Аскарлар армияда касб-ҳунар ўрганади

Илгари муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчилар рўйхатини шакллантириш фақат мудофаа  ишлари бўлимларининг зиммасида эди. Ўтган йилги чақирув мавсумидан ушбу масъулиятли вазифа маҳаллалардаги ёшлар етакчиларига юклатилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 7-июлдаги «Чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига кўра, ёшлар етакчилари ўз ҳудудидаги ёшлар сонига қараб, уч нафардан беш нафаргача чақирув ёшидаги йигитларни муддатли ҳарбий хизматга жалб қилиши белгиланган.

– Маҳаллалардаги ёшлар етакчилари муддатли ҳарбий хизматга ҳар томонлама етук, соғлом, жисмонан бақувват, жамоат ишларида фаол, интеллектуал салоҳиятли ёшларни юбориш бўйича туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимларига амалий ёрдам кўрсатмоқда, – дейди ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси масъули Муслимбек Чориёров. – Жумладан, етакчилар йил давомида маҳалла ёшлари орасидан Ватанга садоқатли, ҳар томонлама етук, соғлом, муддатли ҳарбий хизматни ўташ истагида бўлган камида 3-5 нафар ёшлар ҳақидаги маълумотларни “Ёшлар баланси” платформасига киритиб бормоқда.

Ўтган йил ушбу тизим асосида вилоят бўйича 2500 нафардан зиёд ёшлар муддатли ҳарбий хизматга юборилган. Жорий йилда ҳам ҳар бир маҳалладан 10 нафардан талабгорлар рўйхати шакллантирилмоқда.

– Маҳалламизда чақирув ёшига етган ёшлар билан тизимли ишлар олиб борилмоқда, – дейди Паст Дарғом туманидаги Чимбой маҳалласи ёшлар етакчиси Шохрух Абдуазимов. – Ўтган йил маҳалла раиси, профилактика инспектори, жамоатчилик фаоллари ва ота-оналар билан ҳамкорликда тарбияси, жисмоний тайёргарлиги, таълим даражаси ҳамда жамоат ишларидаги фаоллиги билан намуна кўрсатиб келаётган 20 нафар ёш саралаб олиниб, туман мудофаа ишлари бўлимига тақдим этилди. Натижада уларнинг 15 нафари армия сафларига жўнатилди. Хизматга кетган йигитларнинг икки нафари ҳарбий бўлиш истагини билдириб, ҳарбий қисмга ҳужжатларини топширган. Қолганлари олий таълим муассасаларига ўқишга кириш ва жамоат тартибини сақлаш органларида фаолият юритишни мақсад қилган. Улар хизматдан қайтгач, қизиқиши ва қобилиятига қараб, тегишли соҳаларга йўналтирилиши режалаштирилган. Жорий йилда уч нафар ёш муддатли ҳарбий хизматга, икки нафари эса сафарбарлик чақирув резервига номзод сифатида саралаб олинган.

Чақирилувчиларнинг барчаси умумжисмоний тайёргарликни аниқлаш синовлари ҳамда якка тартибдаги суҳбатдан ўтади. Бунда белгиланган нормативлар – турникда тортилиш, 100 метр ва 3 километр масофага югуриш, якка тартибдаги суҳбатда чақирилувчиларнинг маҳалла ва жамият ҳаётидаги иштироки, маданияти, қизиқишлари, Ўзбекистон тарихи, буюк саркардаларимиз ва аждодларимиз ҳаёти ва фаолиятига оид билимлари баҳоланади. Якунда синов натижалари умумлаштирилиб, чақирилувчига ҳарбий хизматга тавсия берилади ёки белгиланган меъёрлар бажирилмаса, рад этилади.

Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсияномалар бериш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, уни хизмат давомида жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича юксак натижаларга эришган, зарур билим савиясига эга, намунали ҳарбий интизомини намоён этган харбий хизматчилар олади. Тавсияномага эга бўлган фуқаролар республикамиздаги олий ҳарбий таълим муассасаларидаги тегиши таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари натижаларига кўра ўзлари тўплаган балнинг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга эга бўлади. Республиканинг бошқа олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга кириш учун эса улар олий таълим муассасаларига қабул параметрларидан ташқари ажратиладиган алоҳида қабул кўрсаткичлари доирасидаги танловда иштирок этади.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 13-январь куни ўтказилган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони муддатли ҳарбий хизматнинг янги модели шакллантирилиши ҳамда аскарларга яна бир қатор имтиёзлар берилишини таъкидлади, – дейди Вилоят мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи, полковник Бурҳон Қувватов. – Янгиланаётган тизимга кўра, ҳар бир ҳарбий хизматчи армиядан қайтаётганда муайян касбий кўникмага эга бўлади. Яъни энди аскарлар хизмат даврида ўз қизиқишларига қараб, касб-ҳунар, хорижий тилларни ўрганади. Шунингдек, муддатли ҳарбий хизматни ўташ жараёнида олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун зарур шарт-шароитлар яратилади. Ҳарбий хизматни тугатгандан сўнг эса уларнинг таълим олиши қўллаб-қувватланиб, сертификат харажатлари қопланади ҳамда фоизсиз таълим кредитлари ажратилади. Энг муҳими, муддатли ҳарбий хизматдан қайтган ёшларнинг тадбиркорлик фаолияти қўллаб-қувватланади ва уларни ишга жойлаштиришда қўшимча имтиёзлар берилади.

Маълумотларга кўра, бу йилги чақирув мавсумида вилоят бўйича 2600 нафар ёшлар муддатли ҳарбий хизматга юбрилади.

Маълумотларга кўра 15-февралдан чақирилувчилар учун туман ва шаҳарларда, 20 февралдан эса вилоятда ҳудудий–тиббий комиссия бошланган, март ойидан йигитлар ҳарбий хизматга отланади.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.