Ватан ифори

Ватан - кўз билан кўриладиган, қўл билан ушланадиган шунчаки моддий борлиқ ёки тупроқ чегаралари эмас. У инсоннинг ичида яшайдиган, ҳар бир нафас билан юракка сингадиган муқаддас руҳ, идрокнинг энг теран қатламларига муҳрланган илоҳий хотирадир.

Инсон қаерга бормасин, қанча бойлик орттирмасин, қанча юксак мартабага эришмасин, қалбининг бир чеккасида Ватан деган муқаддас туйғу ҳамиша яшайди.

Борлиқни титратган буюк ҳукмдор Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ярим дунё тахтига эга бўлиб туриб, мусофирликда биргина Қобул қовунининг ифоридан ўзини тутолмай йиғлаб юбориши - бу ҳақиқатнинг энг гўзал ва маҳзун исботидир. Ўша лаҳзада у зардўз тўнлару олтин тожлар ичидаги ҳукмдор эмас, балки Ватанининг исми билан нафас олаётган оддий бир соғинч бандаси эди. Шоҳнинг кўз ёшлари асрлар оша бизга бир буюк ҳақиқатни айтиб келади: инсон дунёнинг энг баланд чўққиларини забт этса ҳам ўз тупроғининг нафасисиз руҳан ғариб ва ёлғиздир. Чунки Ватан - инсоннинг борлиғи. У бизсиз ҳам яшай олади, аммо биз унинг меҳри ва нафасисиз асло тўлақонли яшай олмаймиз. Қарангки, замонлар ўтса-да, бу тупроқнинг ўша сеҳрли ифори, ўша илоҳий мастлиги заррача ўзгармабди.

Ўтган йили Навоийдан қайтаётиб, йўлда Россиядан келган Андрей исмли сайёҳ билан ҳамроҳ бўлиб қолдим. Самарқандга яқинлашар эканмиз, йўл бўйидаги расталардан тилини ёрар даражада ширин, маҳаллий қовунлардан харид қилдим. Сал ўтмай машина ичини қовуннинг муаттар ифори тутиб кетди. Хорижлик меҳмон бу хушбўй ҳиддан сархуш бўлиб, худди асрлар аввал Бобур Қобул қовунини ҳидлаганидек, кўзларини юмганча ҳавони завқ билан симирди.

- Эҳ, мен олмабман-а! Ҳиди жудаям зўр экан, одамни маст қилади-я! - деди у самимий ҳайрат билан.

Унинг болаларча беғубор ҳаяжонини кўриб, қовунлардан биттасини унга совға қилдим. Оддий бир қовун шу заҳоти икки бегона йўловчи ўртасида самимий дўстлик кўпригига айланди. Гоҳида халқларни яқинлаштирадиган катта дипломатиялар эмас, ана шундай кичик, аммо самимий туҳфалар бўлади. Суҳбатимиз янада қизиди. Андрей ўша кеча Самарқандда тунаб, эртасига Тожикистонга ўтмоқчи эканини, у ернинг ҳам гўзал гўшаларини кезиш нияти борлигини айтди. Мен эса унга Самарқанддан жўнашдан олдин, албатта, Сиёб бозорига тушиб, маҳаллий анжир, сархил мевалар, бодом-писталардан татиб кўришни маслаҳат бердим.

Меҳмондўстлигимиздан мамнун бўлган ҳамроҳим қўшни давлатдан қайтишда яна Самарқандга тўхтаб, сўнг Тошкент орқали юртига қайтишини айтди. Аммо суҳбатимизда мен учун энг эътиборли жиҳат бошқа бир масала бўлди. Андрей Марказий Осиё давлатлари ўртасида шаклланаётган очиқлик, чегараларнинг енгиллашиши ва сайёҳлик учун яратилаётган янги имкониятлар ҳақида алоҳида тўхталди.

- Илгари бу қадар эркин саёҳат қилиш қийинроқ эди, - деди у мамнуният билан. - Ҳозир эса бир сафарнинг ўзида бир нечта давлатни ҳеч қандай катта тўсиқларсиз бемалол кўриш мумкин.

Оддий бир сайёҳнинг бу эътирофи замирида аслида катта сиёсий ва тарихий ҳақиқат мужассам эди. Зеро, бугун Марказий Осиёда фақат йўллар эмас, муносабатлар ҳам очилмоқда. Бир вақтлар чегаралар халқларни бир-биридан узоқлаштирган бўлса, бугун уларни яқинлаштириш, савдо-сотиқ, туризм, маданий алмашинув ва инсонлараро мулоқот учун янги имкониятлар яратмоқда. Ваҳоланки, бундан бир неча йил аввал мамлакатимизнинг ташқи дунёга очилиш суръати анча суст, хорижий меҳмонлар учун эса саёҳат жараёнлари мураккаброқ эди. Ўзбекистонни кўришни истаган чет эллик меҳмон виза олишнинг узоқ ва мураккаб тартиб-таомилларидан ўтишига тўғри келарди. Бугун эса манзара тубдан ўзгарди. Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида очиқлик, ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик тамойиллари тобора мустаҳкам ўрин эгалламоқда. Қўшни давлатлар билан муносабатларни янги босқичга кўтариш, чегара ва виза тартиб-таомилларини соддалаштириш нафақат сиёсий ишончни мустаҳкамлади, балки минтақанинг туристик салоҳиятини ҳам бир бутун макон сифатида намоён этиш имконини берди. Бугун Ўзбекистонга визасиз кириш ҳуқуқига эга давлатлар сони 90 тадан ошиб кетгани ҳам ана шу очиқлик сиёсатининг амалий ифодасидир. Бу - оддий рақам эмас. Бу - дунёга очилаётган эшикларнинг кўпайгани. Бу - одамлар ўртасидаги масофалар қисқаргани. Бу - халқлар бир-бирини янада яқиндан англай бошлагани. Бу - асрлар аввал карвонлар қатнаган Буюк Ипак йўлининг замонавий, янги мазмунда қайта жонланаётганидир.

Бугун Ипак йўлида туя карвонлари эмас, замонавий самолётлар, поездлар ва автомобиллар ҳаракатланмоқда. Аммо унинг энг муҳим бойлиги - халқларни бир-бири билан боғлайдиган мулоқот, ишонч ва дўстлик руҳи ҳануз барҳаёт.

 Бу жараёнда Самарқанднинг ўрни алоҳида. Тарихдан буюк цивилизациялар бешиги, илм-фан, маданият ва тараққиёт чорраҳаси бўлиб келган кўҳна кент бугун ўзининг тарихий шуҳратини замонавий тараққиёт билан уйғунлаштириб, янги қиёфада намоён бўлмоқда.

Самарқанд энди фақат ўтмиш ёдгорликларини томоша қилиш учун бориладиган шаҳар эмас. У халқаро сиёсий анжуманлар, йирик инвестиция лойиҳалари, замонавий туризм ва минтақавий ҳамкорликнинг муҳим марказларидан бирига айланмоқда. Кечаги Самарқанд тарихни сақлаган бўлса, бугунги Самарқанд тарих билан келажакни боғламоқда. Мана шу ўзгаришларнинг амалий ифодасини туризм соҳасидаги натижаларда ҳам кўриш мумкин. Ўтган йили Самарқанд вилоятига жами 8 миллиондан ортиқ сайёҳ ташриф буюрди. Уларнинг 3 миллион нафардан зиёди хорижий туристлар бўлса, 5,3 миллион нафари маҳаллий сайёҳлар ҳиссасига тўғри келди. Рақамларга қаранг: миллионлаб одамлар Самарқандга келмоқда. Улар бу ердан фақат суратлар билан эмас, таассурот, хотира ва юртимиз ҳақидаги янги тасаввурлар билан қайтмоқда. Аслида, туризмнинг энг катта кучи ҳам шунда.

Бир сайёҳ мамлакатга келади, бир шаҳарни кўради, бир бозордан мева сотиб олади, бир оила билан суҳбатлашади. Кейин эса ўз юртига бориб, кўрганларини бошқаларга айтади. Шу тариқа бир инсоннинг таассуроти бутун бир мамлакатнинг имижини шакллантириши мумкин. Айни шу ижобий тенденцияни изчил давом эттириш мақсадида вилоятда янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, шаҳар ва туманларда 16 та "24/7" режимида ишлайдиган замонавий кўчалар, 19 та йўл бўйи инфратузилмаси, 6 та соҳил бўйи маскани ҳамда 8 та йирик туризм лойиҳаси устида ишлар олиб борилмоқда. Ушбу ташаббуслар натижасида 494 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, қўшимча 500 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатилиши учун замин яратилмоқда. Бу рақамларнинг ҳар бири ортида эса инсон тақдири бор. Янги тадбиркорлик субъекти - янги иш ўрни. Янги сайёҳ - янги хизматга талаб. Янги хизмат - аҳоли учун янги даромад манбаи.

Демак, туризм - фақат меҳмонхона, ресторан ёки тарихий обидалар эмас. У иқтисодиётни ҳаракатга келтирадиган, ҳудудларда тадбиркорликни рағбатлантирадиган, аҳоли даромадини оширадиган катта иқтисодий занжирдир. Шу нуқтаи назардан қараганда, Самарқанд бугун шунчаки ривожланаётган ҳудуд эмас. У Янги Ўзбекистон туризм индустриясининг локомотиви, мамлакатимизнинг дунё миқёсидаги энг ёрқин визит карточкаларидан бири, Марказий Осиёнинг эса тобора жозибадор сайёҳлик чорраҳасига айланиб бормоқда. Энг муҳими, бу жараёнда тарих ва замонавийлик бир-бирига рақиб эмас, балки елкадош бўлмоқда. Регистоннинг салобати замонавий меҳмонхоналар билан, Сиёб бозорининг қадимий ҳиди янги сайёҳлик инфратузилмаси билан, Амир Темур ва Мирзо Улуғбеклар қолдирган цивилизацион мерос бугунги инновацион муҳит билан уйғунлашмоқда. Балким, шунинг учун ҳам Самарқандга келган одам уни фақат кўриб кетмайди - уни ҳис қилади.

Зеро, Самарқанд ўтмиш хотираси билан келажак умидини, миллий руҳ билан умуминсоний мулоқотни, тарих билан тараққиётни бирлаштириб турган буюк кўприкдир.

Шуҳрат Нормуродов.