Туризм салоҳиятимиз юқори, гап ундан қонуний ва самарали фойдаланишда

Хабар берганимиздек, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги туризмни ривожлантириш кенгашининг навбатдаги муҳокамаси Имом Бухорий мажмуасида ўтказилди.

Вилоят ҳокими Адиз Бобоев иштирокида ўтказилган тадбирда соҳада амалга оширилаётган ишлар, янги лойиҳалар, мавжуд муаммо ва камчиликлар кенгаш аъзолари, тегишли идоралар ва тармоқлар масъуллари, туманлар ҳокимлари ҳамда туризм йўналишида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар билан бирга муҳокама қилинди.

Йиғилиш аввалида вилоят туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жўрабек Суюнов ўтган йил амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берди.

Таъкидланишича, 2025 йилда вилоятга 3 миллиондан ортиқ хорижий ҳамда 5 миллион 300 минг нафар маҳаллий сайёҳ ташриф буюрган ва 2024 йилга нисбатан кўрсаткич 25 фоизга ошган. Туризм хизматлари экспорти ҳажми 621,1 миллион АҚШ долларига етган.

– Бу йил сайёҳлар оқимини янада ошириш мақсадида қатор йирик лойиҳалар ҳамда халқаро тадбирлар режалаштирилган, - дейди Ж.Суюнов. - Хусусан, Имом Бухорий ва Имом Мотуридий мажмуалари фойдаланишга топширилиши муносабати билан зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида Индонезия ва Малайзия авиакомпаниялари билан Самарқандга тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича иш олиб боряпмиз. Бундан ташқари, “Шарқ таомлари” халқаро фестивали, “Шарқ ширинликлари” кўргазмаси, параплан, ҳаво шари, авто-мото дрифт шоу ва этно ўйинлар ўтказиш режалаштирилган. Самарқанд шаҳрида сайёҳлар учун вертолётда сайр қилиш хизмати ҳам йўлга қўйилади.

Ҳудудларда ҳам қатор янги туристик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, Булунғур туманидаги “Шероз қалъа” археологик ёдгорлиги ҳудудида этноқишлоқ, Ургут тумани Узунсой маҳалласида эковиллаж ва ҳаво шарида учиш хизматлари, Каттақўрғон сув омбори ҳудудида ботел ва пляж, Нуробод тумани Меҳнаткаш ҳудудида замонавий дам олиш ва соғломлаштириш масканлари барпо этилади. Қўшработ туманининг Пангат қишлоғидан Навоий вилоятининг Сентоп туризм қишлоғигача янги йўналиш очилиб, экстремал туризм ривожлантирилади. Тойлоқ туманидаги ўрмон хўжалиги ҳудудида эса табиат қўйнида дам олишга мўлжалланган туристик лойиҳа амалга оширилади.

Мулоқот давомида тизимдаги қатор муаммо ва камчиликлар ҳам мутасаддилар иштирокида танқидий муҳокама қилинди. Хусусан, соҳа яширин иқтисодиётга барҳам бериш, меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситаларида хизматлар сифатининг пастлиги, меҳмонхоналарнинг фақат ётоқхонага айланиб қолгани, ходимларнинг муомала маданияти ва билими талаб даражада эмаслиги, сайёҳларга кўрсатилаётган хизматлар ҳажми ҳамда тушумлар камайиб бораётгани қайд этилди.

Вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Фаррух Бобоевнинг маълум қилишича, айрим тадбиркорлар меҳмонхона нархларини ҳисоботда арзон кўрсатиб, аслида юқори нархларда хизмат кўрсатмоқда. Шунингдек, ходимлар сонини кам ёки ортиқча кўрсатиш орқали реал даромадларни яшириш ҳолатлари аниқланган. Масалан, тадбиркорлардан бири йил давомида 23 миллиард сўм даромад олган бўлса-да ҳисоботда фақат уч нафар ходим фаолият юритишини кўрсатган.

Вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Якуб Мирзараҳимов ўтган йилги мониторинг тадбирлари давомида хорижий фуқаролар томонидан 385 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланганини маълум қилди. Бу, асосан, сайёҳларнинг божхона қонун-қоидалари ҳамда юртимизга олиб кириш ва олиб кетиш мумкин бўлган маҳсулотлар меъёрлари ҳақида етарли тушунчага эга эмаслиги, туристик компаниялари билан ҳамкорлик самарали йўлга қўйилмагани билан боғлиқлигини қайд этди.

Йиғилишда Самарқанд тажрибаси сифатида «Самарқанд туризм корпорацияси» лойиҳаси тақдимот қилинди.

– Хитойнинг “Xi'an Tourism Group” тажрибаси асосида вилоят туризм бошқармаси билан ҳамкорликда вилоятдаги туризм соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорларни бирлаштириш орқали рақобатбардош лойиҳа яратишни мақсад қилганмиз, - дейди “Shahrezada Sam Star Tour Discover” компанияси раҳбари Толиб Жаҳонгиров. – Бунда Самарқанддаги меҳмонхона, ресторан ва туристик транспорт корхоналарини ягона корхона шаклида бирлаштириш кўзда тутилган. Илк лойиҳа сифатида “STK” бренди остида муаллифлик фестиваллари, логистика маркази, тур пакетлар асосида кириш, авиакасса, чиқиш ва ички туризм йўналишларида тур пакетлар тақдим қилинади. Кейинчалик шу бренд билан кластер ташкил қилиш орқали меҳмонхона ва ресторанлар тармоғи, туроператорлик, туризм қишлоқлари фаолиятини йўлга қўйиш ва бошқарувини мувофиқлаштириш режалаштирилган.

Вилоят ҳокими А.Бобоев билдирилган фикрлар ва таклифлар асосида туризм соҳасидаги камчиликларни бартараф этиш, хизматлар сифатини ошириш, яширин иқтисодиётга барҳам бериш, тадбиркорлар билан ҳамкорликни кучайтириш ҳамда белгиланган лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш юзасидан мутасадди ташкилотлар ва масъул раҳбарларга топшириқлар берди.

- Кўриниб турибдики, туризм бошқармаси билан туристик компания ва фирмалар ўртасида ҳамкорлик етарли даражада йўлга қўйилмаган, - деди А.Бобоев. - Айнан шу сабабли сайёҳларни кўпроқ жалб қилиш, янги туристик маршрутлар яратиш ва мавжуд йўналишларни бойитиш бўйича аниқ ташаббуслар кам. Ҳолбуки, туманлардаги мавжуд салоҳиятни туристик маршрутларга қўшиш орқали сайёҳларнинг вилоятда қолиш муддатини бир неча кунга узайтириш имконияти бор. Шу боис барча манфаатдор томонлар ўзаро бирлашиб, самарали ҳамкорлик қилиши ва лойиҳаларни босқичма-босқич амалга ошириши лозим.

Мулоқот якунида белгиланган вазифалар ижросини доимий назорат қилиш ва эришилган натижаларна ҳар чорак якунида муҳокама қилиб боришга келишиб олинди.

Фазлиддин Рўзибоев.