Тиббиётда янгиликлар кўп, аммо тоғли ҳудуднинг ўз қонуни бор

“Салом, мен виртуал ёрдамчи Мухлисаман. Мен Сизга тезда шифокорни кўриш, рўйхатдан ўтиш, кассирга ташриф буюришга ёрдам бераман”.

DMED тизими ишга туширилгач, юртимизнинг қарийб барча бирламчи тиббиёт муассасаларига киришда мана шундай, Мухлиса исмли, сунъий интеллект томонидан яратилган қиз (қурилма) мурожаатчиларни электрон рўйхатга олишдан тортиб, муассасадаги тартиб-қоидаларгача тушунтирмоқда.
 
Жумладан, вилоятимизнинг чекка, Қўшработ туманидаги барча тиббий муассасаларда ҳам сизни Мухлиса кутиб олади. Бу жуда яхши тажриба, аммо шифокорнинг ўрни бўлак-да, нима дедингиз? Тиббиётдаги янгиликлар ушбу туманда қанчалик акс-садо бермоқда, бу соҳада ҳудудда нималар ўзгарди-ю, нималар ўзгармади, мақоламиз шу ҳақда.

Ва ниҳоят туманга МСКТ келди

- Бундан ўн йиллар аввал, энди иш бошлаган кезларим эди, - дея хотирлайди туман марказий шифохонаси бош шифокори ўринбосари Шерали Бувраев. – Кечқурун беморлар келиб қолса, навбатчиликда УТТ, рентген, травматолог мутахассиси бўлмасди. Шошилинч тарзда келган беморга ёрдам кўрсатиш шунчалик мушкул бир вазиятга айланиб кетарди. Фақат клиник белгиларга қараб ташхис қўйиб, даволашга киришардик. Ҳозир бу каби ҳолатларни ёшлар эшитса, бўлиши мумкин эмас, деб ҳайрон қолади. 

Бугун бу муаммолар нафақат барҳам топди, балки шароит ҳам яхшиланди.

Айни пайтда тумандаги 144 минг аҳолига 22 та оилавий поликлиника ҳамда битта марказий шифохона хизмат кўрсатади. Марказий шифохона 7 бўлимдан иборат бўлиб, яқинда реаблитaция бўлими ташкил этилиш арафасида. Аҳолига 140 нафар шифокор, 863 нафар ўрта тиббиёт ходими хизмат кўрсатади. 20 нафар шифокор бошқа туман ёки вилоятдан келиб фаолият кўрсатмоқда. Бизни бироз қийнайдиган масала, бирламчи тиббиёт тизимида 80 фоиз шифокорларнинг нафақа ёшида эканглиги. Бугун тиббиёт рақамлаштириляпти, уларни эса бу тизимга ўргатиш жуда қийин кечаяпти. Тўғри, ўтган йилдан бошлаб бирламчи тиббиётда фаолият кўрсатаётган шифокор, ҳамшираларнинг ойлик маоши илгаригидан 2-3 баравар ошди. Энди бу муаммони ҳал этиш имкони ҳам пайдо бўлди. Тиббиёт институтларида юзлаб қўшработлик талабалар таҳсил олади. Уларни ўз ҳудудига қайтиб ишлаши учун зарур чораларни ҳам кўряпмиз.

Кейинги йилларда шифохонага 30 га яқин янги тиббий аппаратлар келтирилди, улар орасида ЭКГ, УТТ, лаборатория жиҳозлари, рақамли ускуналар бор. Илк бор МСКТ (мультиспирал компьютер томографияси) аппарати келтирилди. Шу пайтгача беморлар ушбу кенг қамровли ташхисни амалга ошириш учун Иштихон тумани ёки вилоят марказига боришга мажбур бўларди. Шу йилнинг ўзида туманда 68 та лапарскопик жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Бир ойга келган шифокор бир йилга қолиб кетди

-2025-2026 йилларда “Ишонч-2030” дастури доирасида бўлимимизга 15 турдан ортиқ замонавий ускуналар ажратилди. Узоқ йиллар туман туғруқ бўлими моддий-техник базаси абгор аҳволда эди, - дейди туман марказий шифохонаси туғруқ бўлими мудири Дилшод Холдоров. - Интенсив чақалоқлар, реанимaция бўлимлари ташкил этилди. Кадрлар масаласига ҳам эътибор қаратилди. Мисол учун, ўзим ҳам Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиалида фаолият кўрсатаман. Ўтган йили бир ой муддатга, тумандаги она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш билан боғлиқ ишларни яхшилаш мақсадида шу ерга жўнатишганди. Аммо, мана, бир ярим йил вақт ўтдики, ҳамон шу ердаман.

Тўғри, шифокорлар етишмаслиги бор, аммо тан олиб айтиш керак, шароит илгаригидан кўра бир неча бараварга яхшиланган. Ушбу шароитлар туфайли 2025 йил ҳамда 2026 йилнинг ҳозирги даврига қадар туманда оналар ўлими кузатилмади. Аёлларда ўз саломатлигига эътибор кучайди.

Биринчи марта торч-инфекцияларини туманда текширяпмиз

- Бир кунда 500 нафар кишининг 32 хил таҳлилларини амалга оширамиз, шу йилдан бошлаб тунги сменада ҳам врачлар фаолияти йўлга қўйилди, - дейди туман марказий шифохонаси лаборатория бўлими мудири Гулшода Сайдинова. – Лабораториямиз бу йил бутунлай янги аппаратлар билан таъминланди. Биргина замонавий таҳлил ускунаси орқали 22 хил анализларни амалга ошириш мумкин. Муҳими, ушбу таҳлиллар тўғридан-тўғри DMED тизимига киритилади ва керакли манзилга жўнатилади. ИФА анализлари, серологик таҳлиллар амалга ошириляпти, биринчи марта торч-инфекцияларини туманда текширяпмиз.

Зарур штатлар қисқарди

- 10 километргача бўлган радиусда жойлашган 12 минг 600 нафар аҳолига хизмат кўрсатамиз, - дейди Заркент оилавий поликлиникаси бош шифокори Холдор Ибрагимов. – Тўртта бригада ташкил этилган бўлиб, ҳар бир бригадада бир нафар шифокор, амалиётчи ва уч нафар ҳамшира бор. Улар маълум бир ҳудуддаги 3 минг аҳолига хизмат кўрсатади. Аҳолимизнинг катта қисми конда ишлагани учун асосан таянч-ҳаракат тизими ҳамда нафас олиш йўлларидаги хасталикдан азият чекади.

Тизимдаги баъзи ўзгаришлар туфайли бугун поликлиникалардаги аксар тор мутахассислар штатлари қисқартирилди. Хусусан, терапевт, хирург каби мутахассислар лозим бўлса, аҳоли туман марказига боришга мажбур. Умуман, шифокор масаласида бизда ҳам муаммолар бор. Мисол учун, педиатримиз пенсия ёшида анча кексайиб қолган. Лекин келиб ишлашини илтимос қилиб ўтирибмиз. Гинеколог мутахассисимиз эса хусусий клиникада фаолият кўрсатади, уни ҳам қонун доирасида, куннинг маълум бир вақтида чақиртириб ишлатишга мажбурмиз. 

DMED тизими ишга тушгани жуда қулай, аммо алоқа ҳар доим ҳам яхши ишламагани туфайли баъзида мурожаатчилар кутиб қолади. Кейинги йилларда бирламчи тизимдаги яна бир муҳим янгилик - таҳлиллар марказлашган ҳолда амалга оширилиши бўлди. Тўғри, марказий лабораториялар бунинг учун янги, замонавий ускуналар билан жиҳозланди, таҳлиллар аниқлиги бир неча баравар ўсди. Бугун ҳаётимиздаги тезкорлик тиббиётга, одамлар ҳаётига ҳам бевосита таъсир қилмоқда. Яъни, одамлар энди қон топшириб, унинг жавобини икки соатда билишни истайди, биз эса бу имкониятни яратиб беролмаймиз, натижада улар пул сарфлашга ҳам рози бўлиб, хусусий клиникаларга кетмоқда. Балки, кейинги босқичларда шундай жиҳозлар оилавий поликлиникаларнинг ўзида ҳам ташкил этилар, деган умидларимиз йўқ эмас.

Яна бир муҳим янгиликлардан бири патронаж ҳамширалар фаолияти билан боғлиқ. Илгари патронаж ҳамширалар уйма-уй юргани билан аниқ бир юклама бажармасди. Айни пайтда улар маълум бир саволлар билан, аниқ топшириқлар асосида хонадонларда бўлаяпти ва бу саволларга жавоб ҳисобот шаклида улардан сўраляпти. Бу хонадонлардаги тиббий маданиятни ўрганиш ва таҳлил этишда жуда муҳим.

Тайёр поликлиника ёпилди

Ушбу поликлиника аслида туман марказига унчалик узоқ эмас, чиқса 10-15 километр узоқликда эди. Аммо Қўшработда туман марказидан 90-100 километр узоқликдаги масофада жойлашган оилавий поликлиникалар ҳам бор. Энг қизиғи, бор, деб ҳам бўлмайди. Чунки бирламчи тиббиёт соҳасидаги баъзи ўзгаришлар туфайли шу йил ушбу поликлиника фаолияти тўхтатилди. Сабаби, низомга кўра, уч минг аҳолиси мавжуд  бўлган ҳудуддагина поликлиника тўлақонли иш олиб бориши мумкин. Туман марказидан қарийб 100 километр узоқликда бўлган Жонбулоқда 2400 аҳоли ҳамда Минишкор маҳалласида 2 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Уч минг эмас-да! Демак, мумкин эмас. Ваҳоланки, бу ҳудудга бориб келиш учун биз кўникиб қолган теп-текис асфальт йўлда эмас, ўнқир-чўнқир тоғ йўлларидан ўтишга тўғри келади. Қиш, ёмғирли кунларда аҳолининг бу ердан бориши лозим бўлган энг яқин поликлиника ҳам камида 40 километрни ташкил этади. “Бу ердаги аҳоли жуда қийналяпти. Бу ҳақдаги таклифларимизни айтганмиз, инобатга олинади, деган умиддамиз”, дейди қўшработлик тиббиётчилар.

***

Ҳа, ўзгаришлар бор, янгиликлар кўзга ташланмоқда. Аммо баъзи янгиликларни бутун мамлакат миқёсида татбиқ этиш қанчалик тўғри? Қўшработ каби тоғли, аҳоли тарқоқ яшайдиган ҳудудлар мисолида бу масалага алоҳида ёндашув лозим, айнан шу ҳудудлар бўйича ечим таклиф этиш керак, назаримизда. Мутахассислар ҳам шундай фикрда.

Гулруҳ Мўминова.