Оилангиз билан қачон саёҳатга чиққансиз?

Кўпчилигимиз Саёҳат қилиш учун жуда кўп пул керак ёки Вақтим йўқ”, деб баҳона қиламиз. Лекин оилавий саёҳат — бу албатта чет элга бориш ёки беш юлдузли меҳмонхонада яшаш дегани эмас. Бу шунчаки оила аъзоларининг бир-бирига вақт ажратишидир.

Аслида эса саёҳат — бу муҳитнинг ўзгариши. Бу кундалик маиший муаммолардан узилиб, яқинларингизнинг кўзига тикроқ боқиш, уларнинг ички дунёсини қайта кашф этиш имкониятидир.

Нима учун оилавий саёҳат муҳим?

Иш, рўзғор ташвишлари ва кундалик югур-югурлар орасида энг қимматли бойлигимиз — оиламизга ажратадиган вақтимиз камайиб бораётгандек. “Оила билан қачон саёҳатга чиққансиз?” деган савол эса нафақат хотираларни уйғотувчи, балки бизни чуқур мушоҳадага чорловчи саволдир. Зеро, одатда оилавий саёҳатнинг аҳамияти, унинг руҳий тарбиядаги ўрни ва унутилмас хотиралар яратиши ҳақида мушоҳада юритмаймиз.

Ваҳоланки, уйда биз одатда “Овқатландингми?”, “Дарсларинг нима бўлди?” каби навбатчи саволлар билан чекланамиз. Саёҳатда эса биргаликда ҳис қилинган қувонч ва қизиқиш оила аъзоларини бир-бирига яқинлаштиради. Бундан ташқари, болалар учун дунё фақат мактаб ва уйдан иборат эмаслигини кўриш энг катта дарс эмасми?

Мутахассисларнинг фикрича, табиат қўйнида ёки тарихий обидалар орасида ўтказилган вақт мияни дам олдиради ва ўзаро муносабатлардаги тарангликни юмшатади.

Тарбия мактаби ...

Оилавий саёҳат мавзусида психолог Раъно Исроилова шундай фикр билдиради:

“Ота-она ва фарзанд ўртасидаги меҳр ришталари кундалик югур-югурлар орасида заифлашиб қолади. Уйда биз кўпинча бир-биримизга буйруқ берамиз ёки дакки берамиз. Саёҳатда эса ота-она ҳам, бола ҳам эркин бўлади. Биргаликда қийинчиликни енгиш ёки янги жойни кўриш боланинг руҳиятида “Менинг оилам — менинг суянчим” деган туйғуни мустаҳкамлайди. Бундай болалар келажакда ўзларига ишонувчан бўлиб вояга етишади”.

Саёҳат давомида болалар кутилмаган вазиятларда қарор қабул қилишни, қийинчиликларга чидашни ва янги инсонлар билан мулоқот қилишни ўрганади.

Шунингдек, болада масъулиятни ошириш учун ўз сумкасини йиғишни ёки йўл давомида ичимлик суви учун жавобгар бўлишни топширинг. Асосийси, сафар давомида узоқ йўл юриш ва навбатда туриш болаларда сабр-тоқатни шакллантиради. Бошқа жойлардаги ҳаёт тарзини кўрган бола ўз уйидаги шароитларни кўпроқ қадрлай бошлайди.

- Машинамда кўп оилаларни бир манзилдан иккинчи манзилга олиб бориб қўйганман, - дейди узоқ вақт таксичилик қилган Аброр ака оилавий саёҳат борасида ўз кузатувлари билан ўртоқлашаркан. - Баъзи ота-оналарни йўл бўйи телефондан боши чиқмайди, болалари эса деразадан қараб зерикиб кетишади. Лекин шундай оилалар борки, йўл бўйи ашула айтади, бир-бирига мева арчиб беради. Улар машинамдан тушиб кетаётганда юзларидан нур ёғилади. Саёҳатнинг файзи қиммат машинада эмас, балки машина ичидаги меҳр-оқибатда эканлигини ўшанда тушунаман.

Қандай ташкил қиламиз?

Агар оилавий саёҳатга чиқишга қарор қилган бўлсангиз, қуйидаги оддий қоидаларга амал қилинг:

Агар маблағингиз етмаса, қўшни тумандаги чиройли боққа ёки яқин атрофдаги тоққа чиқинг. Муҳими, бирга бўлиш.

“Қаерга борамиз? Егани нима оламиз?” деб болалардан ҳам сўранг. Бу уларга масъулият ҳиссини беради.

Ҳеч бўлмаса бир кун ижтимоий тармоқлардан дам олинг. Расмга тушишга эмас, балки фарзандингиз билан гаплашишга вақт ажратинг.

Унутманг, табиат қўйнида биргаликда овқат қилиш ёки дастурхон ёзиш оилани жуда яқинлаштиради!

Болалар жуда тез улғаяди. Бугун сиз билан тоққа чиқиб, капалак қувиб юрган ўғлингиз эртага катта йигит бўлиб, ўз иши билан банд бўлиб қолади. Ўшанда сиз пулингиз кўплигини эмас, балки вақтида фарзандингиз билан мазза қилиб дам олганингизни қўмсайсиз.

Оилавий саёҳат — бу хотиралар хазинасига қўйилган олтиндир. Унинг қиймати йиллар ўтган сари фақат ошиб боради. Шундай экан, келаси дам олиш кунини уйда диванда ётиб эмас, яқинларингиз билан кўчада, тоза ҳавода ўтказинг!

Энг яхши вақт ҳозир

“Қачондир борармиз”, “Ишлар камайсин”, “Болалар сал катта бўлсин” — бу гаплар саёҳатни орқага сурувчи энг катта тўсиқлар. Иш ҳеч қачон тугамайди, болалар эса жуда тез улғаяди.

Оила билан саёҳатга чиқиш бу шунчаки дам олиш эмас, келажак учун киритилган энг катта сармоя. Чунки йиллар ўтиб сизни на мансабингиз, на йиққан пулингиз иситади. Сизни фақат яқинларингиз билан бирга кечирган бахтли дамларингиз, кулиб тушган суратларингиз ва “Эсингдами, ўшанда...” деб бошланадиган ширин хотираларингиз қувонтиради.

Шундай экан, яқин кунлар ичида оилангиз учун бир кун бўлса ҳам “саёҳат куни”ни белгиланг. Улар бунга лойиқ, сиз бунга қодирсиз!

Ёқубжон Марқаев.