Адолат қарор топган жойда ишонч мустаҳкамланади, қонун устувор юртда инсон қадри юксалади
Мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг бош мақсади — инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, одамларнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлашдир.
Бугун прокуратура фаолияти фақат қонунбузилишни аниқлаш ва айбдорни жазолаш билан чекланмай, унинг сабабларини бартараф этиш, инсон ҳуқуқларини тиклаш ва ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга қаратилмоқда. Самарқанд шаҳар прокуратурасининг 2026 йил дастлабки олти ойидаги ишлари ана шу ёндашувнинг амалий ифодасидир.
Ижтимоий ҳимоянинг энг муҳим мақсади инсонга муносиб ҳаёт кечириш ва ўз имкониятларини рўёбга чиқариш учун шароит яратишдир. Шу жиҳатдан Самарқанд шаҳар прокуратураси ташаббуси билан 421 нафар фуқаро касб-ҳунарга ўқитилди, 285 нафари доимий иш билан таъминланди. 752 нафар ногиронлиги бўлган шахс реабилитация техник воситалари, 21 нафари протез-ортопедия мосламалари билан таъминланди.
Бу рақамлар ортида инсоннинг меҳнат қилиши, оиласига даромад келтириши ва мустақил ҳаёт кечириш имконияти турибди.
Ўтган даврда Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан қарийб 82 та назорат тадбири ўтказилиб, қонунбузилишларни бартараф этиш мақсадида 603 та протест ва 159 та тақдимнома киритилди. Натижада кўплаб мансабдор шахслар интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди.
Бироқ асосий натижа - 2 мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тиклангани, миллиардлаб сўмлик зарар қоплангани ҳамда қўпол қонунбузилишлар юзасидан 275 та жиноят иши қўзғатилганида намоён бўлмоқда.
Қонун устуворлигининг ҳақиқий мезони фақат қанча шахс жазоланганида эмас, балки қанча инсоннинг ҳуқуқи тиклангани, қанча муаммо ҳал этилгани ва қанча қонунбузилишнинг олди олинганидадир.
Инсоннинг муносиб турмуш кечириши, меҳнат қилиши ва даромад топиши учун шароит яратиш ҳам қонунийлик ва ижтимоий адолатнинг муҳим шартидир. Самарқанд шаҳрида амалга оширилган тизимли чора-тадбирлар натижасида камбағаллик даражаси бир йилда 3,8 фоиздан 2,8 фоизгача пасайди. Бу оддий статистика эмас - унинг ортида минглаб оилаларнинг ҳаёти, янги иш ўринлари ва даромад манбалари турибди.
Коррупция – иллат. Унинг хавфи юқори бўлган соҳаларда инсон омилини камайтириш муҳим. Шу мақсадда электр таъминоти, газ таъминоти, сув таъминоти ва солиқ соҳаларида профилактик ишлар кучайтирилди.
Рақамлаштириш эса субъектив ёндашувни камайтириб, тўловлар ва қарор қабул қилиш жараёнларини шаффофлаштиради. Давлат инвестиция дастурлари доирасида шаҳарда амалга оширилаётган 39 та қурилиш объекти камералар билан жиҳозланиб, ягона тизим орқали ҳудудий назорат инспекциясига уланди. Натижада улар доимий назоратга олинди.
Бугун прокуратуранинг ижтимоий соҳадаги назорат фаолияти қонунбузилишни аниқлаш билан чекланмай, унинг сабабларини бартараф этишга қаратилмоқда.
Маҳаллада йўлнинг таъмирланиши, кўчанинг ёритилиши, ёшларнинг спорт билан шуғулланиши, ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланиши, ногиронлиги бўлган шахснинг реабилитация воситасига эга бўлиши, тадбиркорнинг кредит олиши ёки коррупцияга олиб келувчи омилларнинг бартараф этилиши - буларнинг барчаси қонун устуворлигининг инсон ҳаётидаги амалий кўринишидир.
Бугунги ислоҳотларнинг энг муҳим моҳияти хавфсиз кўчада, ёритилган маҳаллада, таъмирланган йўлакда, иш билан таъминланган фуқарода, спорт билан шуғулланаётган ёшда ва ҳуқуқи тикланган инсоннинг мамнуниятли нигоҳида намоён бўлади.
Зеро, адолат фақат суд залида қарор топмайди. У инсоннинг бузилган ҳуқуқи тикланганида, муаммоси эшитилганида, қонуний манфаати ҳимоя қилинганида ва фарзанди учун муносиб шароит яратилганида ҳам намоён бўлади. Шу маънода прокуратура фаолиятининг энг муҳим мезони - инсон манфаати. Қонун устувор бўлган жойда адолат қарор топади, адолат бор жойда эса одамларнинг давлатга, қонунга ва эртанги кунга ишончи мустаҳкамланади.
Бахтиёр Норматов,
Самарқанд шаҳар прокурори.