ННТлар бу йил янада фаолроқ бўлиши керак
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда депутатлар, комиссия аъзолари, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, маданий марказлар вакиллари иштирок этди.
Тадбир аввалида давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар мазмун-моҳияти тушунтирилди. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси раиси Ф.Тошев томонидан “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 2026 йилдаги ижросини таъминлашга қаратилган Давлат дастури лойиҳаси хусусида йиғилганларга тушунча берди.
Мурожаатнома, қолаверса, давлат дастурларида белгиланган вазифаларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг иштироки қай тартибда бўлиши ҳақда фикр-мулоҳазалар билдирилди.
-Ўтган йили Жамоат фонди молиявий кўмагида вилоятда бир қатор амалий ишлар бажарилди, - дейди Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг Самарқанд вилояти бўлими раҳбари Достон Маликов. – Хусусан, Булунғур туманида ахборот-кутубхона маркази бунёд этилди. Парламент комиссиясининг йиғилиш қарор билан вилоят аҳолисини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш маркази Тойлоқ туманидаги Чорвоқтепа, Бачки, Хўжаюз қишлоқлари, Тараққиёт, Чорвоқтепа ва Хўжаюз маҳаллаларидаги аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича давлат ижтимоий буюртмаси танлови ғолиби деб топилди ва белгиланган тартибда 450 миллион сўмлик шартномалар имзоланди.
Шунингдек, Парламент комиссиясининг қарори билан Жомбой тумани тиббиёт бирлашмаси негизида 6 ўринли болалар реанимацияси бўлимини ташкил этиш бўйича Жомбой тумани А.Қурбонов номли фуқаролар ўзини-ўзи бошқариш органининг 3 миллиард сўмлик “Соғлик - туман бойлик” номли лойиҳаси ғолиб деб топилди. Ва белгиланган тартибда 3 миллиард сўмлик шартномалар имзоланди. Ушбу лойиҳа тўлиқ молиялаштирилди.
Бу йил шу каби ижтимоий буюртмалар, давлат грантлари сони янада ошиши, фақат ННТлар томонидан лойиҳалар янада кўпроқ ва кенг қамровли бўлиши ҳақда айтилди. Тегишли масалалар бўйича вилоят адлия, молия бошқармаси, шаҳар ҳокимлиги мутасаддиларининг ҳисоботлари тингланди.