ОҲТМда ўқиш: Энди бир босқичдан муваффақиятли ўта олмаган номзод (курсант) кейинги босқичга қўйилмайди

Ҳукумат қарори билан Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларида ўқишга номзодларни саралаб олиш ва қабул қилиш, курсантларни ўқишдан четлаштириш ва қайта тиклаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Низомга кўра, олий ҳарбий таълим муассасалари (ОҲТМ)да ўқишга саралаб олиш ва қабул қилиш Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари томонидан амалга оширилади.

Саралаб олиш тадбирлари қуйидаги босқичларда амалга оширилади:

- ҳарбий-профессионал йўналтириш;
- дастлабки саралаб олиш;
- тест синовлари.

Бир босқичдан муваффақиятли ўта олмаган номзодлар кейинги босқичга қўйилмайди.

Номзодлар яшаш жойидаги мудофаа ишлари бўлимларига ариза билан, ҳарбий хизматчилар эса хизмат жойидаги тегишли командир (бошлиқ) номига билдирги билан мурожаат қилади.

Аризалар (билдиргилар) қабул йилининг 1 февралидан 31 мартигача (шу куни ҳам) қабул қилинади.

Дастлабки саралаб олиш тадбирлари қуйидаги икки босқичда ўтказилади:

биринчи босқич фуқаро ёшлар (талабалар) учун – мудофаа ишлари бўлимларида, ҳарбий хизматчилар учун – хизматни ўташ жойида 1 февралдан 10 апрелгача (шу куни ҳам);

иккинчи босқич фуқаро ёшлар (талабалар) ва ҳарбий хизматчилар учун – мудофаа ишлари бошқармалари ва Мудофаа вазирлигининг ҳарбий-тиббий муассасаларида 11 апрелдан 31 майгача (шу куни ҳам).

ОҲТМга тест синовларисиз кириш имтиёзига эга бўлган номзодлар тўғрисидаги маълумотлар қабул йилининг 25 июнигача Давлат тест марказига тақдим этилади.

Чет тилини билиш бўйича камида В2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификат тақдим этганларга чет тили фанидан тўплаш мумкин бўлган максимал балл қўйилади ҳамда улар чет тили фанидан тест синови топширмайди.

ОҲТМда тест синовлари ҳар йили июль-август ойларида номзодлар танлаган ҳудудларда ўтказилади.