Кўпкари завқи: Мардлар майдонга тушди, чавандозлар синовдан ўтди

Тойлоқ туманининг Қўшчинор маҳалласида жойлашган “Улоқ-кўпкари” майдони мардлар нафаси уфуриб турган, чавандозлар шижоати синовдан ўтадиган ҳақиқий жасорат саҳнасига айланди.

Бу ерда миллий спортимизнинг юраги ҳисобланган кўпкари мусобақаси кўтаринки руҳда, халқона байрам кайфиятида ўтказилди.

Кўпкари, бу шунчаки ўйин эмас, у аждодлардан мерос бўлиб келаётган мардлик мактаби. Бекорга халқимиз: “От - йигитнинг қаноти”, демайди. Майдонга чиққан ҳар бир чавандоз ўз оти билан бир тану бир жон бўлиб, ғалаба сари интилди.

Тадбирни туман ҳокими Беҳзод Раҳматуллаев очиб, йиғилганларни Наврўз айёми билан муборакбод этди.

- Кўпкари халқимизнинг руҳи, жасорати ва бирдамлигининг ёрқин ифодасидир, - деди Б.Раҳматуллаев. - Кўпкари - мардлар ўйини. Бу ерда юраги бор йигитгина ютади. Бу майдонда фақат куч эмас, ақл, сабр ва жипслик ҳам синовдан ўтади. Ўйлаймизки, бугун фақат ана шу жиҳатларга лаббай деб жавоб берадиган полвонлар ғолиб бўлади.

Кўпкарида юртимизнинг барча ҳудудларидан келган чавандозлар иштирок этиб, майдонни чинакам жанг майдонига айлантирди. Чавандозлар орасида шундай шижоатли баҳслар кечдики, томошабинлар ҳар бир ҳаракатни ҳаяжон билан кузатди. Кимдир чаққонлик билан улоқни илиб кетса, яна кимдир куч ва матонат билан рақиблар орасидан ёриб чиқди.

Ҳақиқатан ҳам, бу ўйинда ғалаба қозониш учун нафақат жисмоний куч, балки жасорат, зеҳн ва сабр ҳам талаб этилади. Чавандозлар ҳар бир дақиқада хавфни енгиб, ғалаба учун курашди.

Тадбир халқаро меҳмонларни ҳам бефарқ қолдирмади. Африка ва Франциядан келган сайёҳлар миллий спортимизга катта қизиқиш билан қараб, ҳайратларини яшира олмадилар.

- Биз бундай жонли ва шижоатли ўйинни илк бор кўряпмиз. Бу нафақат спорт ўйини, балки ҳақиқий маданият намунаси экан, - деди улардан бири.

Кўпкари, бу - ўтмиш ва бугунни боғловчи кўприк. У ёш авлодни мардлик, жасорат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялайди. Эл кучи - бирдамликда, деб бекорга айтилмаган. Бу майдонда ҳам ана шу бирдамлик, жипслик ва миллий ғурур яққол намоён бўлди.

Ушбу кўпкари нафақат спорт тадбири, балки миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз ва аждодлар меросини тарғиб этувчи катта маънавий байрам сифатида барча иштирокчи ва томошабинларда унутилмас таассурот қолдирди.