Паст Дарғомда 2,5 мингдан зиёд ўқувчи ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати отрядларига қабул қилинди
Паст Дарғом туманидаги 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида “Ватан таянчи” отряди аъзолари ўртасида Мудофаа вазири кубоги учун “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақасининг туман босқичи бўлиб ўтди.
Тадбирда туман мудофаа ишлари ва ёшлар ишлари бўлимлари вакиллари, Қуролли Кучлар фахрийлари ҳамда ўқувчи-ёшлар иштирок этди. Сўзга чиққан туман ҳокими ўринбосари Сирож Хамраев ва бошқалар ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларни мард, билимли ва ватанпарвар авлод этиб вояга етказишда мазкур ҳаракатнинг аҳамиятини таъкидлади.
Мусобақа давомида иштирокчилар “Ҳарбийлаштирилган эстафета”, “Жабрланувчига биринчи ёрдам кўрсатиш”, “Моҳир мерган”, “Темур тузуклари билимдони”, “Сафда қўшиқ айтиш” каби еттита шарт бўйича билим ва кўникмаларини синовдан ўтказдилар.
Якунга кўра, 7-умумтаълим мактабининг “Жасорат” жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Кейинги ўринлар 21-мактабнинг “Сардор” ҳамда 36-мактабнинг “Бургутлар” жамоаларига насиб этди.
Тумандаги 131 та умумтаълим мактабида таҳсил олаётган 10-11-синф ўқувчиларининг 2 минг 620 нафари “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати отрядларига қабул қилинди ва уларга кўкрак нишонлари топширилмоқда, - дейди туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи ўринбосари Акмал Абидов. - Бу каби тадбирлар ёшларда ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, уларни жисмонан бақувват ва маънан етук этиб тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Улар юртга садоқати, одоб-ахлоқи, ўқиши, интизоми ва жисмоний тайёргарлиги билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келмоқда.
Ҳарбий оркестр ижросидаги куй-қўшиқлар эса тадбирга байрамона руҳ бағишлади.