Тойлоқдаги 29 та мактабда қуёш панеллари ўрнатилди

Бугун электр энергиясига бўлган талаб кун сайин ошмоқда. Шу сабабли корхона ва ташкилотлар, ҳатто мактаб ва боғчаларда ҳам қуёш панеллари ўрнатилмоқда.

Бунга Тойлоқ туманидаги умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотларида ҳам гувоҳ бўлдик.

Туманда 61 та умумтаълим мактаби ва 45 та давлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатиб келмоқда. Шу кунга қадар 29 та умумтаълим мактабига 259 кВт, 18 та давлат мактабгача таълим ташкилотига 93 кВт ҳамда туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими биносига 10 кВт қувватли қуёш панеллари ўрнатилган, - дейди туман мактабгача ва мактаб таълим бўлимининг махсус таъмирлаш эксплуатация бўлими бош мутахассиси Фарҳод Ходжаев. - Ушбу қуёш панеллари ҳисобидан бугунги кунга қадар 166 минг 328 кВт электр энергияси туман электр тармоқлари корхонасига етказиб берилди.

Тўғри, ҳали ушбу электр энергияси мактаб ва боғчаларнинг тўлиқ истеъмолига етмайди. Сабаби, 2024 йилда мактабларнинг электр энергияси истеъмоли 842 минг 782 кВт бўлган бўлса, давлат мактабгача таълим ташкилотларининг истеъмоли 731 минг 712 кВтни ташкил қилган.

Мактабларда ёзги таътилда, яъни жорий йилнинг июль ойида электр энергияси истеъмоли 35620 кВт бўлган, давлат мактабгача таълим ташкилотларининг истеъмоли 45057 кВтга етган. Бироқ қишки мавсумда электр энергияси истеъмоли анча юқори бўлади.

 2025 йилнинг июль ойида мактаблардаги қуёш панелларидан 29430 кВт, давлат мактабгача таълим ташкилотларидан 5027 кВт электр энергияси туман электр тармоқлари корхонасига сотилган.

Тумандаги барча мактаб ва боғчаларга қуёш панеллари ўрнатилса, келажакда анча электр энергияси тежалишига эришилади. Ҳатто мактаб ва боғчалар истеъмолидан ортган электр энергиясини давлатга сотиши мумкин.

Хуршида Эрназарова.