"Тарихдаги энг ёмон саммит"
Табиий офатлар кучайиб, минглаб инсонлар ҳаётига зомин бўлаётган бир пайтда, дунёдаги энг йирик иқлим конференцияси можаро билан якунланди: иштирокчилар асосий ҳужжат матни бўйича келиша олмади.
Туркияда икки ҳафтадан ортиқ давом этган БМТнинг COP31 халқаро иқлим саммити катта можаро билан якунланди. Деярли 200 давлат иштирок этган конференцияда мамлакатлар иқлим бўйича асосий ҳужжат — "Анталия пакти"ни келиша олмади. Музокаралар белгиланган муддатдан қарийб 50 соатга кечикди.
Келишмовчиликнинг асосий сабаби қазилма ёқилғилар — нефть, газ ва кўмирдан воз кечиш масаласи бўлди. Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва бир қатор давлатлар бу талаб ҳужжатда акс этмагани учун уни рад этди. 130 дан ортиқ мамлакат ушбу бандни киритишни талаб қилган, аммо йирик энергия ишлаб чиқарувчи давлатлар бунга қарши чиққан эди.
Шунга қарамай, саммит бутунлай натижасиз бўлмади: иқлим ўзгаришига мослашиш, камбағал давлатларни қўллаб-қувватлаш ва "адолатли яшил ўтиш" бўйича айрим қарорлар қабул қилинди. Бироқ қазилма ёқилғилардан воз кечиш ва иқлим инқирозига қарши кураш учун зарур молиявий ёрдам бўйича умумий келишувга эришилмади.
Экспертлар саммит натижасини жиддий муваффақиятсизлик деб баҳолади. Бу эса 2026 йилда дунё бўйлаб иссиқлик, қурғоқчилик, сув тошқинлари ва бошқа табиий офатлар кучайиб, минглаб инсонлар ҳаётига зомин бўлаётган бир пайтда юз берди. Ҳал этилмаган масалалар 2027 йилда Эфиопия пойтахти Аддис-Абебада ўтадиган COP32 саммитида яна муҳокама қилинади.