Қуёш панелидан ким қанча фойда кўряпти?

Булунғур туманида 2023 йилдан бери 800 дан зиёд объектга 7432 кВт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилди. Жумладан, 570 та аҳоли хонадонида шундай қурилмалардан фойдаланилмоқда.

Жорий йилда туманимизда 4710 кВт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатиш режалаштирилган эди, - дейди туман электр тармоқлари корхонаси қуёш панелларини ўрнатиш бўйича мутахассиси Жасур Ёқубов. – Йилнинг ўтган даврида 239 та объектга 4066 кВт қувватга эга қуёш панеллари ўрнатдик.

Туманнинг Чорбоғ маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Икром Маматқулов бундан 3 йил аввал хонадонига ўрнатилган қуёш панелидан самарали фойдаланиб келяпти.

- Оиламиз катта, шунинг учун ҳам электр энергиясига талаб юқори, - дейди у. – 10 кВт қувватга эга қуёш панели ўрнатганмиз. Ўғлим фермер, унинг юк ташувчи электромобили бор. Ўзим ҳам яқинда электр энергияси билан ҳаракатланадиган енгил автомобиль сотиб олдим. Уларни қувватлаш, шунингдек, маиший техникаларимиз учун керакли бўлган электр энергиясини қуёш панели етказиб беряпти. Ёз ойларида ортяпти ҳам. Ортиқча энергияни давлатга сотяпмиз. Ойига 200-300 минг сўм маблағ пластик картамга тушяпти. Солиқ мобил иловаси орқали жараёнларни кузатиб бораман. Буни яқинларимга ҳам ўргатганман. Укаларим, фарзандларим ҳам ўз хонадонларига қуёш панели ўрнатди. Бир ўғлимнинг ҳовлиси очиқ ҳудудда жойлашган. Унда ҳам 10 кВт қувватга эга қурилма бор. Рўзғоридан ортганини давлатга сотиб, ойига 1 миллион сўм атрофида пул туширяпти.

Туманда ўз хонадонларига қуёш панели ўрнатган, аммо унинг фойдасини сезмаётган фуқаролар ҳам топилади.

- Уларнинг норозилигига сабаб қурилмадан фойдаланиш бўйича тўлиқ тушунчага эга эмаслиги, - дейди мутахассис Ж. Ёқубов. – Қуёш панелига ҳам эътибор керак, вақтида тозалаб, ювиб туриш керак. Масалан, бир фермер ўрнатган қуёш панели фойда бермаётганлигидан шикоят қилиб, юқори ташкилотларга мурожаат қилган. Жойига бориб ўрганганимизда панелнинг усти чанг босиб кетганлигини кўрдик. 15 кВт қувватга эга қурилма бор-йўғи 2 кВт электр энергияси ажратиб беряпти. Қуёш панели чангдан тозалангандан кейин муаммога ечим топилди. Яна битта кам таъминланган оила учун ҳомийлар томонидан 1 кВт қувватли қуёш панели ўрнатилган. Хонадон соҳибаси меъёридан ортиқ энергия талаб қиладиган электр плитасини ишлатган. Натижада қурилма ишдан чиққан.

Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида туман электр тармоқлари корхонаси ва бошқа масъул ташкилотлар вакиллари томонидан аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб бориляпти.

- 2002-2005 йилларда туман ҳокимлигида ишлаганман, - дейди Икром Маматқулов. – Электр энергиясидаги узилишлар бизни қийнарди. Шамчироқлардан фойдаланардик. Қишлоқдаги шароитни гапирмай, ҳатто туман ҳокимлиги биносида чироқ ўчиб қоларди. Мана, бугун мамлакатимизга қуёш панеллари кириб келиб, бу муаммоларга барҳам бериляпти. Уларни ўрнатиш йилдан йилга осонлашяпти, арзонлашяпти. Пули етмаганлар учун кредит асосида ўрнатиш имкониятлари бор.

Тўлқин Сиддиқов,

Бахтиёр Мустанов.