СамДУ Ургут филиали Самарқанд давлат педагогика институтига қўшилди: Нималар ўзгаради?

Олий таълим тизимидаги ўзгаришлар, меҳнат бозорининг замон талабларига мослашуви ва ҳудудларда кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш етакчи олий ўқув юртлари тузилмасида муҳим ўзгаришларни талаб этмоқда. Самарқанд давлат университети ҳамда Самарқанд давлат педагогика институтида амалга оширилаётган трансформациялар бунинг ёрқин исботидир.

Ургут тумани вилоятдаги энг йирик ва аҳоли зич жойлашган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Ёшларнинг олий таълим олишга бўлган эҳтиёжини қондириш ва маҳаллий меҳнат бозорини кадрлар билан таъминлаш мақсадида 2021 йилда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан СамДУ Ургут филиали ташкил этилди.

Филиал фаолияти давомида педагогика, филология, аниқ ва табиий фанлар ҳамда бизнесни бошқариш йўналишлари бўйича Ургут ва қўшни ҳудудлар ёшларини қамраб олди. Бироқ вақт ўтиши билан вилоятдаги олий таълим тизимини янада мақбуллаштириш ва тарқоқликнинг олдини олиш зарурати юзага келди.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2026 йил 26 майда қабул қилинган “Самарқанд вилоятидаги олий таълим ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор вилоятдаги олий таълим муассасалари тузилмасини янада тизимлаштириш ва соҳавий ихтисослашувни чуқурлаштиришга қаратилди. Ушбу қарорга мувофиқ, Самарқанд давлат педагогика институтига СамДУ Ургут филиали қўшиб олинди. Филиалнинг мавжуд базаси, ўқув бинолари ва моддий-техник имкониятлари асосида Самарқанд давлат педагогика институтининг Ургут факультети фаолияти йўлга қўйилди. Бу педагогик кадрлар тайёрлашни ягона марказга бирлаштириш имконини беради.

Талабаларнинг таълим йўналишлари ва келажакдаги мутахассислик манфаатлари асосида ўқиш жараёни қуйидагича тартибга солинди:

- Педагогика ва тилларни ўқитиш факультети: мазкур факультет талабалари ўқишларини янги ташкил этилган Самарқанд давлат педагогика институтининг Ургут факультетида давом эттирадилар. Таҳсил якунида уларга белгиланган тартибда Самарқанд давлат педагогика институтининг дипломи берилади.

- Бизнесни бошқариш ва табиий фанлар факультети: Ушбу йўналишлар педагог эмас, балки аниқ ва иқтисодий соҳа мутахассисларини тайёрлагани боис, уларнинг ўқиши бевосита Самарқанд давлат университетига ўтказилди. Ўқишни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларга СамДУ дипломи топширилади.

Ислоҳотлар жараёнида талабаларга қатнови, яшаш шароити ёки таълим жараёнида ҳеч қандай қийинчилик туғдирмаслик асосий мезон қилиб олинди.

Шунингдек, Бизнесни бошқариш ва табиий фанлар факультетининг 2025-2026 ўқув йилида таҳсил олаётган талабалари учун махсус тартиб белгиланди. Улар ўқишни тугатгунига қадар Самарқанд давлат педагогика институтининг Ургут факультети биносида (Ургутда) таълим олишни давом эттирадилар. Яъни, улар СамДУ талабаси ҳисобланса-да, ўқиш жойи ва кундалик қулайликлари сақлаб қолинади.

СамДУ Ургут филиалининг Педагогика институти таркибига қўшилишини вилоят олий таълим тизимини мукаммаллаштириш ва талабаларга юқори сифатли таълим беришга қаратилган пухта ўйланган стратегик қадам сифатида баҳолаш мумкин.

Акбархон Асроров,

СамДПИ Ургут факультети доценти, филология фанлари номзоди.