Реновация ва инфратузилма лойиҳалари ўрганилди
Вилоят ҳокими ўринбосари Н.Раҳмонов, шаҳар ҳокими Ф.Умаров, тегишли ташкилотлар вакиллари, маҳалла нуронийлари, фаоллар ҳамда кенг жамоатчилик вакилларига Самарқанд шаҳрининг Нурли йўл маҳалласида амалга оширилаётган реновация лойиҳалари, уларнинг аҳамияти юзасидан маълумот берилди.
Шундан сўнг масъуллар Темирйўл орти ҳудудида олиб борилаётган реновация ишлари билан танишди. Учрашувларда ҳудуддаги ҳар қандай ўзгаришлар, аввало, фуқароларнинг розилиги ва фаол иштироки асосида амалга оширилиши зарурлиги қайд этилди.
Қурилиш-пудрат ташкилотлари томонидан барпо этилаётган кўп қаватли уй-жойлар кўздан кечирилиб, қурилиш жараёнларида сифат, муддат ва техник талабларнинг тўлиқ бажарилиши юзасидан масъулларга кўрсатмалар берилди. Шу билан бирга, реновация жараёнида аҳолининг манфаатлари устуворлиги таъминланиши лозимлиги таъкидланди.
Шундан сўнг Абу-Даби тараққиёт жамғармаси иштирокида амалга оширилаётган инфратузилма объектларида олиб борилаётган ишлар ўрганилди. Халқ тилида айтганда, “Залиния” ҳудудида Сиёб канали устидан ўтувчи кўприк ва М-37 автомобил йўлигача янги йўл қуриш, Гагарин кўчасининг ушбу йўл билан боғланиш қисми, Қорасув массивидаги ички йўллар ҳамда Пайариқ туманидаги Имом Ал-Бухорий мажмуаси атрофидаги йўлларни таъмирлаш ишлари кўздан кечирилди.
Темирйўл устидан ўтувчи кўприк қурилиши жараёни ҳам ўрганилиб, қурилиш ишларини сифатли ва белгиланган муддатларда якунлаш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Шу билан бирга, М-37 “Самарқанд–Бухоро–Туркманбоши” автомобил йўлининг 6-километрида жойлашган кўприк остидан қайрилиб олиш объектида асфальт қопламасини ётқизиш ишлари учун олиб борилаётган тайёргарлик жараёнлари ўрганилди. Мазкур ҳудудда 700 метр масофага асфальт қопламаси ётқизилиши режалаштирилган бўлиб, қурилиш-монтаж ишларининг сифати устидан қатъий назорат ўрнатиш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Бундан ташқари, Оқдарё туманида Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳига туташ ҳудудда барпо этилган ерости пиёдалар йўлагида пиёдалар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва қулайлик яратишда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Н.Раҳмонов, Самарқанд тумани ҳокими С.Усмонов ҳамда тегишли масъуллар иштирокида А-378 “Самарқанд–Қарши” автомобил йўли бўйида ободонлаштириш ишлари ҳам ўрганилди. Жараёнда ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, дарахт экиш, инфратузилмани яхшилаш ишлари таҳлил қилинди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида сув насосларининг ҳолати кўриб чиқилиб, бўш ҳудудларга манзарали дарахт кўчатларини экиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Умуман олганда, амалга оширилаётган мазкур лойиҳалар ҳудудлар қиёфасини тубдан янгилаш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш ҳамда замонавий инфратузилмани шакллантиришга хизмат қилиши билан алоҳида аҳамият касб этади.
Вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси ахборот хизмати.