Муддатли ҳарбий хизматга чақирувчиларни танлаб олиш жараёнлари бошланди
Ушбу жараён 2027 йилнинг 10 февралига қадар давом этади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 июлдаги қарори билан тасдиқланган “Чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби тўғрисида”ги низом ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимининг 2026 йил 14 июлдаги қарорида белгиланган вазифалар асосида вилоятда 2027 йилги навбатдаги чақирув мавсумига тайёргарлик доирасида чақирилувчиларнинг ҳарбий хизматга яроқлилиги, жисмоний тайёргарлиги ва бошқа муҳим кўрсаткичлари белгиланган тартибда ўрганилмоқда.
Илгари муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчилар рўйхатини шакллантириш фақат мудофаа ишлари бўлимларининг зиммасида эди. Ўтган йилги чақирув мавсумидан ушбу масъулиятли вазифа маҳаллалардаги ёшлар етакчиларига юклатилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 июлдаги «Чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига кўра, ёшлар етакчилари ўз ҳудудидаги ёшлар сонига қараб, уч нафардан беш нафаргача чақирув ёшидаги йигитларни муддатли ҳарбий хизматга жалб қилиши белгиланган. Шу асосда вилоятнинг барча туман ва шаҳар мудофаа ишлари бўлимларида муддатли ҳарбий хизматга юбориладиган чақирилувчиларни танлаб олиш ҳамда уларнинг жисмоний тайёргарлигини аниқлаш бўйича синовлар бошланган бўлиб, танлов жараёнларини танлов кенгаши аъзолари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда чақирилувчиларнинг ота-оналари бевосита кузатиб бориши мумкин.
Низомга мувофиқ, танлов жараёнида чақирилувчиларнинг ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликка жалб этиш ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун саралаш тартиби белгиланган. Чақирилувчиларнинг жисмоний тайёргарлик даражаси махсус нормативларни бажариш орқали аниқланади. Бунда турникда тортилиш, 100 ва 3000 метр масофага югуриш синовлари топширилади. Ушбу нормативлар чақирилувчининг умумий жисмоний тайёргарлиги ва ҳарбий хизматга мослашиш имкониятларини баҳолашда муҳим мезонлар ҳисобланади.
“Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасига кўра, тинчлик даврида оддий аскарлар ва сержантлар таркиби лавозимларида муддатли ҳарбий хизматга, шунингдек, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган, саломатлигига кўра Қуролли Кучлар сафида ҳарбий хизматни ўташга яроқли эркак фуқаролар чақирилади. Чақирилувчилар ўрта, ўрта махсус ва олий маълумотга эга бўлиши мумкин. Агар чақирилувчи таълим муассасаларида кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган бўлса, чақирув муддати у ўқишни тамомлагунига қадар кечиктирилади.
Бундан ташқари, чақирув муддатини кечиктириш оилавий шароит, саломатлик ҳолати ёки ўқишни давом эттириш каби асосларга кўра тегишли ҳудудий комиссия қарори билан амалга оширилиши мумкин. Чақирув муддатини қонунчиликда назарда тутилган асослар бўйича кечиктириш учун фуқародан ҳеч қандай тўлов талаб қилинмайди.
Қонунчиликда ҳарбий хизматга чақирилмайдиган шахслар тоифаси ҳам белгиланган. Жумладан, жавобгарликка тортилган, шунингдек, судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар муддатли ҳарбий хизматга чақирилмайди. Мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилган кейинги ислоҳотлар натижасида айни пайтда муддатли ҳарбий хизматга жалб этилганлар хизмат даврида касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўрганиши учун имкониятлар кенгайтирилган. Яъни, аскар муддатли ҳарбий хизматни ўташ билан бирга маълум бир касб-ҳунарга эга бўлиши ва хорижий тилни ўрганиши мумкин.
Бу эса у хизматдан захирага бўшатилгач, ишга жойлашиши ёки тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун кенг имконият яратади. Бундан ташқари, муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган шахсларга хизмат давридаёқ олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тест синовларида қатнашиш имконияти берилган.
У.Ачилов,
Самарқанд шаҳар мудофаа ишлари бўлими бошлиғи.