Аскарлар уйларига кузатилди
Марказий ҳарбий округнинг Самарқанд гарнизонида муддатли ҳарбий хизматни якунлаган аскарларга олий таълим муассасаларига ўқишга киришда қўшимча балл берадиган ҳарбий қисм қўмондонлигининг имтиёзли тавсияномалари топшириш маросими бўлиб ўтди.
Йигитларнинг уйларига кузатиш арафасида ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Зебинисо Раҳмонова, округ қўмондонлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмаси вилоят бўлимлари, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши вакиллари, фахрийлар ҳамда ёшлар иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар муддатли ҳарбий хизматчиларнинг республика ҳамда Мудофаа вазирлиги миқёсида ўтказилган кўплаб ҳарбий ва спорт мусобақаларида, хотира турнир ва чемпионатларда иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритганларини эътироф этди. Уларнинг ёшларга доим намуна бўлишларини, келажакда Ватан, эл-юрт учун жонкуяр, фидойи инсон бўлиб қолишларини тилади.
Тантана давомида муддатли ҳарбий хизматчиларга олий таълим муассасаларига ўқишга киришда қўшимча балл берадиган ҳарбий қисм қўмондонлигининг имтиёзли тавсияномалар топширилди. Шунингдек, аскарларнинг ота-оналарига ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлигининг ташаккурномаси ҳамда фахрий ёрлиқлар берилди.