Жомбойда Муҳаммад Юсуф шеърияти ихлосмандлари кўп

Жомбой туманида Муҳаммад Юсуф номидаги халқаро фонд раҳбари, “Олтин қалам” газетаси бош муҳаррири Назира ас-Салом билан ижодий учрашув бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида 1 июнь – Болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ўтган бир йил мобайнида халқаро ва республика миқёсидаги спорт мусобақаларида энг юқори натижага эришган ўқувчи-ёшлар туман ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Шундан сўнг тадбирнинг асосий қисми туман ахборот-кутубхона марказининг фаоллар залига кўчди. Бу ерга тумандаги мавжуд барча умумтаълим мактабларининг маънавий ишлар бўйича тарғиботчилари, “Жомбой тонги” газетаси қошида фаолият кўрсатаётган “Умид” клуби аъзолари, ижодкор ёшлар, Муҳаммад Юсуф ижоди мухлислари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилди.

Учрашувда туман ҳокими Қаюм Собиров туманда маданий-маърифий соҳада олиб борилаётган ишлар, ёш ижодкорларга берилаётган эътибор ҳақида гапирди. Сўнгра Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг рафиқаси Назира ас-Салом шоир билан бирга кечган умр йўллари, юртимиз ва хорижий давлатларда М.Юсуф ижодига бўлган қизиқиш ҳақида айтиб берди.

Шундан сўнг ёшлар, ижодкорлар шоир шеърларидан намуналар ўқиди ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди.

Дилбар Рустамова.