳридаги Уиллис минораси бўлиб, у 108 қаватдан иборат.  Россия пойтахти  Москва шаҳридаги  95 қаватли “Шарқ” Федерация минораси Европадаги энг баланд бино бўлиб қолмоқда. Санкт-Петербургдаги “Лахта” марказидан қисқароқ бўлса-да, “Шарқ” қаватлар бўйича уни ортда қолдиради.

Дунёнинг бошқа қисмларига қараганда, Европада камроқ осмонўпар бинолар қурилади. Баъзи шаҳарларда ҳатто кўп қаватли уйларнинг қурилиши бутунлай тақиқланган. Масалан, Франция пойтахти Парижда бир нечта кўп қаватли бинолар қурилган бўлса-да, ўз вақтида улар маҳаллий аҳоли орасида норозиликни келтириб чиқарган эди. Шундан сўнг 2023 йилда шаҳарда 12 қаватдан баланд биноларни қуриш тақиқланди. Илгари ҳам шунга ўхшаш чекловлар бор эди, аммо вақти-вақти билан бундай қарорлар бекор қилинган.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.