Муддатли ҳарбий хизмат: йигитлар қандай сараланди?

Бу ҳақда Самарқанд вилоят мудофаа ишлари бошқармаси чақирув бўлими бошлиғи Рустам Шодиев ўз фикрларини баён қилди

- Ўтган йил 10 августда бошланган жараён жорий йилнинг 10 февралига қадар давом этди, - деди Р.Шодиев. - Муддатли ҳарбий хизматни ўташга яроқли деб топилган ва чақирилиш муддатини кечиктириш ҳуқуқига эга бўлмаганлар 2022 йил март-апрель ойларида хизматга юборилади.

Умуман, чақирилувчиларни ҳарбий хизматга лойиқ ёки нолойиқ деб топиш шаҳар ёки тумандаёқ ҳал бўлади. Чунки ҳудудий тиббий комиссия, бутлаш комиссияси, ҳудудий комиссия, вилоятда эса ҳарбий-тиббий комиссия ва раҳбарият кенгаши ташкил қилинган. Бутлаш ва раҳбарият кенгаши аъзолигига Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари, Миллий гвардия, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликларидан вакиллар жалб этилган. Улар саралаш ва танлов ишларида тўлиқ қатнашади.

Дастлаб туман тиббиёт муассасалари шифокорлари чақирилувчини бирламчи кўрикдан ўтказади, шу асосда номзоднинг ҳарбий хизматга яроқли, даволанишга ёки захирага юборилиши ҳақида туман тиббий комиссияси хулоса беради. Ҳарбий хизматга яроқли деб топилган чақирилувчининг умумжисмоний тайёргарлик даражаси баҳоланади ва у билан якка тартибда суҳбат ўтказилади.

Мазкур баҳолаш натижалари асосида чақирилувчига муддатли ҳарбий хизматни ўташи учун тавсия берилади ёки тавсия берилмайди.

Туман ҳокимининг ўринбосари бошчилик қиладиган комиссия томонидан ҳарбий хизматга яроқли деб топилган, бироқ синовлардан ўтолмаган чақирилувчиларни сафарбарлик чақируви резерви хизматига қабул қилиш, чақирувни кечиктириш ёки захирага олиш бўйича қарор қабул қилинади. Комиссия таркиби мудофаа ишлари бўлими бошлиғи, туман ИИБ бошлиғи ўринбосари ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими вакилидан иборат.

Қайд этиш лозим, бутлаш комиссиясида чақирилувчи бюрократик тўсиқларга учрамаслиги учун унга тегишли ҳарбий округ вакили раислик қиляпти.

Чақирилувчи танловда бир йилда фақат бир марта иштирок этиши мумкин. Туман комиссияларида танловлардан ўтган чақирилувчи вилоят бутлаш комиссияси томонидан номуносиб деб топилиши ҳам мумкин. Чунки бу ерда аввал соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ажратилган врачлар чақирилувчиларнинг саломатлиги даражасини аниқлаб берарди. Бугунги кунда вилоят ҳарбий-тиббий комиссиясига ҳарбий госпиталдан шифокор-мутахассис раислик қилади. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан лор, психиатр ва окулист врачлар ажратилган. Хирург, невропатолог ва терапевт врачлар эса ҳарбий госпиталдан жалб қилинади.

Улар берган хулоса асосида чақирилувчи муддатли ҳарбий хизматга эҳтиёж туғилса, ҳарбий госпиталга қўшимча текширув учун жўнатилади. Чақирилувчи ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилиб, ҳужжатлари туман ҳудудий комиссиясига юборилиши ҳам мумкин.

Чақирилувчиларни муддатли ҳарбий хизматга жўнатиш март-апрель ойларида амалга оширилади. Бунда муддатли ҳарбий хизматга лойиқ деб топилган чақирилувчи раҳбарият кенгаши томонидан тегишли қўшин турига тайинланади. Яъни, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг ўринбосари раислик қилувчи раҳбарият кенгаши чақирилувчиларни ҳарбий хизматга чақириб, ҳарбий қисмга юборади.

Тегишли вазирликлар вакилларидан иборат раҳбарият кенгаши қуйи комиссиялар ишларидан норози бўлган чақирилувчиларнинг шикоятларини ҳам кўриб чиқиб, шу ернинг ўзида ечими бўйича тегишли қарор қабул қилади.