6 ой ичида қарийб 26 миллион хорижий сайёҳ Туркияга борди

Туркия Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсойнинг маълумотларга кўра, 2026 йилнинг дастлабки олти ойида Туркияга 25,8 миллион нафар хорижий сайёҳ келган.

Шу даврда мамлакатнинг туризм даромадлари ўтган йилги кўрсаткични сақлаб қолиб, 25,8 миллиард АҚШ долларини ташкил этган.

Меҳмет Нури Эрсой 2026 йилнинг биринчи ярмида минтақавий кескинликлар ва глобал ноаниқликлар туризм талабига маълум даражада таъсир кўрсатганини билдирди.

Туркия ушбу можароларга аралашмаган ва барча авиакомпанияларимиз ҳамда аэропортларимиз узлуксиз ишлашда давом этган бўлса-да, Яқин Шарқ ҳаво ҳудудининг ёпилиши сайёҳлар оқимининг маълум даражада пасайишига олиб келди, - деди у. - 2025 йилнинг дастлабки олти ойида Туркия 26,4 миллион нафар сайёҳни қабул қилган бўлса, жорий йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 25,8 миллионни ташкил этди. Йилнинг иккинчи ярми эса ижобий бошланди ва мавжуд прогнозларга кўра, йил якунига қадар натижалар сезиларли даражада яхшиланиши кутилмоқда. Стратегик ташаббуслар натижасида туризм даромадларини 2025 йил даражасида сақлаб қолишга муваффақ бўлдик ва биринчи ярим йилликни 25,8 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги даромад билан якунладик.

Шунингдек, Туркияда сайёҳларнинг ўртача қолиш муддати ҳам ошди. Бу кўрсаткич 0,5 фоизга ортиб, 10,01 кечага етди. Бир кечага тўғри келадиган ўртача харажат эса 2,6 фоизга кўпайиб, 109 АҚШ долларини ташкил этган.

Туркияга энг кўп сайёҳ ташриф буюрган давлатлар таркиби ўзгаришсиз қолган. Биринчи ўринда Россия Федерацияси (2,65 миллион), ундан кейин Германия (2,44 миллион) ва Буюк Британия (1,58 миллион) қайд этилган.