Энг йирик нефть заводига ҳужум ва уруш тақдири: Путин қачон жангларни тўхтатиши мумкин?
Россиянинг тўртинчи йирик нефтни қайта ишлаш заводларидан бири ҳисобланган «Лукойл» корхонаси Украина дронлари ҳужумидан кейин нефтни қайта ишлашни вақтинча тўхтатди.
Нижегород вилоятининг Кстово шаҳрида жойлашган мазкур завод Россияда бензин ишлаб чиқариш бўйича етакчи корхоналардан бири саналади.
Сўнгги кунларда Россиянинг ёқилғи-энергетика соҳасига тегишли бошқа стратегик объектлар ҳам ҳаво ҳужумларига учради. Ростов вилояти, Краснодар ўлкаси ҳамда Астрахань газни қайта ишлаш заводида ҳам зарар қайд этилгани хабар қилинди. Мутахассислар бу каби ҳужумлар Россиянинг ёқилғи таъминоти ва экспорт имкониятларига босимни кучайтириши мумкинлигини таъкидламоқда.
Шу билан бирга, Россияда янги мобилизация эълон қилиниши ҳақидаги миш-мишлар ҳам кенг тарқалди. Бунга Украина президенти Владимир Зеленскийнинг баёнотлари ва айрим Ғарб нашрларида Москва Давлат Думаси сайловларидан кейин яна 300 минг нафаргача шахсни сафарбар этиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар сабаб бўлган. Бироқ Кремль бу маълумотларни рад этди.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков айтишича, ҳозирда мамлакатда қўшимча сафарбарликка эҳтиёж йўқ, чунки армия шартнома асосида хизматга кирувчилар ва кўнгиллилар ҳисобига тўлдирилмоқда.
Айни пайтда Россия ва Украина ўртасидаги урушнинг қачон якунланиши масаласи ҳам муҳокамалар марказида қолмоқда. Россия президенти Владимир Путин Украина қиш мавсумини енгиб ўтса ва Россия ҳудудидаги ҳарбий объектлар ҳамда нефть инфратузилмасига узоқ масофадан зарба бериш имкониятини сақлаб қолса, 2027 йил ўрталарида урушни тугатишга рози бўлиши мумкин. The Atlantic нашрига кўра, Россия армияси катта йўқотишларга учраётгани ва фронтдаги силжиш чеклангани Кремль учун муаммо бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, Москва қишда Украина энергетика инфратузилмасига ҳужумларни кучайтириши ва армияни тўлдириш учун янги сафарбарликка тайёргарлик кўриши мумкин.
Нашрнинг фикрича, агар Украина қишки босимга бардош берса, Путин 2027 йил ўрталарига келиб стратегияни ўзгартириш ҳақида қарор қабул қилиши эҳтимолдан холи эмас. Кремль, шунингдек, Дональд Трамп маъмурияти даврида келишувга эришишдан манфаатдор бўлиши мумкин. Эҳтимолий келишув санкцияларни юмшатиш, АҚШ билан муносабатларни яхшилаш ва Россиянинг G7 гуруҳига қайтиш имкониятларини очиши мумкин. Нашр яқинда ЦРУ директори Жон Рэтклиффнинг Москвага расман эълон қилинмаган ташрифи ҳам можаро атрофидаги музокаралар билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини таъкидлайди.