“Содда Муҳаммадман, содда Муҳаммад...". Муҳаммад Юсуф шеърлари ўзи каби содда эди

Шу кунларда мамлакатимиз адабий жамоатчилиги Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 69 йиллигини нишонламоқда. Сана муносабати билан шоирнинг турмуш ўртоғи, “Муҳаммад Юсуф” жамоатчилик фонди раҳбари Назира ас-Саломга бир неча саволлар билан мурожаат қилдик.

- Сир бўлмаса, шоир билан илк танишувингиз қандай бўлган?

- Тошкентнинг Навоий кўчаси 30-уй деган машҳур манзилида жойлашган нашриётлар уйида ишлардим. Бинонинг 1-қаватида катта ошхона бўларди. Бир куни дугоналарим билан шу ошхонага кираверишда 3-4 нафар йигит ўзаро гаплашиб турганини кўрдим. Кўпам эътибор қилганим йўқ. Уларнинг орасида бир қорачагина йигит менга кўзини узмай қараб турганини сездим. Ошхонадан овқатланиб чиққанимизда ҳам улар туришганди. Ошхонадан чиқаверишимизда ўша йигит менга савол бериб, гап қотди. Мен индамай ўтиб кетдим. Шунда у ёнидаги ўртоқларига: "Мана шу қизга албатта уйланаман" деган экан. Шундан кейин танишиб олганмиз. 

- Муҳаммад Юсуфнинг оиласига, қизларига, яқинларига муносабати қандай эди?

- Муҳаммад аканинг оила, фарзандлар, яқинларга нисбатан ўз принциплари бор эди. Хусусан, у киши фарзандларини доимо ёнида бирга олиб юришни яхши кўрарди. Мен бунга қаршилик қилганимда жаҳли чиқарди. Одамларнинг бу ишга муносабати уни мутлақо қизиқтирмасди. Қаерга бормасин, қизларини етаклаб оларди. "Оила - энг муқаддас қўрғон! Нопок одамларни бу қўрғонга киргизмаслик керак!" дерди. Шоир жигарларига бирдек куюнар, улар орасида энг яхши кўргани - кенжа синглиси Муҳаббатхон эди. Андижонга, қишлоққа борадиган бўлсак, Асакадаги Сотволди тоғасини зиёрат қилиб, сўнг синглиси Муҳаббатхоннинг уйига борардик. Унинг ҳолидан хабар олиб, синглисиникида бир кун тунаб, кейин ота уйига борарди. Бу уларнинг вафотидан кейин ҳам биз учун доимий анъана бўлиб қолди.

- Шоир шеърларининг оммабоплиги, халқчиллиги сабаблари, сизнингча, нимада?

- Бунинг асосий сабаби истеъдоднинг даражаси ва халққа яқинликдир. Менингча, шоирнинг самимийлиги шеърларига кўчган. Шеърларининг тили халқ тилига яқин. Мисралар равон, ҳамма учун тушунарли, ясама эмас. Жимжимадор, баландпарвоз ҳам эмас. Шунинг учун халқ унинг шеърларини биринчи ўқишдаёқ қабул қилди. Юрагидан жой берди. Шеърларининг қўшиққа айланишига ҳам ўша равонлик, дардкашлик сабаб бўлди, деб ўйлайман. У халқ дардини куйлади, халқ учун қайғурди ва ўз шеърларида унинг бу кайфияти ўзини яққол намоён қилиб турди. “Менимча, шоирлик касб ёки ҳунар эмас. Шоирлар ўзлари билмаган ҳолда Аллоҳнинг суюкли бандаларига айланадилар. Гоҳо шеърларимни ўқиб йиғлагим келади. Шундай пайтларда шоирлар ўзлари ёзмаса керак деб ўйлайман. Менимча, фаришталар уларга ёрдам берсалар керак”, деган эди у бир куни.

- Шоир ижодий меросини чуқур ўрганиш, уни ҳар томонлама тарғиб қилиш бўйича ҳозирда нималар қилиняпти?

- Бу борада, аввало, ҳукумат даражасида катта ишлар қилинди. Хусусан, Андижон шаҳрида ижод мактаби ташкил қилиниб, мактабда шоир ижоди доимий тарғиб қилиб келинади, адабий мероси ўрганилади. "Адиблар хиёбони"да ёшлар шоир ҳайкалини зиёрат қилишлари анъанага айланиб бормоқда. Шу билан бирга, ҳайкал мажмуасида шоир шеърининг ёзиб қўйилгани унинг ижодига бўлган катта эътибордан далолатдир. Бундан ташқари, шоирнинг ҳаёти ва ижодига дахлдор бўлган экспонатларнинг Ёзувчилар уюшмасидаги музейдан жой олиши унинг мухлисларини янада қувонтиради. Шунингдек, Президентимиз қарорига кўра, адибларимиз ижодини кенг ёйиш, ўрганиш, тарғиб этиш мақсадида уларнинг Олий таълим муассасаларига бириктирилиши ёшлар учун катта имкониятларни очиб берди. Мазкур қарорга кўра, Муҳаммад Юсуф ижоди билан Ўзбекистон санъат ва маданият институти шуғулланиб келмоқда. Институтда шоир шеърлари жамланиб, яқинда турк тилига таржима қилинди ва китоб ҳолида Туркияда нашр этилди ва ўша ерда тақдимоти ўтказилди. Янада қувонарлиси, бу китоблар туркий тилли давлатларга тарқатилди. Бундан ташқари, Муҳаммад аканинг шеърлари саккизта тилга таржима қилиниб, нашр этилди. Шунингдек, мазкур илм даргоҳидаги ўқитувчи ва талабалар шоирнинг бетакрор асарларини ўзларининг илмий ишларида алоҳида мавзу сифатида чуқур ўрганмоқдалар.

- Ўзингиз раҳбарлик қилаётган жамғарма ҳақида ҳам икки оғиз...

- 2003 йилда ташкил этилган "Муҳаммад Юсуф номидаги фонд" ҳам  шоир номини абадийлаштириш, асарларини тарғиб этиш, танловлар ўтказиш каби юмушлар билан мунтазам шуғулланиб келяпти. Жамғарма турли лойиҳалар бўйича давлат грантларини қўлга киритибгина қолмасдан, юртимиздаги мавжуд олий таълим муассасалари билан мустаҳкам ўзаро ҳамкорлик қилиб, ёш истеъдодларни кашф этаётир. Бу йўналишдаги ишлар режа асосида давом эттириляпти. 

- Муҳаммад Юсуфнинг қизлари, неваралари орасида шеър ёзадиганлари борми?

- Ҳа, бор. Масалан, кенжа қизимиз Мадинанинг шеърлари жуда ўзига хос. Унга Мадина Муҳаммад деб тахаллус бердим. Назаримда, унинг шеърлари қалам аҳлининг назарига тушиб улгурди. Неваралардан Мадинанинг қизи Филизда истеъдод бўй кўрсатгандай  бўляпти. Яна ҳаёт кўрсатади.

- Дил тубидаги армонларингиз?

- Армонларимнинг энг каттаси, бу Муҳаммад аканинг хокини Андижонга бериб қўйганим! Айримлар айтганидек, буни на қайнонам, на Муҳаммад ака васият қилмаганлар. Бу - менинг қарорим эди. Оналарига раҳмим келганидан уларни Андижонга бердим. Аммо фарзандларим учун бу қанчалар қийин бўлишини тасаввур қилмаганман ўшанда. Минг афсус қиламан энди.

- Муҳаммад Юсуфнинг самарқандлик мухлисларига тилакларингиз.

- Биласизми, менинг отам Ғайбулла ас-Салом асли самарқандлик. Мени хурсанд қилган асосий нарса, Ўзбекистоннинг барча ҳудудида бўлгани каби Муҳаммад Юсуфнинг бу кўҳна заминда ҳам минглаб мухлислари борлигидир. Ҳа, шоирнинг самарқандликларга меҳри бўлакча эди. Самарқандга куёв эканлигидан фахрланиб, эътироф этарди. Мен юртдошларимга Муҳаммад Юсуфдек садоқатли, мард, зукко фарзандлар тилайман!

- Мазмунли суҳбатингиз учун катта раҳмат!

Ёрмамат РУСТАМОВ суҳбатлашди.